Жаҳон | 08:41 / 10.08.2022
8913
3 дақиқада ўқилади

RT ЕИда тақиқланганидан сўнг, экспертлар кремлпараст тарғиботга эга юзлаб сайтларни топди

NewsGuard Россиянинг уруш ҳақидаги дезинформациясини фаол равишда тарқатувчи 250 та сайтни аниқлади. Уларнинг аксарияти ЕИда RT ва Sputnik нашрлари тақиқланганидан кейин ишга туширилган. 

Фото: Shutterstock

Нью-Йоркда жойлашган, интернетда сохта маълумотларни текшириш ва кузатиш билан шуғулланувчи NewsGuard компанияси уруш ҳақида Россия дезинформациясини фаол равишда тарқатувчи 250 та сайтни аниқлади, уларнинг аксарияти сўнгги ойларда пайдо бўлган. 9 август, сешанба куни AP агентлиги хабар беришича, бу тенденция, афтидан, ЕИнинг RT телеканали ва Sputnik агентлиги ишини тақиқлаш ҳақидаги қарорига жавоб бўлган. 

Сайтларнинг қарийб ярми инглиз тилида, бошқалари француз, немис ёки итальян тилларида. Аксарияти урушдан анча олдин ишга туширилган, бироқ Москва билан аниқ боғланмаган бўлган, аммо улар тўсатдан кремлпараст материалларни нашр эта бошлади, дейди экспертлар. Уларда Украина томони халқаро ҳамжамиятдан ёрдам олиш учун бир қатор ҳалокатли ҳужумлар уюштиргани ҳамда украиналик қочқинлар Германия ва Полшада жиноят содир этаётгани ҳақидаги иддаолар илгари сурилмоқда. 

Бундан ташқари, Европа дезинформация билан кураш вазият маркази (Disinformation Situation Center, DSC) RT видеолари ижтимоий тармоқларда янги бренд остида ва бошқа логотипда ёки умуман логотипсиз тарқатилаётганини аниқлади. 

«Контент модерациясининг самарали тизимларини ўрнатиш ўрнига, улар Кремлнинг дезинформация аппарати билан ким ўзарга ўйнамоқда», деди DSC асос солган Reset Британия ноҳукумат ташкилоти катта маслаҳатчиси Феликс Картте.

Шу билан бирга, AP агентлиги таъкидлашича, экспертлар Украина ташвиқотини, хусусан, «Киев шарпаси» ҳарбий учувчиси ҳақидаги шаҳар афсонасини тарқатаётган сайтларни ҳам аниқлади, аммо бундай манбалар сони кремлпарастларга қараганда сезиларли даражада кам.

Аввалроқ, 27 июль куни Люксембургдаги Европа суди RT France телеканалининг ЕИ кенгашига телеканалнинг Европа ҳамжамиятида эфирга чиқишини тақиқлаш масаласи бўйича даъвосини қаноатлантирмаган эди. Бу ҳақдаги қарор Европанинг умумий юрисдикция суди катта палатаси томонидан чиқарилган.

Люксембургдаги инстанция ЕИ кенгаши RT France томони «Россиянинг Украинага қарши беқарорлик ва тажовузкорлик сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаши» фактини тасдиқлаган деган хулосага келди. Бундан ташқари, канал РФнинг Украинага қарши урушини оқлайдиган ҳамда жамоат тартиби ва ЕИ хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган маълумотларни узатган, дейилади Люксембургдаги маҳкама хабарида. 

1 март куни ЕИ кенгаши RT English, RT UK, RT Germany, RT France, RT Spanish телеканаллари, шунингдек, Sputnik агентлиги трансляциясини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга асос сифатида Россия бу каналлар орқали Украинага қарши тажовузни оқлаш ҳамда шу орқали жамоат тартиби ва ЕИ хавфсизлигига таҳдид солиш учун ташвиқот олиб бораётгани айтилди. RT France бунга жавобан Евроиттифоқ судига даъво аризаси билан мурожаат қилди, шунингдек, тақиқни тўхтатиб туриш учун дастлабки ҳуқуқий ҳимоя сўралган илтимоснома билан чиқди. 

Мавзуга оид