Жамият | 21:59 / 29.08.2022
22411
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабаларининг мурожаати ижобий ҳал этилди

Фото: Видеодан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Кубан давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналари мурожаати эълон қилинди. 

Унда Кубан давлат тиббиёт университетида «Стоматология» йўналиши бўйича ўқишни давом эттириш учун ташкил этилган имтиҳонларда етарли балл тўплай олмаган айрим талабаларнинг норозилиги акс этган.

ССВ матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор ўрганишлар натижаси бўйича маълумот берди.

«Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Россиянинг Кубан давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда «Даволаш иши» ва «Стоматология» қўшма таълим йўналишлари ташкил этилган. 

2019 йил 27 мартда икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ, ўқишга қабул қилинган талабаларнинг «Даволаш иши» йўналиши бўйича 3 йил Ўзбекистонда ва 3 йил Россия Федерациясида, «Стоматология» йўналишида эса 3 йил юртимизда ҳамда 2 йил Россияда таълим олиши белгиланган.

2021-2022 ўқув йили якуни бўйича «Стоматология» йўналишида 46 нафар, «Даволаш иши» йўналишида 40 нафар талаба 3-босқични битириб, 2022 йил 21 август куни Россия Федерациясининг Кубан давлат тиббиёт университетига ўқув юрти мутасаддилари бошчилигида юборилган.

25 август куни Кубан давлат тиббиёт университетида «Стоматология» йўналиши бўйича 3-босқичини битирган талабалардан имтиҳон олинганда, 46 нафаридан 25 нафари белгиланган баллни тўплаб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилган. Қолган 21 нафар талаба белгиланганидан паст балл жамғаргани учун имтиҳондан ўта олмаган.

Шундан сўнг ушбу талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан билдирилган мурожаат асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Россия томони, жумладан, Кубан давлат тиббиёт университети маъмурияти билан тегишли музокаралар олиб борди. Натижада имтиҳондан ўта олмаган талабалар рус тилини пухта эгаллаш шарти билан ушбу университетда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид