Спорт | 14:31 / 07.09.2022
20477
19 дақиқада ўқилади

Ҳоланднинг тезлик олиши Роналду ва Мессиникидан яхшироқ, Мбаппе Неймардан тўп қизғанмоқда. ЕЧЛда кун ўйинлари

Сешанба куни Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувлари бошланди.

Бензема жароҳат олди, Германияда сенсация

F гуруҳи
Селтик — Реал 0:3

Голлар: Винисиус (56), Модрич (60), Азар (77).
Селтик – Ҳарт, Юранович, Картер-Викерс, Йенц, Тэйлор, Макгрегор, О`Райли (Муй, 72), Ҳатате (Тернбулл, 72), Якумакис (Фуруҳаси, 72), Жота (Ҳакшабанович, 82), Абада (Маэда, 46). 
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Милитао (Рюдигер, 46), Менди, Модрич (Асенсио, 80), Кроос, Тчуамени (Камавинга, 71), Вальверде, Бензема (Азар, 30), Винисиус (Родриго, 80).

Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби стартда ўта ноқулай рақибга дуч келди. «Селтик» уйда исталган жамоага муаммо туғдириши мумкин, қолаверса «кельтлар» ҳозирда жуда юқори спорт формасида. Шанба куни улар азалий рақиби «Рейнжерс»ни тор-мор этди (4:0). Бу ўйинда эса рақиб мудофааси ва Куртуа доимий босим остида ушлаб турилди, биринчи бўлимда Макгрегорнинг зарбасидан кейин фақат дарвоза устуни голдан сақлади.

Бу «Реал»ни, албатта хавотирга солди, аммо ўйиннинг ярим соати ўтганида Бензема жароҳат олиб сафдан чиққанидаги хавотирлар кўпроқ эди. Француз ҳужумчиси ўрнига туширишга бошқа ҳужумчи йўқ эди ва Карло Анчелотти Азар «алдамчи тўққизлик» ролида бўладиган схемага ўтишга қарор қилди. Бельгиялик футболчи эса ишончни оқлади, аввалига «Қироллик клуби»да 100-бор ЕЧЛ ўйинида майдонга тушган Модричнинг голида ҳаммуаллифлик қилди, кейин ўзи ҳам январдан буён илк голини урди, бу унинг Чемпионлар лигасида 650 кун ичидаги илк голи бўлди.

Унинг голи аллақачон таслим бўлган шотландларга сўнгги зарба эди. Ўйинда биринчи голли ҳужумдан кейиноқ бурилиш юз берганди — рақибнинг тажовузкор прессингидан чиқишда намунали ўйин намойиш этилди, «Реал» футболчилари комбинация давомида 22 бор узатма амалга оширишди. Сўнггиси — қанотдан Вальверде ижросида бўлди — уругвайлик футболчи ҳужум учлигида ўнг қанотда мустаҳкам ўрнашган. Винисиус Жуниор эса Мадриддаги фаолиятида илк бор қаторасига тўрт ўйинда гол урди ва Бензема йўқлиги жамоа учун ҳукм бўлмаслигини кўрсатиб қўйди. Аммо, албатта, кўп нарса француз ҳужумчисининг жароҳати қай даражада эканига боғлиқ бўлади.

Лейпциг — Шахтёр 1:4
Голлар: Симакан (57) — Швед (16, 58), Мудрик (76), Траоре (85).
Лейпциг – Гулачи, Симакан, Орбан, Диалло, Ҳальстенберг (Раум, 46), Собослаи, Лаймер (Айдара, 82), Шлагер (Ҳенрикс, 70), Силва, Вернер (Форсберг, 70), Нкунку. 
Шахтер – Трубин, Тейлор, Матвиенко, Бондарь, Конопля, Мудрик, Степаненко (Кривцов, 86), Судаков, Бондаренко (Журасек, 62), Швед (Петряк, 62), Зубков (Траоре, 70).

Қуръа ташланганида Донецкнинг «Шахтёр» клуби одатига кўра «Реал» билан бир квартетдан жой олди — қаторасига учинчи бор. Бу сафар уларнинг компаниясига «Селтик» ва «Лейпциг» қўшилган. 

«Шахтёр» биринчи турни «Лейпциг»га қарши сафарда ўтказди ва кутилмаганда йирик ҳисобда (4:1) ғалабага эришди. Мезбонлар ўйиннинг илк дақиқалариданоқ ташаббусни қўлга олишди. Меҳмонлар дарвозабони Анатолий Трубин доимий равишда ўйинда бўлди, биринчи жиддий сейв 14-дақиқага тўғри келди. Бундеслигада ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлган Кристофер Нкунку жарима майдони ичида туриб дарвоза бурчагини ерлатиб нишонга олди, аммо Трубин зарбани бартараф этди.

Лекин икки дақиқа ўтиб, майдоннинг иккинчи томонидаги дарвозада Петер Гулачи ўзини жуда ёмон тутди. «Лейпциг» майдоннинг бу қисмида ўзаро пас алмашаётганида, венгриялик посбон концентрацияни йўқотди ва аҳмоқона финт ўйлаб топди. Гулачи тўпни ўзидан узоқлаштириб юборди, «Шахтёр» форварди Мариан Швед бир уринишда 35 метр масофадан туриб дарвозани ишғол этди.

«Лейпциг» футболчиларини бу омадсизлик карахт аҳволга солди. Немислар биринчи бўлим охиригача ўзига кела олмади, «кончилар»ни ўйиннинг бундай кечиши қониқтирарди ва улар танаффусгача ҳисобни сақлаш учун ўйнашди.

Танаффусдан кейин мезбонлар фаоллашди ва «Шахтёр» дарвозасини қамал қилди, бу ўз самарасини берди. 57-дақиқада «Лейпциг» чиройли комбинация амалга оширди, бир неча узатмалар билан рақиб жарима майдонига етиб борилди, ҳал қилувчи пасни Доминик Собослаи берди. Ушбу яримҳимоячи ўнг қанотда очилган ҳимоячи Муҳаммад Симаканани қулай вазиятга чиқарди, у эса тўпга бир тегинишда кучли зарба йўллаб, Трубинни ожиз қолдирди.

Аммо «Шахтёр» мезбонлардан фарқли ўлароқ, тезда ўзига келди. Голдан кейин ўйинни майдон марказидан бошлаган меҳмонлар майдоннинг ўз томонидаги бир неча паслардан кейин чап қанотдан тезкор ва технар Михаил Мудрикни олдинга ташлашди. Вингер жарима майдонига ёриб кирди ва орқароқдан келаётган Шведни тўп билан таъминлади, у йўл-йўлакай зарба берди. Зарба кучли чиқмади, аммо «Шахтёр»га тўп Вилли Орбаннинг оёғига тегиб, йўналишини ўзгартириши ёрдам берди.

Биринчи турда ўз майдонида ютқазишни истамаган немислар жамоаси бор куч билан олдинга ташланди. «Шахтёр»нинг ёш футболчилари эса бундан фойдаланишди. Тўпни ўз жарима майдонида эгаллаб олган украинлар битта узатма билан Георгий Судаков ва Мудрикни рақиб жарима майдонида иккига бир ҳолатга чиқаришди. Судаковнинг узатмасидан кейин Мудрик осонлик билан Гулачини алдаб ўтиб, ҳисобни оширди.

Мудрикка гол ва голли узатманинг ўзи камлик қилди ва ёзда унга «Арсенал» бежиз қизиқмаганини кўрсатиб қўйди. 85-дақиқада ушбу вингер яна ўнг қанотдан ёриб кириб, Ласин Траорени дарвозабон қаршисида ёлғиз қолдирди.

