Ўзбекистон | 14:07 / 05.08.2022
10862
6 дақиқада ўқилади

Декларациялаш қонунидан ҳамон дарак йўқ. Бурҳонов лойиҳага халқаро экспертлардан эътирозлар бўлганини айтди

2021 йил ёзида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши керак бўлган, давлат хизматчиларининг бойлигини халққа очиқлашга оид қонун, Аксилкоррупция агентлиги директорининг айтишича, ҳамон “такомилига етказилмоқда”. Лойиҳа халқаро ташкилотларга икки марта тақдим этилган ва улар томонидан танқидга учраган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2021 йил 7 сентябрга қадар “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак эди.

Ўтган йили 6 сентябрда қабул қилинган президент фармонида шундай вазифа белгиланган. Бироқ бу вазифа орадан бир йил ўтганига қарамай, ҳалигача бажарилмади: қонундан дарак йўқ, у муҳокамага чиқарилмади.

Қолаверса, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларидан бири ҳисобланадиган декларациялаш тартиби 2022 йил 1 январдан кучга кириши керак эди.

Агентлик директори Акмал Бурҳонов 4 август кунги интервюсида тизим ишлаши учун техник имкониятлар тайёр бўлгани, бироқ қонун лойиҳаси ҳали “такомилига етказилаётгани”ни айтди.

“Жаҳон банки экспертлари ёрдами билан Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш бўйича тизимни яратдик. Бунда 40 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базасига интеграция қилиш масаласи, қандай топширади, ҳаттоки намунавий декларация тўлдириш шаклларигача бўлган тизимни яратдик. Чунки қонун қабул қилинганидан кейин у тизим бўлмаса, у қонун ишламайди.

Бугунги кунда техник масалалар кўриб чиқиляпти ва қонун лойиҳаси ҳам такомилига етказилмоқда. Бу лойиҳани икки маротаба халқаро ташкилотларга тақдим қилганимизда улар томонидан эътирозлар билдирилди. Таклифлар ва тавсиялар асосида такомилига етказилмоқда.

Биринчи қадам қўйилди. Куни кеча Сенат томонидан маъқулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда давлат фуқаролик хизматида ишлаётган барча ходимлар ўз мол-мулкларини мажбурий декларациялаши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилди”, – дея Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Орган раҳбарининг айтишича, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзолангач 6 ойдан сўнг кучга киради. Қонунда мажбурий декларациялаш тизими алоҳида қонун билан тартибга солиниши белгиланган.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун кучга киргунга қадар биз имкон қадар ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳаракат қиламиз”, – деди Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, активлари ва даромадлари бўйича декларация топшириш талаби қўйиладиган давлат хизматчиларининг тоифалари юқоридан пастга қараб босқичма-босқич кенгайтириб борилиши кутилмоқда. Яъни 118 минг нафар давлат хизматчиси бир вақтда декларация тўлдиришни бошламайди.

Фармонда 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.

Акмал Бурҳонов интервюларидан бирида амалдорлар топширган декларациялар барча учун очиқ платформага жойланишини билдирган. У мажбурий декларация топширадиган давлат хизматчиларининг қариндошлари доираси торлигига изоҳ бераркан, бу тоифалар рўйхати келгусида кенгайиши мумкинлигини айтганди.

Кейинчалик агентлик директори янги тизимни 2022 йил 1 январдан ишга туширишга кўрсатма берилган бўлса ҳам, давлат хизматчиларига декларацияларни тайёрлаш учун апрелгача вақт бериш режалаштирилганини маълум қилганди.

Бурҳонов жорий йил март ойида топшириқ ижросига улгуришмаётгани, лекин давлат хизматчиларининг 2022 йил 1 январдан бошлаб олган мол-мулклари ва даромадлари албатта ҳисобга олиниши ва очиқланишини таъкидлаганди.

“2022 йил январдан ҳисоби бошланди, фақат ҳуқуқий асоси ва техник регламентлари керак. Булар ҳозир ишлаб чиқиляпти, биз алоҳида платформа яратяпмиз. Қонун кучга кирганда бу маълумотларнинг очиқланиш муддати кўрсатиб ўтилади. Биз 1 апрелдан деган эдик, тўғрисини айтсам, улгурмаяпмиз. Июндан, июлдан бўлар, балки йил охирида. Лекин [бу қонун бўйича] 2022 йилдаги даромадлари очиқланади”, деганди аксилкоррупцион орган директори.

Маълумот учун, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, пул маблағларини сақлаш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ҳам тақиқланган.

4 август кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев давлат хизмати ва маъмурий ислоҳотларни тезлаштиришга кўрсатма берди.

  •  Куни кеча коррупционерлар Ўзбекистонга етказган зарар миқдори 1 йилда 3 баробарга ошгани маълум бўлди. 2021 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида давлат ва жамиятга етказилгани ҳисобланган зарар миқдори – 1,3 триллион сўм.
  • 3 август куни имзоланган қонун билан очиқлик сиёсатини бузганлик учун жавобгарлик киритилди. Жазо – 900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача маъмурий жарима.
  • “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун эса ўтган ойда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.
  • Жаҳон банкининг Ўзбекистонга оид сўнгги ҳисоботида мамлакатда олигархия вужудга келиши хавфи юқори деб баҳоланган.

Мавзуга оид