Ўзбекистон | 19:03 / 29.08.2022
25915
5 дақиқада ўқилади

Прокуратура фуқародан 300 млн қарз. Уни қайтариш бўйича ҳукм ижроси пайсалга солинмоқда

Суд ҳукми билан, Тошкент вилояти прокуратураси фуқарога 305 млн сўмни қайтариши керак. Аммо “делонинг синиши” прокурорларга ҳеч тинчлик бермаяпти. Аламзадаликданми балки, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмини писанд этмай, қонунчиликка зид равишда иш тутмоқдалар.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти прокуратураси суд ҳукми бўлса ҳам гаров сифатида прокуратура депозит ҳисоб рақамига қўйилган пулни қайтармаяпти. Маблағни қайтариш бўйича қилинган мурожаатлар эса наф бермаяпти.

Фуқаро Дилрабо Абдуллаева (исм-шариф ўзгартирилган)га нисбатан жиноий иш очилган ва у жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг 2021 йил 9 сентябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбдор деб топилган. Мазкур ҳукмга асосан судланувчи томонидан дастлабки тергов давомида Тошкент вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига топширилган 300 млн сўм маблағ унга қайтарилиши белгиланган.

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 май кунги ажримига асосан, жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди ҳукмининг Дилрабо Абдуллаевага оид қисми Жиноят процессуал-кодексининг 84-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган. Судланувчи томонидан гаров сифатида Тошкент вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига топширилган 5 млн сўм пул маблағи унинг ўзига қайтарилиши белгиланган.

Ҳукм ва ажрим ижросини таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди томонидан 2022 йил 2 июн куни ижро варақаси чиқарилиб, МИБ Ўртачирчиқ туман бўлимига юборилган. Ўз навбатида МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими 305 млн сўм маблағни ўтказиб бериш ҳақида Тошкент вилояти прокуратурасига алоқа хатлари юборган.

Лекин 2 ой муддат ўтганига қарамай, негадир Тошкент вилоят прокуратураси шу кунга қадар суд ҳукми ижросини таъминламаган, пул маблағларини қайтармаган.

Бу орқали “қонун посбонлари” қонунчиликка зид ҳаракат қилиб, очиқчасига фуқаронинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда. Маблағни қайтариш бўйича қилинган мурожаатлар эса наф бермаяпти.

Хусусан, адвокат томонидан Тошкент вилояти прокурорига ҳолат юзасидан шикоят киритилган.

Прокуратура адвокатнинг мурожаатига жавобан вилоят прокурори томонидан суднинг 2022 йил 5 майдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгитдан аппеляция инстанциясига юбориш ҳақида Олий судга кассация протести киритилганини, протест мазмунан кўриб чиқилганидан сўнг депозит ҳисоб рақамда сақланаётган пул маблағини қайтариш масаласи ҳал қилинишини билдирган.

Прокуратуранинг мазкур ҳаракати, яъни суд ҳукмини бажармасдан, “протест кўриб чиқилсин, кейин гаплашамиз” дейиши қонунчиликка зид.

Жиноят-процессуал кодексининг 49731-моддасига кўра, апелляция инстанцияси судининг ажрими суд мажлиси залида ўқиб эшиттирилади ва дарҳол қонуний кучга киради. Апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими уни чиқарган судга ёки бошқа судга чиқарилган кундан эътиборан беш суткадан кечиктирмай жиноят иши билан бирга ижро этиш учун юборилади.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 528-моддасига кўра, апелляция инстанцияси судининг ҳукми эълон қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради. Қолаверса, мазкур кодекснинг 249-моддасида иш бўйича иш юритиш тугатилган ёхуд суд ҳукми кучга кирган тақдирда гаров гаровга қўювчига қайтарилиши ёзиб қўйилган.

Бундан кўринадики, вилоят прокурори протест орқали қонуний кучга кирган суд ҳукми ижросини тўхтатиб қўйиш ваколатига эга эмас. Ва айни вақтда Олий суднинг ҳукм ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ажрими ҳам йўқ.

Тошкент вилоят прокуратураси Kun.uz сўровига жавобан иш бўйича Олий судга кассация шикояти киритилгани, пулни қайтариш шу инстанциянинг ажримига мувофиқ ҳал бўлишини билдирди.

Кассация шикояти киритилгани ҳукм ижросини тўхтатмаслиги кераклиги, бу борада вилоят прокуратураси қандай изоҳ бериши ҳақидаги сўров жавобсиз қолдирилди.

Дарвоқе, 5 млн сўм гаров пулига оид ҳолатда тарафларнинг важлари бир бирига қарама-қарши келмоқда: прокуратура қайтарганмиз деяпти, фуқаро эса уни олмаганини айтмоқда.

Прокуратуранинг қонунчиликни бу тарзда ошкора бузишига нима сабаб бўлаётгани қизиқ: судда деярли енгилишидан келиб чиққан аламзадаликми ёки “бизга ҳамма нарса мумкин” деган тайзиқона фикрни сингдиришми?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид