“Шунчаки Ўзбекистонга бориб ош еб кўрмоқчи эдим, лекин...” — хорижликлар e-visa сайти яхши ишламаётганини айтмоқда
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга келмоқчи бўлган сайёҳлар электрон виза олишда қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида ёзмоқда. Улар сайтга расм юклаш, электрон почтага тасдиқ хатини олиш, карта орқали тўлов қилишда техник нуқсонлар борлигини айтишяпти.
Ўзбекистонга кириш талаблари 2018 йилда енгиллаштирилган. 2019 йилнинг 1 февралидан 76 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга кириш электрон визаси (e-visa)ни олиш имкониятига эга бўлган.
Шу кунларда Reddit платформасидаги Ўзбекистонга оид бўлимда мамлакатга келмоқчи бўлган сайёҳлар e-visa платформаси яхши ишламаётгани ҳақида ёзишмоқда.
Spocksays тахаллусли фойдаланувчи e-visa платформасида ариза бериш учун 5 марта уринишига қарамай, қайта-қайта техник хатолик юз бераверганини айтган.
“Мен бир амаллаб тўлов қилинадиган босқичгача етиб борсам ҳам, тўлов амалга ошмаяпти. Яна тўлашга ҳаракат қиламан, тўлов амалга оширилди деб чиқади, лекин мен аниқ биламан: картамдан пул ечиб олингани йўқ. Охир-оқибат, тўлов ҳолатидан қатъи назар, тасдиқловчи электрон хат келмайди.
Кимдир тўловни муваффақиятли амалга ошириб, бу чиқинди сайтдан виза расмийлаштира олдими? Мен шунчаки Ўзбекистонга бориб ош еб кўриб, сайёҳ сифатида мамлакат иқтисодиётига фойда келтирмоқчи эдим. Туризм вазирлиги бу имкониятни бой бермоқда”, – дейди фойдаланувчи.
Яна бир фойдаланувчи юқоридаги фикрларга қўшилиб, сайтнинг яхши ишламаслиги ҳақида ёзган.
“Ҳақиқатан ҳам бу – чиқинди сайт. Охирги марта синаб кўрганимда уни ишга тушириш учун бироз вақт керак бўлди – ишлаган кредит карта “Chase reserve” картаси бўлган ва сайт фақат Chrome'да ишлаганди. Бундан ташқари, электрон хатлар спам тоифасига тушиши мумкин – бу одамни чарчатади”,– дея оғринган у.
Яна бир фойдаланувчи бир неча ҳафта олдин электрон виза олгани ва у ҳам худди шундай муаммога дуч келганини таъкидлаган.
“Мен дуч келган биринчи муаммо – паспортимдаги сурат билан ва фотосуратимнинг ўлчамлари бир хил эмаслиги эди. Кейин мен ҳам сиздаги каби муаммога дуч келдим ва тасдиқлаш хатини олмагунимча қайта-қайта уринавердим. Бундан ташқари, элчихона ҳам жавоб бера қолмайди, шунинг учун афсуски қайта-қайта уриниб кўраверишдан бошқа иложингиз қолмайди”, – дейди у.
Бироқ ҳамма фойдаланувчилар ҳам бундай фикрда эмас. Кимдир сайтдан фойдаланишда муаммога дуч келмагани ҳақида ёзса, кимдир бошқа браузердан фойдалаганда у ишлаганини айтади.
“Кулгили кўринса ҳам, менда биринчи уринишдаёқ ишлади. Мен шунчаки киритишим керак бўлган расмимни таҳрирладим, аммо тўлов ва бошқа амалиётлар тезда амалга ошди ва тасдиқлаш хатини юборишди”, – дея ёзган хорижликлардан бири.
“E-visa билан боғлиқ муаммолар ҳаммада ҳар хил – қанақа бўлишини айтиш қийин”
Марказий Осиё давлатларига саёҳат имкониятлари ҳақида маълумот берадиган “Caravanistan” лойиҳасининг муаллифлари Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар фикрларини жамлаган ҳолда e-visa веб-сайти ҳақида хулоса ва фикрларини ёзишган. Афсуски, уларнинг ҳам e-visa ҳақидаги таасcуротлари ижобий эмас.
“Гарчи одамлар электрон визани муваффақиятли ола олишгани ҳақида хабар берган бўлса-да, веб-сайт ҳали ҳам кўп хатолар билан ишлайди. Саёҳатчилар расмларни юклаш, фаоллаштириш ҳаволаларини олиш, тўловларни амалга оширишда хатолик ва чоп этишда қийинчиликлар ҳақида айтишади. Агар сизда муаммо юзага келса, ҳатто у айнан қанақа муаммо бўлишини олдиндан айтиш қийин ва қандай ечим топишингиз ҳақида ҳам бир нарса деб бўлмайди.
Ҳар ким ҳам электрон визани олишга муваффақ бўлавермайди, баъзилар уни элчихона орқали олишлари ёки учинчи томон операторидан фойдаланишлари керак, чунки ҳар доим ҳам бу веб-сайт орқали виза олишнинг иложи бўлмаслиги мумкин”,– дейилади мақолада.
Муаллифлар мақолада туристлар электрон виза олишда дуч келадиган муайян қийинчиликлар юзасидан тавсиялар беришган. Мақоладан муаммолар бир хил эмаслиги, кимдадир ишлаган чора, бошқа одамда ишламаслиги мумкинлигини хулоса қилиш мумкин.
Мавзуга оид
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
10:30 / 24.10.2024
РФ ТИВ идора ресурсларига кенг кўламли DDoS-ҳужум ҳақида хабар берди
17:47 / 15.10.2024
Тошкент туманидаги “Шифобахш сувлар” ҳудудида яна 5 та санаторий қурилади
16:26 / 08.10.2024