Ўзбекистон | 14:17 / 15.08.2022
10369
5 дақиқада ўқилади

“Ҳамма жим ва ҳаракатсиз” – рекламалар давлат тилида бўлишини кўзда тутувчи қонуннинг тарғиботи сезилмаётгани эътирозга сабаб бўляпти

Реклама давлат тилида берилиши шартлиги кўрсатилган “Реклама тўғрисида”ги қонун 9 сентябрдан кучга киради. Аммо буни реклама тарқатувчиларга етказувчи тарғибот ишлари ҳамон бошланмаган.

Фото: rnbee

Реклама давлат тилида берилиши шартлиги кўрсатилган “Реклама тўғрисида”ги қонун 9 сентябрдан кучга киради. Блогер Шаҳноза Соатова бу борада масъул ташкилотларнинг ҳаракатсизлигини танқид остига олди.

“9 сентябрдан янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун кучга киради. Аммо буни гўё ҳеч ким билмайдигандек — кузатилаётган ҳаракатсизлик ва жимжитлик ёқмаяпти.

Гап шундаки, янги таҳрирдаги Қонунга кўра реклама давлат тилида берилиши шарт. Вазиятга кўра бошқа тилларга таржимаси келтирилиши мумкин, бироқ унинг шрифти давлат тилидаги асосий матндан кичикроқ бўлиши, мазмунини тўғри ифодалаши ҳамда умумий реклама майдонининг кўпи билан 40 фоизини эгаллаши мумкин.

Қонуннинг ушбу 6-моддаси янги таҳрири шахсан мени жуда қувонтирган эди — пешлавҳалар тили бўйича ҳозирги бошбошдоқлик, бошқа тилнинг устунлигига барҳам берилар деб ўйлагандим.

Лекин қонун кучга киришига 1 ойдан кам вақт қолганига қарамай ҳамма негадир жим ва ҳаракатсиз. Ҳеч бир тадбиркор идораси, дўкони ё савдо маркази пештоқидаги реклама лавҳаларини янгилашга ҳаракат ҳам қилмаяпти, масъул ташкилотлар, хусусан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва соҳага бош масъул Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти жим. Департаментнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида бу ҳақида бирон гап йўқ, телевидение ва радиода бу ҳақида сўз айтилмаяпти, тадбиркорлар лавҳаларни янгилаш тўғрисида хабарнома ҳам олмаганлар. Хуллас, амалда ҳеч ким қонуннинг 6-моддасини бажармоқчи эмас, шекилли”, – деб ёзади Шаҳноза Соатова.

Блогерга кўра, қонун тарғиботига бу каби бефарқлик эртага тадбиркорларнинг норозиликларини ҳам келтириб чиқариши мумкин.

“Ваҳоланки, бу қонун ва уни бажармаслик учун жавобгарлик борлигини ҳам четга суриб турайлик, булар бари тадбиркор учун харажат ва эртага яна кўчадаги баннерлар мажбуран олдириляпти, деб норозиликлар тармоққа чиқади.

Нега шу кунгача зарур чоралар кўрилмади? Қонун кучга кирган кундан нима бўлади? Бажарилмайдими? Ё яна ҳокимият органлари билан тадбиркорлар жанги тармоққа чиқиб, масала сиёсийлашиб, “бўлди-бўлди” деб ортга қайтиладими? Бу қонун-ку?

Қачонгача шаҳарларимиз тугул ҳатто чекка қишлоқларимиз ҳам бизнинг ўзга тилга маънан қарамлигимизни шармандаларча жар солиб турувчи ташқи реклама лавҳалари билан тўлиб ётади?

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири-ку гумдон бўлди. Ҳеч бўлмаса, Реклама тўғрисидаги қонун ишласин. Давлат тили ўзбек тили бўлган мустақил Ўзбекистонми бу ё ҳамон мустамлака ўтмишидан қутулолмаётган юртми? Яқинда Грузияда кўрдим, лавҳалар рус, турк, инглиз тилларида, аммо ҳаммасида албатта грузинча ёзилган, кейин бошқа тил. Ваҳоланки, Грузия биздан узоқроқ вақт мустамлака остида бўлган. 

Тил миллат характери, қатъияти, қадрини кўрсатувчи ойнадир. Ойнамиз хиралашган, тозалаб олиш керак”, – дея ёзади Шаҳноза Соатова.

Kun.uz мухбири “Реклама тўғрисида”ги қонун тарғиботида йўл қўйилаётган ҳаракатсизлик юзасидан изоҳ олиш учун Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Собир Шукуров билан боғланди. Департамент мудири эса ўзи Нукусда ташкил қилинган фестивалда юрганини айтиб, бу бўйича ишланаётганини маълум қилди.

“Бу бўйича ҳозир иш кетяпти. Ролик тайёрлаяпмиз, бир иккита тарғибот материалларини қиляпмиз. Бизни буёққа, Қорақалпоғистонга жўнатиб юборишган, 200 та шоир, санъаткор ва маънавиятчилар биланмиз.

Буни ўзимиз ҳам тез орада бошлаймиз”, – деди Шукуров.

Маълумот учун, бу ҳукуматнинг Давлат тилига оид норма ва қонунларга ҳурматсизлиги, бефарқлиги бўйича жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган илк ҳолат эмас.

Жумладан, Kun.uz аввалроқ Олий Мажлис қонунчилик палатаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни Қонунчилик палатасининг бундан буёнги кўриб чиқишидан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилгани ва шу қонуннинг ачинарли тақдири ҳақида мақола эълон қилган эди.

Шунингдек, 2020 йил 25 апрел куни regulation.gov.uz’га жойланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги (давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи) Қонун лойиҳаси ҳам изсиз ғойиб бўлди ва бу бўйича жамоатчиликка бирор изоҳ берилмади.

Адлия вазирлиги матбуот хизматига кўра, ўша вақтда қонун лойиҳаси муҳокама муддати тугагач, Вазирлар Маҳкамасига юборилган бўлган, аммо лойиҳа Қонунчилик палатасига муҳокама учун киритилмади. Шу билан давлат тилига оид яна бир норма лойиҳалигича қолиб кетди.

Мавзуга оид