Ўзбекистон | 18:00 / 09.08.2022
53496
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги сув тақчиллиги: эҳтимолий қурғоқчилик ва кескинлашаётган экологик муаммолар

Тадқиқотларга кўра, яқин 20 йил ичида Ўзбекистонда сувга бўлган талаб сезиларли ошади ва мавжуд сув ресурслари кескин камаяди, бу эса жорий сув танқислигини беш баробаргача оширади. Бу даврга бориб Ўзбекистон сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига киради. Сувсизликнинг эҳтимолий сценарийлари қандай бўлади?

Аҳолининг табиий ўсиши ва сув истеъмоли кўпайиши, иқлим ўзгариши натижасида аномал иссиқ об-ҳаво янги меъёрга айланиб бораётгани, қорли кунлар сони қисқариши, шунингдек, сув ресурсларидан иррационал фойдаланиш ортидан Марказий Осиёда жиддий экологик муаммолар ва сув танқислиги юзага келмоқда.

Сув тақчиллигининг минтақавий жиҳатлари

Марказий Осиё океан ва денгизлардан олисда жойлашган, қурғоқчил ҳудуд бўлгани сабаб, бу ерда сув манбалари стратегик аҳамият касб этади. Минтақа давлатлари сув ресурслари нуқтайи назаридан иккига ажратилади. Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби давлатлар «қуйи оқим», Тожикистон ва Қирғизистон эса «юқори оқим» мамлакатлар сифатида кўрилади.

Таъминот жиҳатдан биринчи гуруҳдаги мамлакатлар иккинчи гуруҳдаги мамлакатларга боғланган. Хусусан, Ўзбекистонда фойдаланилаётган жами сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакат ичкарисида, 80 фоизи эса қўшни Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида шаклланади. Нисбатан камбағал ҳисобланадиган «юқори оқим»даги ушбу икки давлат ГЭС ва сув омборлари қуриш орқали кўпроқ электр энергия ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилишдан манфаатдор, бу эса минтақадаги бошқа мамлакатларда қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ушбу жиҳат кўп йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги зиддият ва келишмовчиликнинг асосий илдизи бўлиб келди, сув манбалари сабаб минтақада юзага келган вазиятдан йирик давлатлар сиёсий таъсир кўрсатиш қуроли сифатида ҳам фойдаланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилган «сув дипломатияси» минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишдаги кескинликни сезиларли даражада юмшатган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида халқаро стандартларга асосланган сувдан фойдаланишнинг умумий қоидалари ишлаб чиқилмаган.

Жаҳон банки экспертларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилда Марказий Осиёда чучук сув тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин. 

Сув танқислиги кучайиб бориши сабаб юқори оқимдаги давлатлар ва қуйи оқимдаги давлатлар ўртасида қуйидаги масалаларда муаммоли вазиятлар юзага келиш эҳтимоли мавжуд:

  • трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан бир томонлама ва келишилмаган ҳолда бошқаришга интилишнинг кучайиши;
  • сувни тижоратлаштириш ва унга товар сифатида муносабатда бўлиш кайфияти ортиши;
  • иқлим ўзгариши натижасида ички энергетик эҳтиёжларни таъминлаш учун юқори оқимдаги мамлакатлар томонидан Амударё ва Сирдарёнинг асосий трансчегаравий ирмоқларида янги йирик гидроэлектрик сув омборлари қуриш истаги ошиши. Ҳозирда Қирғизистонда 85 фоиз, Тожикистонда эса 91 фоиз электр энергияси ГЭСда ишлаб чиқарилади. Сув манбалари қисқариши ушбу мамлакатларда электр энергия тақчиллиги ошишига жиддий таъсир ўтказади. Таққослаш учун, гидроэлектр станцияларнинг энергетика таъминотидаги улуши Ўзбекистонда 15 фоизга, Қозоғистонда эса 10 фоизга яқин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб трансчегаравий сувдан фойдаланиш масаласида барқарор ва томонлар учун тенг манфаатли янги келишувга эришиш, сувдан оқилона фойдаланишда ягона стратегик ёндашувга ўтишни тезроқ ҳал қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Иқлим ўзгариши

Охирги йилларда Марказий Осиёда аномал иссиқ об-ҳаво янги меъёрга айланиб бормоқда ва жазирама кунлар сони аввалгига қараганда кўпайди. Норвегия халқаро муносабатлар институтининг иқлим ўзгариши ва яшил энергия соҳаси бўйича тадқиқотчиси Роман Вакульчукнинг фикрича, Марказий Осиё иқлим ўзгаришига нисбатан энг заиф минтақалардан бири ҳисобланиб, бу ерда ўртача йиллик ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда ва минтақа иқлим жиҳатидан Кувайт ёки Саудия Арабистони каби Яқин Шарқ мамлакатларига тобора ўхшаш бўлиб бормоқда.

Ҳаво ҳарорати ошиши сув танқислигини кучайтирувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Минтақанинг асосий сув манбаси – қор ва музликлар, аммо кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Тоғлар қишда ёғган қорлар эвазига ёз фасли учун сув сақлаш функциясини ҳам бажаради. Қор кўринишидаги ёғингарчилик миқдори қисқариб бориши муаммоли вазиятни янада чигаллаштирмоқда ва сувни ёз фасли учун сақлашда жиддий муаммолар юзага келтирмоқда. Бунинг оқибатида асрий музликларнинг қисқариш тенденцияси давом этяпти.

Ёмғир сифатида ёғадиган ёғингарчилик улуши кўпайиши ва мавсумий қор эрта эриши сабаб минтақада сув тошқинлари ва кўчкилар кучайиши кузатилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Шу билан бирга, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайган.

Умуман олганда, Тожикистон ва Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида сув омборлари қуриш ва умумий сув захираларини сақлаш қуйи оқимдаги мамлакатлар учун ҳам фойдали ҳисобланади. Чунки, у ерда ҳарорат ва фильтрация даражаси анча паст. Аммо бу омилдан қуйи оқимдаги мамлакатларга босим ўтказиш учун сиёсий восита сифатида фойдаланиш эҳтимоллари мавжудлиги бунга имкон бермайди.

Ўзбекистондаги сув танқислиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кузатилаётган сув тақчиллиги икки йўналишда: биринчи навбатда, аҳоли эҳтиёжлари учун тоза ичимлик суви етарли эмаслиги, шунингдек, қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан таъминлашда жиддий муаммолар юзага келаётгани фонида юз бермоқда.

Сув хўжалиги вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг бир йиллик сув истеъмоли 64 млрд куб метр деб ҳисоб-китоб қилинган. Шундан 20 фоизи республика ичкарисидаги дарё ва сойларга, ер ости сув захираларига, 80 фоизи эса қўшни республикалар ҳудудида шаклланадиган трансчегаравий дарёлардан олиндиган сув миқдорларига тўғри келади. Республикада фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 2019 йилда – 53,9 млрд куб метр, 2020 йилда – 51,2 млрд куб метр, 2021 йилда – 43,2 млрд куб метрни ташкил қилган.

Содда қилиб айтганда, аслида сув танқислиги сабаб Ўзбекистон фойдаланаётган сув миқдори ҳатто ўтган асрнинг 80-йилларида ҳисобланган республика бўйича сувга эҳтиёжнинг 75-80 фоизига ҳам етмайди. Ҳолбуки, ўтган даврда аҳоли сони қарийб икки бараварга ўсди, саноат ривожланди ва умумий эҳтиёжлар янада кўпайди. Худди шундай ҳолат қўшни давлатларда ҳам кузатилгани инобатга олинса, ҳозирги шароитда минтақада сув манбаларидан фойдаланиш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Ўзбекистонда 4,3 млн гектар (Марказий Осиёдаги жами суғориладиган ер майдони 7,9 млн гектар, бунда Ўзбекистоннинг улуши қарийб 55 фоиз) суғориладиган экин майдонлари мавжуд. Мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади. Шу жиҳатдан сув ресурслари камайиши минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан ҳам Ўзбекистон учун кўпроқ салбий оқибатлар билан характерланади. Сув танқислиги қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатиб, турмуш даражаси ёмонлашуви, экспорт камайиши, инфлация ошиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиши ва бандликни таъминлашда жиддий муаммолар келтириб чиқаради.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бош мутахассиси Анвар Муҳаммадалиевнинг ёзишича, мамлакатдаги сув танқислиги, ўз навбатида, тоза ичимлик суви танқислигига олиб келмоқда. Сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига йиллик сув ҳажми 3048 куб метрдан 1589 куб метргача камайган. 

Жаҳон банки таҳлилий кўрсаткичларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб км.дан 62-63 куб км.гача ошади ва мавжуд сув ресурслари 57 куб км.дан 52-53 куб км.гача камаяди, бу эса жорий сув танқислигини (2 куб км.дан 11-12 куб км.гача) беш баробарга оширади. 

Ичимлик суви таъминотидан фойдаланишда асосий хавфлар чучук сувнинг ўткир тақчиллиги, фойдаланиш учун рақобат, ифлосланиши, қурғоқчилик ва бошқалардан иборатлиги айтилган.

Кундан кунга жиддийлашиб бораётган экологик муаммолар

Сув манбаларидан нотўғри фойдаланишнинг энг аянчли кўринишларидан бири – Орол денгизи қуришидир. Бунинг натижасида 5 миллион гектар майдонда янги чўл – Оролқум пайдо бўлди. Денгизнинг қуриган қатламидан келиб чиққан чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда.

Бу ҳудудда ичимлик сув танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашиши натижасида аҳоли миграцияси кўпайди, ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб кетмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, фақатгина Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Орол денгизининг янада қуриб кетишининг олдини олиши мумкин. Афсуски, минтақа давлатлари умумий декларация ва меморандумларни имзолашдан нарига ўтмаяпти. Орол денгизи муаммосини ҳал қилишдаги муваффақиятсизликларни унинг асосан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани ва бу республикаларнинг «ички денгизи» ҳисобланиши билан изоҳлаш мумкин. Қолган республикалар эса ўз ички гидроэнергетик сиёсати ва интенсив қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги мақсадлари сабаб юзага келаётган катастрофик вазиятга етарли даражада эътибор қаратаётгани йўқ.

Орол денгизидан ташқари, Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳам экологик ҳолат йилдан йилга ёмонлашишда давом этмоқда. Охирги йилларда «Чордара» сув омбори орқали «Арнасой» сув омборига кам миқдорда сув ташланаётгани сабабли кўллар тизимига сув фақат коллектор-дренаж тармоқларидан келмоқда ва 2005 йилдан кейинги даврда сув ҳажми 34,46 млрд. куб метрга, кўлларнинг умумий юзаси 320 минг гектарга камайган.

Кадрлар муаммоси

Ўзбекистонда сув хўжалиги ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи мамлакатдаги ўртача ойликларга нисбатан сезилари миқдорда паст ҳисобланади. Бу эса сув ишчиси касбининг ижтимоий мавқейи ва жозибадорлигини пасайтиради ҳамда юқори малакали мутахассисларни ушлаб туришга тўсқинлик қилади. Истеъдодли ёшларда ушбу соҳада ўқиш учун деярли ҳеч қандай рағбат мавжуд эмас. Илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги, молиялаштириш йўқлиги сабабли мавжуд яхши кадрлар ҳам бошқа соҳаларда фаолият олиб боришни афзал кўришади. Оқибатда соҳага янги инновацияларни жорий қилиш даражаси секин кечмоқда.

Ҳозирги кунда сув инфратузилмасини янада мустаҳкам, кўпроқ фойда келтирадиган ҳолатга келтирилишида кўплаб давлатларда АI технологияларидан фойдаланилмоқда. Аммо сунъий интеллект соҳасида тажрибаси ва билими бор мутахассисларга бошқа соҳаларда ҳам, хорижда ҳам талаб юқори ҳисобланади. Уларни соҳага жалб қилиш эса молиявий жиҳатларга бориб тақалаверади.

Хулоса

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ортиши, демографик ўсиш ва ўртача ҳарорат ошиши ҳисобига буғланиш кучайиши сабабли Марказий Осиё мамлакатларида ёз ойларига келиб сув манбаларига бўлган талаб ортиб бормоқда.

Ўз навбатида, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан иррационал фойдаланиш оқибатида минтақадаги асосий сув манбалари бўлган музликлар эриши тезлашган. Сув танқислиги ўткир ва яқин келажакда ҳаёт-мамот даражасига кўтарилиши эҳтимоли юқори бўлган Марказий Осиё мамлакатлари умумий экотизимни сақлаб қолиш ва эҳтимолий иқтисодий йўқотишларни камайтириш учун бу борадаги ишларни муофиқлаштириши ҳамда ўз стратегияларини қайта кўриб чиқиши керак.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид