Ўзбекистон | 16:27 / 20.08.2022
15298
2 дақиқада ўқилади

50 минг доллар билан ушланган Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 7 йилга қамалди

4 август куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман судида У.Я. (Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Х.Б. (Муборак тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

У.Я. Жиноят кодекси 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдори 400 баравари миқдорида жарима жазоси ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Х.Б. Жиноят кодекси 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан айбсиз деб топилиб, оқланган. Х.Б. Жиноят кодекси 25,168-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдори 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган (Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдори 213 баравари миқдорида жарима жазоси қолдирилган).

Айни пайтда биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган мазкур ҳукм қонуний кучга кирмаган бўлиб, ундан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчилар ва жабрланувчи эса ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб 20 сутка ичида шу суд орқали Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят келтиришга ёки прокурор протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Аввалроқ, 2022 йил февралида Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Мавзуга оид