Ўзбекистон | 09:57 / 09.08.2022
6181
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида экологик рейд бошланди

Бугун, 9 август куни Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган экологик рейдга старт берилди.

Фото: Экология қўмитаси

Қўмита хабарига кўра, экология, Миллий гвардия, ички ишлар ходимларидан иборат экопатрул инспекторларига ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тушунтирилди. 

Экологик рейдлар жараёнида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари бажарилишини таъминлаш, аҳоли экологик маданиятини юксалтириш борасида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиши юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Кун давомида қилинадиган ишлар режалаштирилиб, экологик назорат рейд тадбирларини самарали бир тарзда ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Айни пайтда пойтахтда ҳамкорликда назорат рейд тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Бундан олдин Чилонзор тумани Чилонзор кўчаси автомобиллар ҳаракати учун кенгайтирилиши асносида аксарият эманлардан иборат дарахтлар илдизларининг бир қисми қўпориб ташлангани жамоатчилик ўртасида норозилик уйғотганди.

Дарахтлар қирғинга учраган жойдан репортаж тайёрлаган Kun.uz мухбири бирламчи тафтиш чоғида йўл бўйида қад ростлаган дарахтларнинг камида 7 таси жиддий зарарлангани, 99 та дарахтда шикастланиш хавфи борлиги аниқлангани ҳақида хабар берганди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Ш.Мавлонов ҳамда туман прокурори И.Бозоров лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга ва прокурори У.Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилган.

Мавзуга оид