Ўзбекистон | 18:02 / 01.09.2022
12757
3 дақиқада ўқилади

“5 та соҳани 5 баҳога!” — Комил Алламжонов устувор соҳалар белгиланганига изоҳ берди

“Президент 5 та соҳани устувор қилиб ажратиб, ҳозирги бор имконият билан шу 5 та соҳани 5 га бажарамиз, унинг устига ўтириб олиб, ёйилиб кетмасдан ишлаймиз, демоқчи бўляпти”, – дея изоҳ берди Президент администрацияси раҳбари ўринбосари. У нега айнан таълим, суд, бизнес, тиббиёт ва ичимлик суви муаммолари танлаб олинганини тушунтирди.

Фото: Комил Алламжонов / Telegram

Таълим, суд, тадбиркорлик, тиббиёт, ичимлик суви. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кейинги беш йилда шу бешта йўналишга энг кўп эътибор қаратилишини айтди. Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов Telegram-каналида бу борада изоҳ берди.

“Кечаги президент маърузаси нимаси билан фарқ қилади? Ундаги масалалар доим айтиб келинарди-ку.

Гап шундаки, юртимизда муаммо кўп, унинг ечими учун имконият кам. Ўзимизни қанча ўққа-чўққа урмайлик, чегараланган имконият билан масалани охирига етказа олмаймиз. Ишларимиз натижаси чала-чулпа бўлиб қолаверади.

Бунинг ечим қандай, деган саволга кеча президент жавоб берди.

У 5 та соҳани устувор қилиб ажратиб, ҳозирги бор имконият билан шу 5 та соҳани 5 га бажарамиз, унинг устига ўтириб олиб, ёйилиб кетмасдан ишлаймиз, демоқчи бўляпти”, – дея тушунтирди Алламжонов.

Администрация расмийси нега айнан шу бешта йўналиш танлаб олинганига ҳам тўхталди.

“Таълим ривожланса, билимлилар кўпаяди. Билимлилар юрти ҳеч қачон қолоқ бўлмайди.

Бизнес ортидан одамлар, жамият бой бўлади. Камбағаллик қисқаради. Бойлари кўп юртда турли соҳалар, сервис хизматлар, умуман яхши ҳаётга интилиш кучаяди ва барпо бўлади.

Бизнесменлар ҳуқуқларини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олса, улар пулини четга олиб чиқиб кетмайди, четдан кирадиган инвесторлар сони ҳам шунга қараб кўпаяди, чунки уларда ҳам ишонч бўлади.

Аслида, ҳамма муаммонинг ечими бу – одил суд. Суд кучли бўлса, оддий айтганда таълимда ҳам, бизнесда ҳам, медицинада ҳам, сувда ҳам – ҳамма соҳада “беспредел” кам бўлади. Ҳамма ўзининг ўрнини билиб юради.

Эртага сув қуриб қолса, ислоҳотлар ҳам кўнгилга сиғмайди. Ҳозир сув камайиши тезлашган. Яқин йилларда айрим ҳудудлар чўлга айланиб, қурғоқчилик кучайиб кетиши хавфи ортиб бораяпти. Медицина муҳимлигини-ку гапирмаса ҳам бўлади. У ердаги коррупция ва сифатсиз хизматга ҳар биримиз доим тўқнаш келамиз.

P.S.: Бир сўз билан айтганда, айнан шу 5 та соҳани 5 га бажара олишимиз шарт”, – дея баёнот берди Комил Алламжонов.

У аввалроқ суд ислоҳоти муҳимлиги ҳақида ҳам ёзганди:

“Одамлар барча баҳсли масалаларни кўчада эмас судда ҳал қилсин. Ўзбекистонда шахслар эмас, суд кафил бўлсин. Ҳар бир фуқаро, инвестор адолатли судга ишониб иш тутадиган давлат бўлсин”.

Мавзуга оид