Жаҳон | 16:40 / 05.09.2022
42378
15 дақиқада ўқилади

Мослашувчан темир хоним. Лиз Трасс Британия бош вазири бўлди

Ўзини «темир хоним» деб аташларини истайди, солиқларни камайтиришни ваъда қилган ва Путинни тўхтатишга чақирган. Британиянинг янги бош вазири ҳақида нималар маълум?

Фото: Getty Images

Буюк Британия ташқи ишлар вазири 47 ёшли Елизабет Трасс ҳукмрон Консерватив партиянинг янги раҳбари этиб сайланди.

Овоз бериш жараёнининг олтинчи турида у Консерватив партиянинг 81 326 нафар аъзоси овозини қўлга киритди. Унинг рақиби, собиқ молия вазири Риши Сунакка 60 399 киши овоз берган.

Лиз Трасс Консерватив партия раҳбарлигида Борис Жонсоннинг ўрнини эгаллайди.

Яқин вақтлар ичида Жонсон қироличага ўз истеъфосини маълум қилиши ва Трассни ўз вориси сифатида тақдим этиши керак. Қиролича билан расмий учрашувдан кейин Трасс расман бош вазирга айланади.

Жонсон июл ойи бошида Консерватив партия раҳбарлигидан кетишини эълон қилганди. У ўз кабинетида юзага келган можаро ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Кутилган ғолиблик

Август ойи ўрталарида ўтказилган сўровлардан бирига кўра, Лиз Трасс Консерватив партия раҳбарлиги учун курашда Риши Сунакни жиддий фарқ билан ортда қолдирган: уни партия аъзоларининг 60 фоизи, Сунакни 28 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Фақатгина Консерватив партия аъзолари овоз берадиган сайловда ғалаба қозонадиган номзод автоматик равишда британ ҳукумати раҳбарига айланади.

Британия тарихидаги илк бош вазир бўлган Маргарет Тэтчернинг ёрқин фаолияти туфайли унинг издошлари ҳам «темир аёл» бўлишга уриниши табиий. Партия функционери, 2016-2019 йилларда бош вазир бўлган Тереза Мэйни ҳам унга ўхшатишган. Аммо ўхшамаган.

Мэйдан кўра Лиз Трасс Тэтчер каби консерваторларнинг қатъий ва ғоявий етакчисига ўхшайди ва унинг ўзи бундай ўхшашликни эслатиб туришга интилади.

Тўрт йил муқаддам у Шотландиянинг Scotsman газетасидаги колонкасини 7 ёшида Шотландиядаги илк мактабидаги дебатда Тэтчер ролини ўйнагани ҳақидаги хотиралар билан бошлаган. Кейин - Тэтчер ҳақида ҳеч қандай муҳокамалар йўқ, фақат у Шотландияда ўта машҳур бўлгани эсланади. Аммо образ «киритиб кетилган», Тэтчер ва Трасс фамилияси ёнма-ён келган - шунинг ўзи етарли.

Ҳозирда британ матбуоти у Шарқий Европада танкда суратга тушгани ёки теледебатларга кўк блузка кийиб келганига эътибор қаратмоқда - буларнинг бари Тэтчернинг медиадаги имижини ёдга солади.

ТИВдаги ходимларининг айтишича, у инстаграмдаги саҳифасини ўзи юритиб, образини ўз қўллари билан шакллантиради.

Иш ташқи деталлар билан чекланиб қолмайди. Нутқлари ва мақолаларида Трасс хоним омма қаршисида сўнгги ўттиз йил ичида, яъни Тэтчер давридан буён Буюк Британия бошқарувида кузатилмаган мафкуравий сиёсатчи - ҳақиқий тори, ўнг либерал сифатида намоён бўлади.

Шу билан бирга Трасс черковга қатнамайди ва бир жинслилар никоҳи учун овоз берган - замонавий британча консерватизм мана шундай.

«Камида ўз тарафдорлари назарида у Маргарет Тэтчер ва Рональд Рейганнинг солиқларни камайтирувчи вориси сифатида гавдаланади», дея ёзганди Times газетаси Трасс ҳақида июн ойида, янги етакчини сайлаш жараёни бошида.

Европада уруш кетмоқда, Буюк Британия эса - хусусан ТИВ раҳбари Лиз Трасс тимсолида - Украинага фаоллик билан ёрдам кўрсатмоқда, аммо уруш билан бирга иқтисодий муаммолар ҳам келди ва айнан иқтисодиёт мавзуси Трасс ва Сунак мунозараларининг асосий мавзуси бўлди. Қолаверса, уларда Россия ва Украина масаласида келишмовчиликлар йўқ.

«Мен сайловда консерватор сифатида курашаман ва консерватор каби бошқараман. Халқ эркин бизнес қилишни, эркин ва фаровон яшашни истайди. Одамлар ҳукумат уларнинг ҳаётини бошқаришга уринишини ёки керагидан ортиқ маблағ сарфлашини истамайди. Мен бутун фаолиятим мобайнида консерватизмнинг асосий тамойиллари тарафдори бўлиб келганман», дея ёзди Трасс хоним Telegraph газетасидаги манифест-мақоласида.

Трасс ўз рақиби Риши Сунак молия вазири эканида жорий этган ёки жорий этишни режалаштирган соғлиқни сақлаш солиғи ва корпоратив солиқларни оширишни бекор қилиш орқали солиқларни камайтиришга ваъда берган.

Натижада Британия бюджетига Сунак режалаштирган миллиардлаб йиғимлар етишмаслиги мумкин. Сунак - молиячи ва у инстинктив равишда бюджетни мувозанатда сақлашга интилади. Трасснинг ҳам биринчи касби ҳисобчилик бўлган (уларнинг иккиси ҳам Оксфордни битта курсда якунлашган), аммо унинг учун ҳозирда принциплар муҳимроқ - бюджет эса, унинг ишонч билдиришича, бардош бера олади, фақат пандемиядан кейинги миллий давлат қарзининг олдинги чегарасига қайтишни кечиктириш керак.

Бундан ташқари, Трасс давлат харажатларининг умумий текшируви ўтказилиши, шунингдек фирмалар учун қоидалар ва талаблар соддалаштирилган инвестиция зоналари ташкил этилишини ваъда қилган.

Трасс майда масалаларда, рамзий майда ишларда ҳам либерал бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Масалан,у ҳукуматдаги айрим ҳамкасбларининг қўшимча солиқлар жорий этиш ҳамда «носоғлом» бўлган маҳсулотлар - таркибида катта миқдорда шакар, туз ёки ёғ бўлган маҳсулотлар, ичимликлар ва таомлар сотувини чеклаш ғоясига қарши чиқади. «Етар, ҳукумат одамларга нима ейишни буюрмаслиги керак», деган у.

Профессионал мослашувчанлик

Трассга маҳлиё бўлмаганлар бир саволни беришади: у принциплар ҳақида гапираётганида қанчалар самимий?

«Уни кўп йиллар давомида кузатиб келадиганларнинг аксари унда умуман қандайдир қатъий эътиқод борлиги ёки у ҳозирда танлаш қулай бўлган позицияни танлаётгани борасида шубҳаларга эга», дея ёзади Американинг CNN телеканалининг британиялик шарҳловчиси.

Кэмерон бош вазирлиги даврида Лиз Трасс Евроиттифоқда қолиш тарафдори эди, брекситер Жонсон даврида эса - Евроиттифоқдан чиқишни ёқлади. Фото: Reuters

Мэри Элизабет Трасс (у худди Александер Борис де Пфеффель Жонсон каби, биринчи эмас, иккинчи исмидан фойдаланишга қарор қилган) - профессионал сиёсатчи, бутун фаолияти давомида у мослашувчанлик, прагматиклик, сезиш қобилиятини намойиш этди, уни айримлар «принципсиз» ёки «флюгер» деб аташади.

Ҳозирда Трасснинг сайловчилари - торилар партияси аъзолари, уларнинг аксарига у айтаётган гаплар ёқиши мумкин. Аммо у партияни умуммиллий парламент сайловларига бошлаб борадиган маҳалда нима дейди - у ерда фақат консерваторларга эмас, бутун аҳолининг катта қисмига маъқул келадиган гаплар айтилиши керак.

Шунга қарамай, тадбиркорлар ва шахслар эркинлиги тарафдори бўлиши Трасснинг фойдасига ишлайди, у кўп йиллардан буён бу эркинликларни баланд овозда ҳимоя қилиб келмоқда. Аммо ўз йўли бошида у бу қадар дангал эмасди.

Қарийб ўттиз йил муқаддам Лиз Трасс Британия сиёсий элитасининг асосий инкубатори саналадиган Оксфордга йўл олади ва PPE (фалсафа, сиёсат, иқтисод) мутахассислиги бўйича таҳсил олади.

Сўл қарашларга эга оилада ўсган Трасс Оксфордда марказчи Либерал-демократик партияга қўшилади. Сафдошларининг хотирлашича, у марихуана қонунийлаштирилиши ва монархия бекор бўлишини ёқлаб чиқишлар қилган - булар эса британ консерваторларига бегона бўлган ғоялардир.

«Ишончим комилки, ўша вақтларда гиёҳванд моддаларни декриминализация қилиш ёки монархияни бекор қилиш ҳақида гапирганида Трасс жамоатчилик учун томоша кўрсатган. Ўйлайманки, у ҳар қандай аудитория учун рол ўйнаб берадиганлардан бири ва мен у ўшанда ҳам, ҳозир ҳам ўзи айтаётган гапларга ишонишига мутлақо ишончим комил эмас», деган CNN’нинг британиялик таҳлилчиси билан суҳбатда унинг Либерал-демократик партиядаги собиқ сафдоши Нил Фосетт.

Университетни тамомлаган йили, 1996 йилда Трасс либерал-демократларни тарк этиб, торилар сафига ўтган.

Кейин ҳисобчи сифатида ишлаган ва бир неча бор қаергадир сайланишга уринган, бу уринишлардан фақат бир мартасида омади келиб, Лондондаги туманлардан бирининг кенгашига аъзо бўлган. Ва ниҳоят 2010 йилда Дэвид Кэмероннинг кенгайтирилган жамоасига киришга ва Умум палатага сайланишга эришган.

Шотландияда жамоатчиликнинг бир қисми Трасс ва Сунакни норозилик билан кутиб олди. Биринчидан, Шотландияда консерваторларнинг эмас, сўл партиялар обрўси юқорироқ, иккинчидан, Трасс - Шотландия мустақиллиги бўйича иккинчи референдум ўтказилишига қатъиян қарши.

Шундан кейин Трасс фақат олдинга ҳаракатланган, ҳар сафар партиянинг бўлажак раҳбарини қўллаб-қувватлашда адашмаган, ўзи ҳукуматида ишлаган уч бош вазирга содиқ қолган - аввалига Кэмерон ҳукуматида атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги вазири бўлган, Тереза Мэй ҳукуматида адлия вазири лавозимини эгаллаган, Борис Жонсон ҳукуматида эса ташқи савдо вазири ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлади.

Трасснинг Brexit масаласида фикрини ўзгартирганини тез-тез ёдга олишади.

2016 йилги референдумга қадар, европапараст бош вазир Кэмерон даврида у Европа Иттифоқидан чиқишга қарши бўлган. Референдум ва Кэмероннинг истеъфосидан кейин Трасс хато қилгани ва у энди - Евроиттифоқдан чиқиш тарафдорига айланганини айтган.

Тереза Мэй ортидан ҳокимиятга келган брекситер Жонсон уни ташқи савдо вазири этиб тайинлайди ва Трасс турли мамлакатлар билан савдо келишувларини қайта кўриб чиқишга киришади ва уларнинг ҳар бирини Европа Иттифоқи билан йўллари айро бўлган Британия учун муваффақият дея эълон қилади - ҳолбуки уларнинг аксариятида савдо шартлари Британия ЕИ аъзоси эканида тузилган битимлардан шунчаки кўчирилганди.

Лиз Трасс ториларнинг бўлажак етакчиси ва бош вазир бўлиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ, 2018 йил охирида, Тереза Мэйнинг муваффақиятсиз бошқаруви поёнига етаётганида гапирилганди. Шу билан бирга, британиялик журналистлар тусмол қилишича, бундай миш-мишлар болалашини Трасснинг ўзи бошлаб  берган - ёки, ҳеч бўлмаганда бунга ўз улушини қўшган.

Аммо 2019 йилда у номзодини илгари сурмади - уни ҳамкасб депутатлар орасида қўллаб-қувватлайдиганлар етарли даражада эмасди, қолаверса, ўшанда Борис Жонсон билан рақобатлашишдан наф йўқ эди. Энди эса Трасснинг обрўси Жонсонникидан ҳам ўзиб кетмоқда.

Путинни тўхтатиш

PA MEDIA

Яқин вақтларгача рус тилли нашрлар қайсидир европалик сиёсатчини аудитория учун таништиришда албатта унинг Россия билан муносабатлардаги позициясига алоҳида тўхталарди. Энди бу ўз маъносини йўқотган: Европада россияпараст сиёсатчилар деярли қолмади (Британияда эса деярли бўлмаган).

Лондоннинг Путин Россияси билан муносабатлари катта эҳтимол билан Трасс бошқарувида ҳам ўзгармайди (Сунак ғалаба қозонганида ҳам худди шундай дейиш мумкин эди).

Лиз Трасс Форин-офис раҳбари сифатида уруш даврида Ғарбда иккинчи пландаги сиёсатчилар орасида Россиянинг энг сезиларли мухолифларидан бирига айланди.

Россиянинг Украинага босқинидан олдин у ҳам Жо Байден, Энтони Блинкен, Борис Жонсон каби оқибатлар ҳақида огоҳлантириб чиқишлар қилди. Россияга борди ва Сергей Лавров билан гаплашди. 24 февралдан кейин кўплаб европалик сиёсатчилар каби Путинни тўхтатиш кераклигини айта бошлади.

«Агар биз Путинни Украинада тўхтата олмасак, бошқа давлатлар - Болтиқ бўйи давлатлари, Польша, Молдова ҳам хавф остида қолади ва бу НАТО билан зиддият келтириб чиқариши мумкин. Биз буни истамаймиз. Шу туфайли ҳозирнинг ўзида ҳаракат қилиш мумкин», деди Трасс апрел ойидаги чиқишларининг бирида.

«Россия билан ўзаро ҳамкорлик даври поёнига етди. Бизга Европа хавфсизлигини таъминлаш учун қаршилик кўрсатиш, мудофаа ва тийиб туриш қобилиятига асосланган янгича ёндашувлар керак», дея давом этади Трасс.

У ўз бошқаруви даврида Буюк Британия Европанинг мудофаа қобилиятини оширишига ўз ҳиссасини қўшишини ваъда қилмоқда: Трасс дастурининг пунктларидан бири - ҳарбий мақсадлар учун ажратиладиган маблағ миқдорини ЯИМнинг ҳозирги 2,1 фоизлик миқдоридан 3 фоизигача оширишдир. Тўғри, бу фақат 2030 йилга бориб рўй бериши кўзда тутилган. Ҳозирда Британия ҳарбий эҳтиёжлар учун 60 млрд доллар атрофида маблағ йўналтиради ва бу НАТОда АҚШдан кейинги иккинчи кўрсаткичдир.

Бундан ташқари, Трасс Британия урушдан кейин Украинани тиклашда фаол иштирок этишини, бош вазирликка сайлангач биринчи бўлиб Украина президенти Володимир Зеленский билан қўнғироқлашишини айтган.

«Биринчи кунданоқ йиқилиш»

Британиялик журналистлар фикрича, Лиз Трасснинг Риши Сунакни енгишига халал қила олмаган бўлса-да, келгусида муаммо чиқариши мумкин бўлган хусусияти - бу у қадар яхши нотиқ эмаслигидир.

Унинг нутқи жуда кўпчилик, нафақат сиёсатчи ва журналистлар, балки оддий аҳоли вакиллари ҳам жуда яхши нутқ сўзлай оладиган Буюк Британия ўлчовлари бўйича ёмондир - бу мамлакатда омма олдида нутқ сўзлаш ва дебатларда иштирок этишга болаликданоқ, мактаб чоғлариданоқ ўргатишади.

Аммо агар Трасс олдиндан тайёрланмаган ҳолда чиқиш қилса, кутилмаган воқеалар рўй бериши мумкин.

Россия босқини арафасида Лиз Трасс Ғарбдаги бошқа сиёсатчилар каби Москвага ниманидир тушунтиришга уринди. Босқин бошлангач эса, келишув ва ҳамкорлик даври тугаганини эълон қилди. / Фото: Россия ТИВ

Жамоатчилик унинг шу йил феврал ойида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашувдаги қўпол хатосини эслайди, ўшанда Лавров Россия шунчаки ўз ҳудудида ҳарбийларини ҳаракатлантираётгани ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмаслигини айтиб, киноя билан Трасс Россиянинг Воронеж ва Ростов областлари устидан суверенитетини тан олиш-олмаслигини сўраганди.

Трасс эса унинг сўзларини тушунмаган ҳолда, гап Донецк ва Луҳанск ҳақида кетмоқда деб ўйлаб, шундай қовун туширганди: «Буюк Британия ҳеч қачон Россиянинг бу ҳудудлар устидан суверенитетини тан олмайди».

Британ газеталари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 20 июл куни, у партия сайловлари финалига чиққан кунда Трасснинг устидан обдон кулишганди, чунки у твитида «ҳаялламасдан ишга киришиш» (hit the ground running) иборасини ишлатишда охирги сўзни тушириб қолдирганди. Натижада «гурсиллаб йиқилиш» маъноси (hit the ground) чиқиб қолганди. Твитнинг тўлиқ матни қуйидагича кўриниш олганди: «Ишонч билдирганингиз учун раҳмат. Биринчи кунданоқ йиқилишга тайёрман».

Трасс ўша куниёқ хатосини тузатганди, аммо кеч бўлганди.

Британиялик айрим сноблар (аристократик жамиятда ўзини билимдон ва дид-фаростали деб ҳисобловчи одам) фикрича, Трасснинг норасмий давралардаги оғзаки нутқида ҳам барчаси жойида эмас.

«Бир қарашда у ҳазиллашаётганга ўхшайди, лекин  буни тушуниш қийин, чунки баъзида Лиз Трасс гапирадиган тил унинг она тили эмасдек туюлади», дея ёзганди You журнали мухбири 2019 йилда Трасс билан ресторанда, қулай муҳитда олинган интервюни эслаган ҳолда.

Мавзуга оид