Ҳукумат таркибидаги инспекциянинг 142 ходими жаримага тортилди
Вазирлар Маҳкамасининг фермерларни “одам ўрнида кўрмайдиган” Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси ходимлари мингдан ошиқ ҳолатда тадбиркорлар ҳуқуқларини бузгани маълум бўлди. Энг кўп ҳуқуқбузарлик Жиззахга тўғри келмоқда – 660 та.
Президент ҳузуридаги Бизнес-омбудсман ҳукумат ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси ва унинг қуйи тизимларида ўрганишлар ўтказган. Натижада 1044 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган.
Бизнес-омбудсман офисининг Kun.uz'га маълум қилишича, 815 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари бузилган.
Ҳудудлар кесимида Жиззах (660 та), Сирдарё (28 та), Андижон (27 та), Фарғона (20 та), Самарқанд (10 та), Тошкент (8 та), Бухоро (7 та) ва Хоразм (3 та) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (52 та) бундай камчиликларга йўл қўйилган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 198 та ҳолатда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган. Мисол учун:
Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани бўлими катта инспектори Анорбой Хўжамбердиев томонидан тумандаги 14 та фермер хўжаликларининг фаолиятида белгиланган тартибни бузган ҳолда текширувлар ўтказилган. Натижада А.Хўжамбердиев Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан МЖтКнинг 2412-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 10,8 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Инспекциянинг Сирдарё тумани бўлими катта инспектори Давронбек Нурулаев томонидан текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган шахс билан биргаликда 4 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятида текширув ўтказилган. Ундан ташқари, текширувдан олдин тадбиркорлик субъекти текшириш дастури билан таништирилмаган. Натижада, Д.Нурулаев Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан МЖтКнинг 2412-моддасига асосан 10,8 миллион сўм жаримага тортилган.
Инспекциянинг Сурхондарё вилояти Шеробод тумани бўлими катта инспектори Ғайрат Сувонов текширув ваколатига эга бўлмаса-да 3 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятида текширув ўтказгани аниқланган. Бу ҳуқуқбузарлик бўйича Ғ.Сувоновга нисбатан 2,7 миллион сўм жарима жазоси қўлланилган.
Инспекциянинг Хоразм вилояти Урганч тумани бўлими ходими томонидан “Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими”да рўйхатдан ўтказмасдан 2022 йил 29 март куни “Қувондиқ Сардор Салимбой” фермер хўжалигида текшириш ўтказилган.
Қайд этилишича, юқоридагилардан ташқари, 31 та ҳолатда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик талаблари ва белгиланган муддатларга амал қилинмаган.
Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 142 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Шу билан бирга, Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекциясига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши юзасидан тақдимнома киритилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши таъминлаш устидан назорат олиб боради.
Инспекцияга Ваҳобов Аброл Жабборович раҳбарлик қилади. Инспекциянинг марказий аппаратида 76 нафар, ҳудудий бошқармаларида ўртача 30 нафардан, туман-шаҳар бўлимларида ўртача 10 нафардан ходимлар ишлайди.
Инспекция таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024