Зарафшон дарёсидаги заҳарланган балиқлар воқеаси: Иш ҳамон терговда
“Навоийазот” томонидан оқизилган зарарли моддалар сабаб Зарафшон дарёсидаги минглаб балиқлар қирилиб кетганига қарийб бир йил бўлди. Шунча муддат ўтган бўлса ҳам тергов ҳаракатлари ҳамон якунига етмаган. Бош прокуратура ҳолатни ўз назоратига олгани айтилганди.
2021 йилнинг октябр ойи бошида Зарафшон дарёсида минглаб балиқларнинг қирилиб кетиши билан боғлиқ экологик инқироз содир бўлди. Кейинчалик балиқлар “Навоийазот” корхонаси томонидан дарёга меъёридан ортиқча зарарли моддалар ташлангани туфайли нобуд бўлгани ойдинлашди. Воқеа маҳаллий аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда катта эътирозларга сабаб бўлган эди. Kun.uz мавзуга қайтиб, айбдорларга қандай жазо тайинлангани билан қизиқди.
Маълум бўлишича, Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда ўрганиш натижаларини 2021 йилнинг октябр ойида вилоят прокуратурасига тақдим қилган. Прокуратура ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатиб, дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаган. Аммо терговчилар негадир ишни қарийб 1 йилдан буён якунига етказмаган.
Аслида, юзага келган экологик инқирозга зарарли кимёвий моддалар сабаб бўлгани юзасидан бир нечта ташкилотларнинг хулосалари мавжуд. Жумладан, Навоий вилояти СЭО ва ЖСХ бошқармасининг 2021 йил 9 октябрдаги 94-сонли баённомасида кўринишича, “Навоийазот” АЖга қарашли 267-қудуқдан олинган таҳлилларда азот аммоний, азот нитрат ва азот нитрит белгиланган меъёрлардан бир неча баробар юқорилиги аниқланган.
Шунингдек, республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази томонидан 18 дона балиқ патологанатомик текширувдан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, балиқлар айнан кимёвий моддалар билан заҳарланган.
2021 йилнинг 29 октябр куни Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан юзасидан Жиноят кодексининг 196-моддаси (Атроф табиий муҳитни ифлослантириш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Навоий вилояти прокуратураси эса ҳолат бўйича тегишли соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда кенг қамровли текширув ўтказилгани, Зарафшон дарёсига азот аммоний, нитрит ва бошқа кимёвий моддалар меъёридан ортиқча миқдорда оқизилганлиги оқибатида дарёдаги кўплаб балиқлар нобуд бўлгани ҳамда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан 2021 йил 28 октябр куни жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирганди.
Жиноят-процессуал кодексининг 351-моддасига кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим. Дастлабки тергов муддати вилоят прокурори томонидан 5 ойгача, Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари томонидан 7 ойгача узайтирилиши мумкин. Балиқларнинг нобуд бўлиши юзасидан жиноий иш қўзғатилганига эса 10 ой бўлди. Тергов ҳаракатининг бу шаклда асоссиз ортга сурилаётгани ишни ими-жимида ёпиб юборишга уриниш бўлмаяптимикан, деган саволни юзага чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеада табиатга етказилган зарар миқдорининг ўзи 4 млрд 800 млн сўмдан кўпроқ экани аниқланган. “Навоийазот” АЖ томонидан ташланган заҳарли чиқиндилар сабаб дарёда 1659 дона Туркистон мўйлабдори, 474 дона зоғорабалиқ, 195 дона лаққа, 536 дона дўнгпешона, 4521 дона товонбалиқ, 3425 дона сазан ҳамда 2,5 кг дарё қисқичбақаси нобуд бўлган.
Мавзуга оид
10:40 / 08.10.2024
Ўрта Чирчиқда ноқонуний тарзда балиқ овлаган шахслар табиатга 42 млн сўм зарар етказди
23:17 / 23.09.2024
Хитойда 3D-принтер ёрдамида балиқ гўшти муқобили яратилди
08:10 / 06.09.2024
Сирдарёда қоидаларни бузган ҳолда балиқ овлаган шахсга 20 млн сўм жарима белгиланди
23:40 / 01.09.2024