Жаҳон | 16:20 / 01.09.2022
21265
16 дақиқада ўқилади

Сафронов иши. Журналистга нима учун 24 йил сўрашмоқда?

Журналист Сафроновга 24 йил қамоқ жазоси сўрашди. У Россия ва Миср ўртасидаги махфий ҳарбий келишув ҳақида ёзганди.

Фото: Антон Новодережкин / ТАСС

30 август куни Москва шаҳар судида давлатга хиёнатда айбланаётган журналист Иван Сафронов иши бўйича томонлар мунозараси ўтказилди. Прокурор журналист учун 24 йиллик қамоқ жазоси сўради.

BBC мухбирига кўра, Сафроновга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар бевосита унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ. Гап шундаки, 2019 йил Сафронов Россия Мисрга Су-35 қирувчи самолётлари етказиб бериши тўғрисида мақола ёзади. Бу эса Миср мудофаа тизимидагилар орасида можаро келиб чиқишига сабаб бўлган. Расмий Қоҳиранинг бу мақоладан норозилиги тўғрисидаги билдиришномаси Сафроновга нисбатан қўзғатилган давлатга хиёнат айблови доирасидаги ишга бириктирилган. Федерал хавфсизлик хизмати терговчилари гувоҳларга ҳам айнан шу мавзуда саволлар берган.

Сафронов қамоқхонада аллақачон 2,5 йил муддат ўтказди. ФХХ ва Кремл унинг қўлга олиниши журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини иддао қилиб келади. Бу борада Путин ҳам гапирганди. «У шунчаки ҳукуматга қарши чиққан норози кайфиятдаги журналист эмас, уни профессионал журналистик фаолияти учун қамоққа олишгани йўқ», деганди Россия президенти.

ФХХ Сафронов ишида деярли барча гувоҳлардан унга нисбатан илгари сурилаётган айблов журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслиги тўғрисида кўрсатма олган. Айблов хулосасига кўра, Сафронов Чехия фуқароси Мартин Лариш ва германиялик сиёсатчи Демури Воронин билан ҳамкорлик қилган. ФХХ бу икки одамни разведкачи деб атаган. Унда айтилишича, Сафронов исми келтирилган одамларга Россиянинг бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақидаги еттита файл берган ва бу файлларда махфий маълумотлар бўлгани айтилади.

«Проект» лойиҳаси Сафронов чет эл разведкаси вакилларига бергани айтилаётган маълумотлар очиқ манбаларда борлиги, ҳатто ОАВда эълон қилинганига эътибор қаратган. BBC журналисти аниқлаган маълумотларга кўра, гўёки давлатга хиёнат айблови бўйича Сафроновни кузатиш айнан ўша шов-шувли мақоласидан кейин бошланган.

BBC бу борада суриштирув ўтказиш жараёнида таҳририятга шахсини ошкор қилишни истамаган шахс томонидан мисрлик мансабдорларнинг Россия Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизматига ёзган иккита хати келиб тушади. Манба бу ёзишмаларни ўқиш ваколатига эгалигини айтган. Хат 2019 йил баҳорда, Сафронов ва унинг ҳамкасби Александр Жоржевич «Коммерсант»да Су-35 қирувчи самолётларининг Мисрга етказиб берилиши борасида мақола эълон қилганидан кейин ёзилган. Сафроновнинг адвокати Евгений Смирновнинг айтишича, ушбу хатлар мижозининг давлатга хиёнат айблови бўйича ишига ҳам киритилган.

Нега мисрлик генералларга Россияда цензура керак бўлиб қолди?

2019 йил 18 март куни «Коммерсант» газетасида «Су-35 Миср кучларини мустаҳкамлайди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилади. Унда Москва расмий Қоҳира билан 20 дан ортиқ Су-35 қирувчи самолётларини бутловчи қисмлари билан бирга 2 миллиард долларга сотиш бўйича келишувга эришгани ҳикоя қилинади. Ушбу хабар мудофаа саноатидаги икки топ-менежерга асосланиб берилади.

Бу хабар рус медиасида тезда тарқалиб кетади. Мамлакатдаги барча катта нашрлар «Коммерсант»га асосланиб бу ҳақда хабар беради, телеканалларда сюжетлар ҳам кўрсатилади. «Интерфакс» эса ўз манбаларига асосланиб самолётларни етказиб бериш аллақачон бошланиб бўлганини ёзади. Бу эса Сафронов тўғри хабар берганидан далолат эди.

Бу хабарни тезда Россия қирувчи самолёт етказиб берган буюртмачилар ҳам ўқишади. Мирснинг мудофаа масалалари бўйича Москвадаги атташеси генерал Муҳаммад Мансий Россия Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизматига хат ёзиб, бу борада тегишли чора кўришни сўрайди. Иккинчи хатни Миср армияси бошқарма бошлиғи генерал-майор Тариқ Саид Заглул ёзади. Бу хат анча кескин оҳангда битилган бўлиб, унда ёзилишича, мақола чиққан вақтда АҚШда бўлиб турган Миср араб республикаси бош штаби бошлиғи ноқулай аҳволга тушиб қолади.

Россиянинг Су-35 қирувчиси (архив фото)

2019 йилда Миср армияси бош штаби бошлиғи лавозимида Муҳаммад Фарид Хегазий ишлаётганди. Очиқ манбаларда унинг АҚШга ташрифи ҳақида хабар йўқ, аммо 20-22 март кунлари Вашингтонда АҚШ ва Миср ҳарбий доиралари ўртасида учрашув ўтказилиб, унда томонлар бир-бирига қандайдир норозилик билдиргани ҳақида ҳам сўз боради. Сафронов «Коммерсант»даги мақоласида Миср Россиядан самолёт сотиб олиш орқали АҚШ санкцияларига учраши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Генерал-майор Тариқ Саид Заглул ёзган хатда айтилишича, Мирс томони Россиядан бир неча марта ҳарбий ҳамкорлик шартномалари бўйича маълумотлар тарқалмаслигини таъминлашни сўраганди.

«Коммерсант»да эълон қилинган мақола Мисрда ё учинчи томонга берилган сигнал ёки кутилмаганда ОАВ эркинлиги ортидан чиқиб кетган деб қабул қилинган. Миср эса ҳар қандай ҳолатда ҳарбий ҳамкорлик бўйича хабарлар тарқалиб кетишидан норози бўлган.

Мисрлик генералнинг хати охирида Россияда ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув тафсилотлари тарқалгани икки давлат ўртасидаги бошқа келишувларга ҳам салбий таъсир қилиши, Миср бошқа давлатлар билан муносабатда босим остида қолиши айтилган. Шунингдек, генерал Заглул ҳарбий ҳамкорлик тафсилотлари ОАВда тарқалиши ортидан келиб чиқадиган ҳар қандай салбий оқибат учун Россия томони жавобгар эканини ёзган. Хатда Россия томонидан икки давлат ўртасидаги келишув тарқалишининг олдини олишни таъминлаш сўралган.

Иш қандай қилиб давлатга хиёнат даражасигача кўтарилди?

Адвокатларнинг айтишича, суд жараёнида Мисрга Су-35 самолётларини етказиб бериш ҳақида сўз бормаган, аммо бу борадаги мақола ишга киритилган. Шунингдек, ишга киритилган аксар маълумотлар айнан мақола чиққан 2019 йил баҳоридан кейинги вақтда содир бўлган воқеаларга тааллуқли. BBC'га кўра ФХХ ходимлари 2019 йил май-июн ойларида Сафроновнинг уйидаги компютердаги файлларни кўришга муваффақ бўлади. Журналистнинг компютерида фойдаланувчи унда нималар қилаётганини кўрсатиб турувчи махсус дастур ҳам ўрнатилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Сафроновнинг адвокати мижози 2014 йилдан буён Россия жиноят кодексининг 283-моддаси – «Давлат сирини ошкор қилиш» айблови бўйича кузатилганини айтди. Аммо унинг сўзларига кўра, журналист Сафронов бундай айблов объекти бўла олмайди, чунки бундай модда давлат сири ишонилган ёки хизмат вақтида давлат сирини билиши мумкин бўлган ходимларга нисбатан очилади. Сафронов бундай махсус ходимлар сирасига кирмайди. 2019 йил баҳоридан бошлаб эса Сафронов «Давлатга хиёнат» айблови бўйича кузатилган.

Шартнома нима бўлган?

Россия Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизмати мисрлик ҳамкорларидан келган хатларга қандай муносабат билдиргани аниқ эмас. BBC бу борада ташкилотга сўров юборган, аммо жавоб олгани йўқ. Шунингдек, Россия ва Миср ўртасида Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишув тақдири ҳам номаълум. Бундай келишув борлиги ҳақида расман маълумот ҳам берилмаган. Аммо 2019 йил 9 апрел куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео мамлакат Мисрни Россиядан Су-35 сотиб олгани учун санкциялар орқали жазолашини айтганди. Сенаторлар Помпеодан Мисрга босим қилиб, бу келишувни бекор қилишга эришишни сўрайди. Аммо Помпео ўша вақтда Вашингтонда расмий ташриф билан бўлиб турган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий учун шу огоҳлантиришнинг ўзи етарли бўлишини айтади.

2019 йил ноябр ойида Помпео Мисрни Россиядан қирувчи самолёт сотиб олаётгани учун огоҳлантирган, бу Мисрга камида АҚШ билан олди-берди қилишда муаммо туғдиришини айтганди.

2020 йил май ойида Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги мамлакат Миср билан келишув асносида янгича турдаги Су-35 қирувчиларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани ҳақида ёзади. Хабарда «Коммерсант»даги Сафроновнинг мақоласи асос қилиб олинади. Ўша йил Иван Сафронов қўлга олингач, июлда ОАВ Су-35нинг янгича кўринишига эътибор бера бошлади. 2021 йил июн ва декабр ойларида бу самолётлар Жуковскийдаги синов-парвоз институти аэродромида кўриниш беради.

2022 йил Франциянинг Air&Cosmos нашри коинотдан олинган суратларга асосланиб, Россиянинг Миср учун мўлжалланган Су-35 қирувчилари Комсомолскдаги авиация заводида турганини хабар қилди. 2021 йил июн ойида завод майдонида 11 та самолёт бўлган, декабрга бориб эса уларнинг сони 15 тага етган. Нашр бу самолётлар Миср учун мўлжалланган деган қарорга келган, чунки Россия аввалроқ Мисрга етказиб берган МиГ-29М/ММ қирувчиларининг камуфляжи ҳам янги Су-35никидай бўлган. 2022 йилга келиб завод самолёт майдонида 20 та Су-35 пайдо бўлади. Француз нашри қирувчиларнинг бўялган тусидан бу Миср учун мўлжалланганига шубҳа қилмайди.

Айбловда Сафроновнинг мақоласи ҳақида нима дейилади?

ОАВда эълон қилинган айбловда Сафроновнинг «Коммерсант»да эълон қилган мақоласи ҳақида ҳам сўз боради. Хусусан, Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Константин Бирюлин ва «Рособоронаэкспорт» матбуот котиби Вячеслав Давиденконинг сўзлари келтирилган. Давиденконинг айтишича, Сафронов унга тез-тез қўнғироқ қилиб Россиянинг ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича маълумот олишга уринган. «Су-35 масаласидачи?» деган саволга Давиденко «Шунга ўхшаш» деб жавоб берган.

Шунингдек, айбловда айтилишича, Сафроновнинг мақоласи бўйича Бош ҳарбий прокуратура томонидан текширув ўтказилган, «Рособоронаэкспорт» томонидан эса уни ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилган. Аммо уларнинг натижаси қандай бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Константин Бюрилин ҳам Сафроновнинг Миср билан тузилган шартномага қизиқиб юрганини тасдиқлаган. Қизиғи, унинг 2016 йил Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизматидан кетгани ҳақида биринчи бўлиб айнан Сафронов «Коммерсант»да хабар берган. Бирюлиннинг айтишича, 2019 йил 17 март куни (мақола чиқишидан аввал) Сафронов унга қўнғироқ қилиб Су-35 ҳақида маълумот олишга уринган. Қизиғи, ўша вақтда Бирюлин Федерал ҳарбий-техник ҳамкорлик хизматидан кетганига уч йил бўлганди. Айблов хулосасида уни «Тактик ракетали қуролланиш» акционерлик жамияти ходими сифатида кўрсатишган. Константин Бирюлин қирувчи самолётлар ҳақида махфий маълумотларни билиш-билмаслигига ойдинлик киритилмаган.

Мақола сайтдан ўчирилган

Айбловда «Коммерсант» газетасининг 2021 йил 25 октябр куни имзоланган расмий хати ҳам келтирилган. Унда айтилишича, 2019 йил чоп этилган Су-35 ҳақидаги мақола, шунингдек, 2014 ва 2015 йилларда чоп этилган яна тўртта мақола газета сайтида блоклаб қўйилгани айтилади. Маълум бўлишича, «Коммерсант» бош муҳаррири ўринбосари Александр Стукалиннинг тпшириғига кўра Су-35 ҳақидаги мақола «Роскомнадзор» талабига билан ўчириб ташланган. «Коммерсант»нинг хатида ҳам, айблов хулосасида ҳам мақолалар қайси сабабга кўра блоклангани ёки ўчирилгани айтилмаган. Аммо «тезкор-қидирув тадбир» давомида терговчилар ушу блокланган мақолалар «махфий» даражадаги давлат сирини ошкор қилгани айтилади. «Роскомнадзор» айнан давлат сирини фош қилгани сабаб уларни ўчиришни талаб қилган.

Қизиғи, давлат сирини фош қилганлик учун маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги модда Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 2016 йилда киритилган. Аммо ишда Сафронов 2014 йилдан буён махфий маълумотларни тарқатиб келгани айтилади. «Коммерсант» газетаси архивида эса Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги бўйича Сафроновнинг ўнлаб мақолаларини топиш мумкин. Хусусан, Миср билан ҳамкорлик ҳақида. 2011 йил «Рособоронаэкспорт» раҳбари Анатолий Исайкин Россиянинг Ливия, Тунис ва Мисрга қурол етказиб бериш бўйича келишувлар бекор бўлгани ҳақида очиқ айтган ҳам.

2012 йил Сафронов Миср Америкадан танк сотиб олаётгани, Россия учун бу бозор деярли ёпиқлиги ҳақида ёзади. 2013 йилда эса журналист аксар давлатларда, хусусан, Мисрда ҳарбий буюртмаларни сотиб олишда оддийгина жавобгарлик етишмаслиги ҳақида суриштирувни таржима қилади.

2016 йил Сафронов Россия Мисрга «Антей-2500» тизими учун эҳтиёт қисмлар етказиб бергани ҳақида ёзиб, бу икки давлат ўртасидаги 3,5 миллиард долларлик келишув доирасида амалга оширилганини айтади. Ўшанда Мисрга бир нечта «Бук-М2Э» тизимлари, вертолёт бутловчи қисмлари, «Корнет-Э» зенит-ракета комплекслари етказиб берилганди. Шунингдек, ўша вақтда Россия Мисрга 46 та МиГ-35 қирувчи самолётлари етказиб бериши кутилган ва бу савдо 2 миллиард долларга баҳоланганди.

2017 йил Сафронов Россия Мисрга Ка-52 зарбдор вертолётлари етказиб бериши ҳақида ёзилган мақола муаллифларидан бири бўлади. 2018 йилда эса Мисрдаги машғулот парвозида МиГ-29М/М2 қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида биринчи бўлиб айнан Сафронов хабар қилади.

Давлат сири бормиди?

2019 йил 26 март куни Малайзиядаги Lima-2019 кўргазмасида «Рособоронаэкспорт» раҳбари ўринбосари Сергей Корнев «Интерфакс»га «Коммерсант»даги мақолада келтирилган шартнома ҳали имзоланмаганини айтганди. «Коммерсант» бу хабарни ўз сайтида эълон қилади.

Кўп ўтмай, апрел ойида «Коммерсант» Сафроновнинг бошқа бир мақоласи сабаб янги можарога ўралашиб қолади. Унда Россия ҳукуматида кадрлар ўзгариши кутилаётгани, Россия федерация иттифоқи раҳбари Валентина Матвиенко ишдан кетиб, унинг ўрнини Ташқи разведка хизмати раиси Сергей Наришкин эгаллаши айтилади. Бу хабардан бир ой ўтиб эса Сафронов «Коммерсант»дан кетишга мажбур бўлади, чунки у ўзининг махфий манбаси ким эканини ошкор қилишни истамайди. Сафронов кетиши ортидан уни қўллаш мақсадида «Коммерсант»даги барча сиёсий блок мухбирлари ишдан кетади.

Сафронов кетганидан бир кун ўтиб, 21 май куни Москва суди «Роскомнадзор»нинг «Коммерсант»га нисбатан даъвосини рўйхатга олади. Унга кўра қонун билан махфийлиги қайд этилган маълумотни ошкор қилгани учун таҳририятга 1 миллион рублгача жарима хавф соларди. Газета «Роскомнадзор» айнан нима асосида эътироз киритгании борасида сўровларга жавоб бермайди. 3 июн куни Forbes нашри «Коммерсант» сайтидан «Су-35 Миср кучларини мустаҳкамлайди» сарлавҳали мақола йўқолиб қолганига эътибор қаратади. Сафронов Forbes'га мақоласи ўчирилиши ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш олмаганини маълум қилади.

Forbes мақола йўқолиб қолгани борасида хабар берганидан 4 кун ўтиб суд «Роскомнадзор»нинг «Коммерсант» устидан қилган шикоятини ёпиб, уни кўришни рад этади. «Коммерсант» ходими Георгий Ивановнинг айтишича, суд «Роскомнадзор»нинг эътирозида гап нимада экани аниқ кўрсатилмаган деб топади.

Қизиғи, Россиянинг Мисрга Су-35 қирувчи самолётлари етказиб бериш борасидаги суриштируви ўчирилган бўлса-да, сайтда худди шу маълумотларни такрорлайдиган бошқа бир мақола тураверади. Ваҳоланки ФХХ унда келтирилган маълумотларни махфий деб топганди. «Миср Россиядан ўнлаб Су-35 қирувчи самолётлари сотиб олмоқда» сарлавҳаси билан эълон қилинган хабарда шундай дейилади: «Россия Миср билан кўп функцияли Су-35 қирувчи самолётлари етказиб бериш борасида келишув имзолади. «Коммерсант»нинг мудофаа саноатидаги икки топ-менежер лавозимида ишлайдиган манбасига кўра келишув 2 миллиард долларга баҳоланмоқда».

Айнан мана шу жумлалар сабаб Миср томони Россияга эътироз билдириб, журналист давлатга хиёнатда айбланади ва уч йилдан буён қамоқда қолмоқда. Прокурор Сафроновдан ўз айбига иқрор бўлса, у учун 24 йил эмас, 12 йил қамоқ жазоси сўрашини айтади. Иван Сафронов эса бу таклифни рад этади.

Мавзуга оид