Ўзбекистон | 14:47 / 20.08.2022
19581
4 дақиқада ўқилади

“Тинчлантириш учун айтилган бўлиши мумкин” — Тўқаев нега маслаҳат учрашувига Хитой ва Россияни таклиф қилди?

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига Россия ёки Хитойни ҳам жалб этиш таклифини берган эди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, бу ерда мазкур икки томоннинг маслаҳат учрашувларига доимий жалб этилиши ҳақида гап кетмаяпти. Бу фикр Пекин ва Москвани хотиржам қилиш учун ҳам айтилган бўлиши мумкин.

Kun.uz мухбири сўнгги вақтларда фаоллашаётган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцияга интилиш жараёнлари, бу борадаги муаммо ва ечимлар, унинг сиёсий оқибатлари мавзусида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Албатта, Марказий Осиёдаги келишув бу ерга кўз тиккан катта геосиёсий ўйинчиларга ёқмаслиги табиий. Бу томондан қандай хавф ёки чақириқларни кутиш мумкин?

— Бугунги кунда Россия постсовет ҳудудидаги агрессор давлатга айланди. У глобал геосиёсий шароитда яшаб қолиш учун ўзининг қутбини шакллантиришни мақсад қилиб қўйган. Бу Марказий Осиё давлатлари суверенитети учун жиддий хавф. ЕОИИ ва КХШТ каби лойиҳалар ҳам минтақани ўз геостратегик назоратида ушлаб туришдир.

Масалан, Қозоғистонга бўлаётган босимлар кучайиб бормоқда. Лекин, ўтган даврда минтақада Россиянинг энг яқин иттифоқчиси Қозоғистон эди. Бугун ҳам икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар жуда юқори. Лекин бу шериклик Россиянинг босимидан кафолатламаяпти ҳам, ҳимояламаяпти ҳам. Россиянинг пировард мақсади – интеграцияга рози бўлмаган давлатларга ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий босимлардан иборат гибрид босим моделлари ишлатиляпти.

Булардан хулоса қилиш мумкинки, яқин йилларда энг муҳим масала – минтақа давлатларининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш масаласи.

Хитойнинг энг муҳим манфаати – Марказий Осиё давлатлари Уйғуристондаги сепаратистик ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслигидир. Бу борада Хитойнинг позициясини ёқлашдир. ШҲТни тузишдан асосий мақсад ҳам аслида шу бўлган. Бугун бошқа масалалар ҳам қўшилиб, катта лойиҳага айланиб кетди.

АҚШ ва Европа Иттифоқининг минтақадаги позицияси бир хил эмас. Вашингтоннинг биринчи манфаати Марказий Осиё давлатлари геосиёсий мустақил бўлиши ҳамда Хитой ҳамда Россиянинг минтақадаги таъсири имкон қадар камайиши ҳисобланади.

— Қозоғистон президенти сўнгги вақтларда Россияга нисбатан бир неча маротаба кескин деб ҳисобланган чиқишлар қилди, бунга руслар жавоб ҳам қайтарди. Лекин унинг Иссиқкўлда маслаҳат учрашувларига Хитой ва Россия етакчиларини ҳам чақиришни таклиф қилгани кутилмаган иш бўлди. Тўқаев нима учун бундай йўл тутди, сизнингча?

— Мен Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг нутқини тўлиқ кўриб чиқдим. У минтақадан ташқари бўлган баъзи бир масалаларни муҳокама қилишда манфаатдор, иштирокчи тараф Россия ёки Хитой бўлса, уларни меҳмон сифатида чақиришни таклиф қилди. Фақат улар тааллуқли бўлган масалалар юзасидангина. Доимий равишда аъзолик ёки кузатувчиликка чақирмаяпти.

Бундан ташқари, бу фикрлар Россия ва Хитойни тинчлантириш учун ҳам айтилган бўлиши мумкин. “Бизнинг бу маслаҳатлашув учрашувларимиз сизларга қарши қаратилмаган, балки ички муаммоларимизни ҳал қилиш ва барқарорликни таъминлаш учун”, дейилмоқда.

— Яна бир қанча фикрлар бор. Таҳлилчилар Марказий Осиё давлатларидаги турли иқтисодий потенциал ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятдаги векторларнинг ҳар хиллиги туфайли бу иттифоқ ЕОИИга рақобатбардош бўла олмайди, деган фикрларни ҳам айтишмоқда. Бунга қандай қарайсиз?

— Ҳозир 5 та давлат алоҳида иқтисодий иттифоқ тузиши ҳақида гап-сўз йўқ, фақат геосиёсий келишув кетяпти. Лекин давлатларнинг иқтисодий потенциали ҳар хиллиги тўлақонли интеграция жараёнлари бошланганда маълум бир зиддиятли муаммоларни яратиши мумкин. Ресурсларнинг турли хиллиги ҳам ошкора ёки яширинча ишончсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун минтақа давлатлари бир-бирини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб бориши керак. Интеграцияга йўл оляпмиз, бундай зиддият ва муаммоларни биргаликда ечишга маҳкуммиз, бошқача йўлимиз йўқ.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид