Жаҳон | 20:04 / 22.08.2022
16856
3 дақиқада ўқилади

Россия федерал хавфсизлик хизмати Дугинанинг қотили аниқланганини маълум қилди

Россия махсус хизматининг билдиришича, жиноятни Украина фуқароси Наталя Вовк амалга оширган. Гўёки у 23 июл куни вояга етмаган қизи билан Россияга келган ва қотилликни амалга оширганидан сўнг Эстонияга чиқиб кетган.

Фото: РИА Новости

Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) россиялик мафкурачи Александр Дугиннинг қизи журналист Дарья Дугинанинг ўлдирилиши билан боғлиқ иш фош қилинганини билдирди

«Жиноят Украина махсус хизматлари томонидан тайёрланган ва амалга оширилган», - дейилади ФХХ жамоатчилик билан алоқалар маркази хабарида. 

Россия махсус хизматининг таъкидлашича, жиноятни Украина фуқароси Наталя Вовк амалга оширган. Гўёки у 23 июл куни вояга етмаган қизи билан Россияга келган ва қотилликни амалга оширганидан сўнг Псков области орқали Эстонияга чиқиб кетган.

Вовк Дугина ҳақида маълумот йиғиш ва уни ўлдиришга тайёргарлик кўриш учун журналист қиз яшаган кўпқаватли уйга жойлашган, дейилади ФХХ хабарида. У гўёки Россияга "ДХР" давлат рақами бўлган автомобилда кирган, Россияни Украина давлат рақами ёпиштирилган машинада тарк этган. 

Аввалроқ Киев Украинанинг ушбу жиноятга алоқадорлигини рад этганди.

«Таъкидлайман, албатта, Украинанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деганди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Дугина 20 август куни кечқурун Москва вилоятида автомобили портлаши оқибатида вафот этди. Тергов маълумотларига кўра, автомобилнинг ҳайдовчи томон остига портловчи мослама ўрнатилган. Воқеа бўйича Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (умумжамият учун хавфли тарзда содир этилган қотиллик) бўйича жиноят иши очилган.

Александр Дугин ва унинг қизи Дарья Москва вилоятининг Захарово қишлоғидаги «Традиция» фестивалига боришган. Улар Москвага бирга қайтишни режалаштиришган, аммо сўнгги лаҳзада Дугин бошқа автомобилга ўтирган. Бу эса унинг ҳаётини сақлаб қолган. Фестивалдан қайтишда Дарья ҳалок бўлган.

Тергов қўмитаси Дугинанинг ўлдирилиши буюртма асосида бажарилган деб ҳисобламоқда. Катта эҳтимол билан асосий нишон Дарья эмас, балки унинг отаси бўлган.

Александр Дугин файласуф ва консерватив публицист, «Рус дунёси» ва неоевросиё мафкурасининг тарғиботчиларидан бири сифатида танилган. У Россиянинг қўшни давлатлар устидан ҳукмронлик қилиши кераклиги, АҚШ ва НАТО таъсирига қарши туриши лозимлиги ҳақидаги ғоялар тарафдори ҳисобланади. Дугин кўп йиллар давомида Москвани жаҳон саҳнасида янада тажовузкор бўлишга чақириб келган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари уни замонавий Россиянинг асосий мафкурачиларидан бири, унга Владимир Путин, Кремль расмийлари ва кўплаб амалдорлар қулоқ солади деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид