Ўзбекистон | 21:45 / 07.08.2022
12484
7 дақиқада ўқилади

Блокдан озод қилинган Twitter ва Чилонзордаги дарахткушлик — Ўзбекистон ҳафта ичида

Якунланган ҳафта Twitter ва бошқа айрим ижтимоий тармоқлар блокировкадан чиқарилиши, Сенатнинг бир қатор қонун лойиҳаларини рад этиши ва Чилонзорда дарахтларга зарар етказилиши билан ёдда қолди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб Twitter, WeChat ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига қўйилган тўсиқлар олиб ташланди.

«Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», — дея баёнот берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Конституцияга таклиф қабул қилиш тўхтатилди

«Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига таклифларни қабул қилиш 1 август соат 00:00 дан тўхтатилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Воз кечилаётган эскилик сарқити

1 ноябрдан эски «объективка»дан воз кечилиб, ходимни баҳолайдиган янги тизимга ўтилади. Президент ўтказган йиғилишда эски намунадаги «объективка»дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходим малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилиши, ишга қабул қилинаётган ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шартлиги белгилаб берилди.

Давлат хизматига ишга киришдаги барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўз администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовга йил якунига қадар ихчам, профессионал, адолатли, натижага ишлайдиган бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича маъмурий ислоҳотларни якунига етказиш топшириғини берди.

Уйғонаётган Сенат

4 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда сенаторлар 4та қонунни рад этди. Ёппасига бунча қонуннинг рад этилиши Сенат тарихида илгари кузатилмаганди.

Сенатнинг 29-ялпи мажлисида маъқулланган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

Сенатнинг 29-ялпи мажлиси бир қатор қонун лойиҳаларини рад этиши билан ёдда қолди. Ялпи мажлисида муҳокама қилинган Уй-жой кодексини «Қатор моддаларда давлат органларига чекланмаган ваколатлар берилган», важи билан такомилига етказиш мақсадга мувофиқ деб топилди ҳамда Кодекс сенаторлар томонидан рад этилди. Шунингдек, сенаторлар никоҳланувчилар тиббий кўрикдан сўнг 1 ой кутмасдан никоҳдан ўтишига доир қонун рад қилишди.

Чилонзордаги дарахткушлик

Тошкент шаҳри расмийлари автомобиллар 4 қатор бўлиб юрадиган Чилонзор кўчасини яна ҳам кенгайтиришга қарор қилди. Оқибатда кўчанинг икки бетидаги юздан ортиқ кўп йиллик дарахтлар хавф остида қолди. Аксариятини эман ташкил этувчи дарахтлар илдизларининг бир қисми қўпориб ташланди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бирламчи тафтишда дарахтлардан камида 7 таси жиддий зарарлангани, 99 та дарахтда шикастланиш хавфи борлиги аниқланган.

Фото: KUN.UZ

Чилонзорда кўп йиллик дарахтларга зиён етказилгани бўйича жиноят иши очилган. Зудлик билан чора кўрилмаган тақдирда дарахтлар қуриши ва табиатга 348,9 млн сўмлик зарар етиши мумкинлиги соҳа мутахассислари томонидан аниқланган.

Жиноят ва жазо

Тошкентда 14 ёшли қизни жинсий алоқа қилишга кўндирган уч эркак муддатидан аввал озод қилингани ижтимоий тармоқларда катта резонанас келтириб чиқарди. Жиноятчилардан бири 4 йиллик қамоқ жазосининг 1 йилини, қолган икки нафари эса 2 йиллик қамоқ жазосининг 6 ойини ўтаган ва шартли равишда озодликка чиқарилган.

Саида Мирзиёева ушбу воқеага ўз муносабатини билдириб, вояга етмаганларга қарши жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга чақирди. «Келинг, зўравонларга эмас, болаларга ғамхўрлик қилайлик», деди у.

Абитуриент-2022

8 августдан бошлаб олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланади. Тест синовларини ўтказиш учун 58 та стадион ва хиёбон тайёрланган. Бунда, 1 сменада 1 614 та гуруҳда 48 420 нафар, 1 кунда (2 сменада) 3 228 та гуруҳда 96 840 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади.

Фото: KUN.UZ

Давлат тест маркази 2022-2023 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунлари бўйича маълумот берди. 2022/23 ўқув йили учун олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган ва тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентлар сони 1 млн 146 минг 744 нафарни ташкил этди. (Биринчи таълим йўналишига нисбатан: кундузги — 585 669 нафар; сиртқи — 528 839 нафар; кечки — 25 369 нафар; масофавий — 6 867 нафар).

Фото: KUN.UZ

Абитуриентлар томонидан энг кўп танланган олий таълим муассасалари (1-таълим йўналишига нисбатан):

  • Ўзбекистон миллий университети — 41 577 нафар;
  • Тошкент давлат педагогика университети — 40 523 нафар;
  • Наманган давлат университети — 37 267 нафар;

Республика ичидаги ОТМлараро ўқишни кўчиришга ариза берган, лекин рад жавобини олган фуқароларга аризасини 10 августгача қайта таҳрирлаш имконияти берилди.

«Табаррук зиёрат» бренди яратилади

Туркий дунё доирасида «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси тасдиқланди. Президентнинг «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра тасдиқланган концепция доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказилади.

Бошқа муҳим хабарлар

ШҲТ давлат раҳбарларининг шу йил 15-16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилиши тўғрисида уч томонлама ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Бу темирйўл йўлагининг Транскавказ йўлаги билан боғланиши мамлакатлар ўртасида ягона транспорт тармоғини яратади ва Хитойдан Европага савдо географиясини кенгайтиради.

Фото: Reuters

«Ўзбекистон – Озарбойжон – Туркия» форматидаги биринчи йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов трансафғон йўлаги энг йирик субминтақалар ўртасида юк ташиш вақтини ва нархини камайтиришини таъкидлаган. «Толибон» ҳаракати вакиллари «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш Афғонистонни қайта тиклаш учун катта стратегик аҳамиятга эга, деган фикрга келган. 

Мавзуга оид