ДХХ Кубоги-2022 якунланди. Футболда Тошкент вилояти, мини-футболда Андижон тенгсиз (фоторепортаж)
Иккинчи бор ўтказилган ДХХ Кубогининг финал босқичи якунига етди.
Уюшмаган ва кам таъминланган ёшлар жалб қилиниб, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, футбол ва мини-футбол спорт турларини ривожлантириш ҳамда жойларда янги иқтидорларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг ҳал қилувчи баҳслари кескин курашлар остида ўтди.
Пойтахтда ўтказилган финал босқичида ҳар бир вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон республикасидаги ҳудудий босқичда ғолиб чиққан жамоалар беллашишди.
Мини-футбол бўйича ғолиблик Андижон вилояти Балиқчи туманидаги «Кўл» жамоаси ёшларига насиб этган бўлса, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани «Пахта» жамоаси иккинчи, Фарғона вилояти Фарғона тумани «Оқтепа» жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Футбол бўйича ўтказилган беллашувларда эса Тошкент вилояти Бўка тумани «Дўстлик» жамоаси биринчи, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Боғистон» жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин Жиззах вилояти Жиззах шаҳри «Турон» жамоасига насиб этди.
Мусобақалар якунига кўра мини-футбол бўйича «Энг яхши ўйинчи» деб Навоий вилояти Хатирчи туманининг «Жалойир» жамоаси аъзоси Шаҳбоз Қувондиқов, «Энг яхши тўпурар» сифатида Хоразм вилояти Шовот туманининг «Оқкўл» жамоасида ўйнаган Баҳром Худоёров, «Энг яхши дарвозабон» деб Фарғона вилояти Фарғона туманининг «Оқтепа» жамоаси вакили Одилжон Мадалиев эътироф этилди.
Футбол бўйича эса Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Боғистон» жамоаси аъзоси Аҳрор Хўжабеков «Энг яхши ўйинчи», Тошкент вилояти Бўка тумани «Дўстлик» жамоаси ҳужумчиси Асадбек Аҳмаджонов «Энг яхши тўпурар», Жиззах вилояти Жиззах шаҳар «Турон» жамоаси вакили Сирож Нормуродов «Энг яхши дарвозабон» деб топилди.
Футбол бўйича финалдан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Чемпионларга бош совринни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов топширди.
Эслатиб ўтамиз, футбол ва мини-футбол бўйича биринчи ўринни эгаллаган жамоаларга улар истиқомат қиладиган маҳаллада мини-футбол майдончаcи, иккинчи ўрин соҳибларига универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар маҳалласига эса «Стритбол» (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдонлари қуриб берилади.
Республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларнинг (1, 2, 3 ва 4-ўринлар) Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги кўмагида бир ҳафта мобайнида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Шафран» тоғ-курорт комплексида дам олишлари ташкил этилади.
Бундан ташқари ДХХ кубогининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган 28та жамоа вакиллари истиқомат қиладиган маҳаллаларда «WORKOUT» майдончалари барпо этилади.
Фотомухбир Аъзамжон Иззатиллаев
Мавзуга оид
09:20 / 16.11.2024
Европада яккаланаётган Исроил футболи
14:55 / 15.11.2024
ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024