Ўзбекистон | 17:52 / 01.09.2022
12923
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Покистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Аҳолиси муссон ёмғирлари оқибатида сув тошқинларидан азият чеккан Покистонга ёрдам кўрсатиш мақсадида бугун Тошкентдан ушбу мамлакатга инсонпарварлик юки жўнатилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Покистонга ҳарбий ҳаво транспорти орқали қарийб 40 тонна юк етказилади. Инсонпарварлик юки таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари, қандолат ва макарон маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар киритилган.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Покистонда муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари 30 миллиондан ортиқ кишининг кундалик ҳаётини издан чиқарган. Мамлакат ғарби ва жанубидаги Балужистон ва Синд провинциялари энг кўп зарар кўрган. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Покистон дунё ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Кучли ёмғир ва кенг кўламли тошқинлар натижасида 1000 дан ортиқ одам вафот этган.

Мавзуга оид