Жаҳон | 13:23 / 25.08.2022
20568
8 дақиқада ўқилади

520 киши ҳалок бўлган даҳшатли авиаҳалокат: Japan Air Lines’га қарашли Boeing 747 нега қулаб тушганди?

1985 йилда Японияда фуқаро авиацияси тарихидаги энг йирик авиаҳалокат содир бўлади. Токио-Осака йўналишида парвоз қилган Boeing 747 самолёти Токиодан 100 километр узоқликдаги тоғга қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 524 кишидан 520 нафари ҳалок бўлади.

Дунё фуқаро авиациясида жуда кўп ҳалокатлар содир бўлган. 1985 йилда Японияда содир бўлган Japan Air Lines’га қарашли Boeing 747 ҳалокати улар орасида ажралиб туради. Мазкур ҳалокат битта самолёт билан содир бўлган ҳалокатлар орасида энг йириги ҳисобланади.

Бу ҳодисада 506 нафар йўловчи ва 14 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Фақат икки нафар ёш қизча, бир нафар йўловчи аёл ва бир нафар стюардесса тирик қолади.

Энг кўп одам ўлган авиаҳалокатлар умумий рўйхатида Japan Air Lines’га қарашли Boeing 747 ҳалокати 4-ўринни эгаллайди. Ундан олдинда 2011 йилда АҚШда террорчилар томонидан олиб қочилган иккита самолёт ҳалокати ва 1977 йил 27 март куни Нидерландиянинг KLM ва АҚШнинг Pan Amerikan авиакомпанияларига тегишли самолётларнинг ўзаро тўқнашган ҳодисаси жойлашган.

Boeing 747 ҳақида

Boeing 747 самолётининг лойиҳаси ўтган асрнинг 60-йилларида тайёрланган бўлиб, унинг илк парвози 1969 йилда амалга оширилган. Орадан беш йил ўтиб, 1974 йилдан бошлаб Boeing 747 самолётларини мижозларга етказиб бериш бошланган.

Фото: yaplakal.com

Boeing 747 самолётлари 1969 йилдан 2020 йилгача ўндан ортиқ модификацияларда 1570 дона ишлаб чиқарилган. Бу турдаги самолётлардан энг кўп Atlas Air авиакомпаниясида 50 дона, UPS Airlines 39 дона, Люксембургнинг Cargolux авиакомпаниясида 30 дона, Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясида 27 дона бўлган.

1970-йилларда Boeing 747 самолётларининг нархи 1970-йилларда 35-40 миллион, 2007 йилда эса 228-260 миллион долларни ташкил этган.

Boeing 747 самолётлари узоқ масофаларгача тўхтовсиз уча олиши билан қулай бўлган. Масалан, 1989 йилда Австралиянинг Qantas Airways авиакомпаниясига тегишли, салонида йўловчилар бўлмаган Boeing 747 Лондондан Сиднейга 18 минг километр масофани тўхтовсиз учиб борган. Мазкур парвоз Boeing самолётлари орасида рекорд ҳисобланади.

Японияда ҳалокатга учраган Boeing 747 самолёти Japan Air Lines’га Boeing компанияси томонидан махсус буюртма асосида ясаб берилган ва авиакомпания уни илк мижозларидан бири сифатида 1974 йилда қабул қилиб олади.

Фото: Avsim.su

Ҳалокатга учраган Boeing 747’нинг бортида 500 дан ортиқ йўловчи ўрни бўлиб, у 2005 йилда Airbus A380 ишлаб чиқарилгунча дунёдаги энг катта ва энг кўп йўловчи ташувчи самолёт бўлган.

Мазкур самолётнинг палубаси икки қаватли бўлган. Самолёт катталиги боис унга тўртта двигатель ўрнатилган. Ҳалокат содир бўлганча у 18 835 марта учиш-қўнишни амалга оширган ва жами 25 минг соат парвоз қилган эди.

Ҳалокат тафсилотлари

1985 йил 12 август куни маҳаллий вақт билан соат 16:50 ларда Boeing 747 самолёти Титтосэ-Токио йўналиши бўйича учиб келиб Токиодаги Ханэда аэропортига қўнади. Самолётга ёқилғи қуйилгач унга Токио-Осака қатнови бўйича йўловчилар чиқарила бошланади.

Соат 18:04 да самолёт ҳавога кўтарилади. Парвоз жадвали бўйича у бир соатдан кейин Осакага қўниши керак эди. Парвоздан 20 дақиқа ўтиб унинг дум қисмидаги мувозанатни ушловчи қурилма (стабилизатор) узилиб кетади.

Фото: Pinterest.se

Шундан сўнг Boeing 747 салонида ҳаво босими пасаяди ва самолёт бошқарувни йўқота бошлайди. Экипаж кабинаси огоҳлантириш сигнали ишга тушади.

Самолёт бир текисда парвоз қилишда давом этгани учун учувчилар аввалига вазиятнинг жиддий эканини билишмайди. Бироз ўтиб самолёт бошқарувида муаммолар юзага кела бошлаганда улар мувозанатни ушловчи қурилманинг узилиб кетганини сезишади.

Шу пайтда бортмуҳандис самолётдаги гидравлика тизими ишдан чиққанини хабар қилади. Экипаж командири зудлик билан ортга қайтиш ҳақида буйруқ беради. Аммо энди кеч бўлганди.

Самолётни ортга бурмоқчи бўлишганда унинг бошқарув чамбараги учувчиларга бўйсунмайди. Самолётни бошқаришни мутлақо иложи йўқ эди ва у ўзи парвоз қиларди.

Бироздан сўнг экипаж командири самолётнинг двигателлари бор кучи билан ишлата бошлайди. Аммо шунда ҳам бошқарувни тиклашнинг иложи бўлмайди.

Экипаж командири носозликлар ҳақида диспетчерларга хабар бериб, ортга қайтишга уринишаётганини айтади. Диспетчер уларга яқин масофада жойлашган Тюбу аэропортига ёки Йокотедаши АҚШга қарашли ҳарбий база аэродромига қўнишни буюради.

Бу пайтда бошқарув тизими ишдан чиққан самолёт денгиз сатҳидан 6 минг метр баландликда, гоҳ ўнга, чапга, гоҳ юқорига ва пастга шўнғиб учишда давом этар, учувчилар муваффақиятсиз тарзда самолёт бошқарувини тиклашга уринишарди.

Boeing 747 Фудзияма тоғлари яқинидан учиб ўтаётганда учувчилар ҳар эҳтимолга қарши унинг тезлигини кескин пасайтиришади ва шассиларни очишади. Шу пайт самолёт соатига қарийб 200 километр тезликда 4 минг метр радиусда айлана бошлайди. Учувчилар амаллаб унинг йўналишини тўғрилашади.

Носозлик бошлангандан кейин Boeing 747 ярим соатдан кўпроқ ўз ҳолича парвоз қилади. Учувчилар бошқарув тизимини тиклаш учун қаттиқ ҳаракат қилишади, аммо бунинг иложи бўлмайди.

Соат 18:56да салонида 509 нафар йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 747 Токиодан 100 километр узоқликда, Оцутака тоғларидаги денгиз сатҳидан 1,5 минг метр баландликдаги нишабликга қулаб тушади.

Фото: dantri.com.vn

Самолёт ҳалокатга учрагандан сўнг япон қутқарувчилари АҚШ ҳарбийлари билан ҳодиса юз берган жойни қидириб топишганда у ер қалин ўрмон билан қоплангани ва фақат вертолёт ёрдамида бориш мумкинлиги ойдинлашади.

Илк қутқарувчилар гуруҳи ҳодиса жойига ҳалокат содир бўлган вақтдан 14 соат ўтиб етиб боришга муваффақ бўлади. Текшириб кўрилганда самолёт бортида бўлганлардан 506 нафар йўловчи ва 14 нафар экипаж аъзолари воқеа жойида ҳалок бўлгани, икки нафар аёл ва икки нафар қизча тирик экани маълум бўлади.

Кейинчалик экспертиза текширувларида айрим йўловчилар бир неча соат давомида тирик бўлиб, улар қутқарувчилар етиб боришидан бироз аввал кўп қон йўқотиш ва совуқдан вафот этгани ойдинлашади.

Ҳалок бўлган йўловчиларнинг 487 нафари ва экипаж аъзолари Япония, қолган 22 нафар йўловчи ўнга яқини хорижий давлат фуқаролари бўлган.

Ҳалокат сабаблари

Ҳалокат содир бўлгандан сўнг ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси ташкил этилади. 1987 йил 19 июн куни комиссиянинг якуний хулосаси эълон қилинади.

Комиссия томонидан самолётнинг қора қутисидаги ёзувлар ўрганилганда ҳалокатга Boeing 747 самолётининг дум қисмидаги мувозанатни ушловчи қурилманинг узилиб кетгани сабаб бўлгани ойдинлашади.

Комиссия олдида энди иккинчи вазифа – самолётнинг мувозанатни ушловчи қурилмаси нега узилиб кетганини аниқлаш турганди. Суриштирувлар давомида унинг сабаби ҳам аниқланади.

Маълум бўлишича, ҳалокатдан 7 йил аввал 1978 йил 2 июн куни Токио-Осака йўналишида парвоз қилган Boeing 747 Осака аэропортига қўниш чоғида унинг дум қисми учиш-қўниш йўлакчасига тегиб кетади. Ўшанда самолётнинг мувозанатни ушловчи қурилмасига зарар етади ва ҳеч ким унга эътибор бермайди. Натижада, Boeing 747 етти йил давомида мувозанатни ушловчи қурилмаси носоз бўлган ҳолда парвоз қилиб келгани ойдинлашади.

Фото: baaa-acro.com

Товон пуллари

Ҳалокат Japan Air Lines авиакомпаниясининг айби билан содир бўлгани аниқлангач компания барча жавобгарликни ўз зиммасига олишини маълум қилади. Japan Air Lines президенти истеъфога чиқади. Авиакомпаниянинг техник хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи ўз жонига қасд қилади.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилади ва суриштирув бошлаб юборилади. Суд томонидан авиакомпания зиммасига ҳалокатда вафот этганларнинг оиласига товон пули тўлаш мажбурияти юкланади.

Japan Air Lines товон пулларини тўлаб бергач авиакомпанияга қарши очилган даъво бўйича олиб борилаётган суриштирувлар суд томонидан тўхтатилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид