Жаҳон | 08:00 / 05.09.2022
9014
3 дақиқада ўқилади

Салливан АҚШ элчиси сифатидаги фаолиятини якунлаб, Россияни тарк этди

Жон Салливаннинг ўрнига янги элчи келгунига қадар Элизабет Руд АҚШнинг Москвадаги элчихонасида муваққат ишлар вакили сифатида ишлайди.

Фото: Getty Images

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан АҚШ элчиси сифатидаги фаолиятини якунлаб, 4 сентябр, якшанба куни Москвадан жўнаб кетди, деб хабар бермоқда АҚШнинг Россиядаги элчихонаси сайти.

Салливан 2019 йил декабрида АҚШнинг Россиядаги элчиси этиб тайинланган эди.

Қайд этилишича, Жон Салливан Москвани тарк этгач, қирқ йиллик давлат хизматидаги фаолиятини якунлайди, бу даврда у АҚШнинг бешта президенти даврида ишлаган ва шу қаторда АҚШ давлат котиби ўринбосари, Адлия, Мудофаа ва Савдо вазирликларида юқори лавозимларни эгаллаган.

Элчи Салливаннинг ўрнига янги амалдор келгунига қадар Элизабет Руд АҚШнинг Москвадаги элчихонасида муваққат ишлар вакили сифатида ишлайди.

2022 йил июнь ойида ТАСС Россия давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Жон Салливан АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларда Украинадаги уруш сабаб жиддий ишонч йўқотилишини таъкидлади ва бу қанча давом этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди. 

«Мени энг кўп ишончнинг йўқолиши хавотирга соляпти. Россия ҳукумати бизни босқин режаси йўқлигига ишонтирди. Россия ҳукуматининг юқори мартабали вакилларидан ҳеч қандай босқин бўлмайди, ҳаммаси русофобия, деган гапларни эшитдик. Америка истерияси ва ҳоказони... Россиянинг юқори мартабали амалдорлари бундай режалар йўқлигини айтишди. Режалар йўқ. Яъни, Россия буни нафақат қилмоқчи эмас, ҳатто бундай режалари ҳам йўқ эди. Аммо ҳозир биламизки, бу нотўғри бўлиб чиқди, чунки 24 февраль куни содир бўлган воқеа яхши режалаштирилган ва уюштирилган бўлгани аниқ», - деди Салливан. 

Шу билан бирга, дипломат Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига ишонч билдирди, аммо бу тез орада содир бўлмаслиги айтилди.

Март ойида АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинни аввалига «ҳарбий жиноятчи», кейинроқ «ўлимга олиб келувчи диктатор» ва «бандит» деб атагани учун Салливан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган эди. Смоленская майдонида ўша пайтда «Америка президентининг бундай юқори мартабали давлат арбобига нолойиқ баёнотлари Россия-Америка муносабатларини бузиши олиб келиши» таъкидлади. 

Мавзуга оид