Яна 10 та соҳа вакиллари даромад солиғидан озод қилинди
Ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхати тўлдирилди. Молбозорлар ва автомобил бозорларидаги даллоллар, маклерлар, уйида сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, стол-стул каби маиший буюмларни тўй-маърака учун ижарага берувчилар каби 10 та соҳа вакиллари 1 ноябрдан бошлаб расман иш стажига эга бўлиши мумкин.
“Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 ноябрдан қуйидаги 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади:
- уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
- автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
- риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
- уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
- маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
- гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
- тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
- ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
- уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
- кулолчилик.
2023 йил 1 январдан ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМ 50 фоизидан йилига БҲМ бир бараваригача камайтирилади (савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно).
2023 йил 1 январдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМ камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:
- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
- иссиқхона;
- паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
- қуёнчилик;
- асаларичилик;
- балиқчилик;
- боғдорчилик;
- лимончилик;
- гулчилик.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 369-моддасига асосан, белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жами даромадлар таркибига киритилмайди ва солиққа тортилмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тоифалари рўйхатида бунгача 68 та йўналиш бор эди. 1 сентябрдан улар қаторига киракашлик ҳам қўшилди.
Фуқаролар Soliq иловаси орқали ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.
Мавзуга оид
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
07:50 / 25.10.2024
Ўзини ўзи банд қилган таксичилар сони икки баравар ошди
17:53 / 24.08.2024
АҚШнинг санкциялар сиёсати глобал яширин иқтисодиётни яратди — WSJ
20:33 / 17.06.2024