«Лейпциг» ҳисоб 1:2 кўринишига келганидан кейин рақиб дарвозаси олдида жиддий вазият ярата олмади. «Шахтёр» кутилмаганда «Ред Булл Арена»дан уч очко билан қайтадиган бўлди. Доменико Тедесконинг бундеслигдаги муаммолари Чемпионлар лигасига ҳам кўчди — «Лейпциг» ички чемпионатда 5 ўйинда атиги бир ғалабага эришган ва турнир жадвалининг 11-ўрнида жойлашган. «Шахтёр» эса «Реал» «Селтик»ка урганидан битта кўпроқ гол ургани туфайли, F гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

14 сентябр. «Шахтёр» — «Селтик», «Реал» — «Лейпциг».

Фаворитлар омадсизлиги давом этади

Е гуруҳи

Динамо Загреб — Челси 1:0
Гол: Оршич (13). 
Динамо Загреб – Ливакович, Муҳаррами (Лауритсен, 76), Ристовски, Перич, Шутало, Любичич, Адеми (Батурина, 89), Мишич, Иванушец, Оршич (Шпикич, 77), Петкович (Дрмич, 90+8).
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Аспиликуэта (Зиёш, 46), Кулибали, Фофана, Чилуэлл (Кукурелья, 71), Ковачич (Жоржиньо, 59), Маунт, Ҳавертц, Обамеянг (Броя, 59), Стерлинг (Пулишич, 75).

Загребдаги ўйинга «Челси» сафида Обамеянг дебют қилиши туфайли ҳам қизиқиш юқори эди. Янги футболчи дебютдаёқ Стерлинг учун жуда қулай вазият яратиб, кўкларда қандай устунлик борлигини кўрсатиб қўйди. Аммо «Динамо» ҳужумларга туриб берди, кейин икки пас билан меҳмонлар дарвозасини ишғол этди. Жарима майдони ичидан майдон марказига узун узатма, Петкович тўпни тўхтатиб, Оршич йўлига ташлаб бериши, ҳужумчи эса кўклар 87 миллион евро тўлаган Фофанани ортда қолдириши.

Иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби бошланди. Обамеянгнинг бекор қилинган голи ортидан Ристовски узоқ масофадан кучли зарба берди, уни Кепа қийинчилик билан тўсди ва тўп дарвоза тўсинига тегди. «Челси» — тўпни назорат қилди, лекин бундан ҳеч қандай наф бўлмади. Томас Тухел жамоаси мавсум бошидан буён шундай ўйнамоқда. Ўйиннинг қолган қисмида Жеймснинг зарбаси устунга тегиши ва Ливакович қатор сейвлар амалга ошириши натижани ўзгартирмади. Загребликларнинг ғалабаси — катта сенсация эмас, «Челси» Фрэнк Лэмпард давридан буён илк бор қаторасига уч сафар учрашувида мағлуб бўлди.

Натижада «Челси»да бош мураббий сифатида 100-ўйинидан кейин Томас Тухел истеъфога чиқарилди. 

Зальцбург — Милан 1:1
Голлар: Окафор (28) — Салемакерс (40). 
Ред Булл – Кен, Дедич, Соле (Бернардо, 42), Павлович, Ульмер, Зайвальд, Капальдо, Кьергор, Камери (Гурна-Дуат, 65), Окафор (Адаму, 90+3), Фернандо Педро (Шешко, 65). 
Милан – Меньян, Калабрия (Дест, 57), Томори, Калулу, Эрнандес, Бинносир (Побега, 57), Салемакерс (Мессиас, 80), Тонали, де Кетеларе (Диас, 70), Жиру (Ориги, 57), Леау.
Огоҳлантиришлар: Капальдо (17), Томори (38), Калабрия (44), Гурна-Дуат (68), Диас (89), Ориги (90+2).

«Милан»нинг ўтган йили Чемпионлар лигасига қайтиши фиаско билан якунланганди. Россонерилар «Порту»ни учинчи ўринга ўтказиб юбориб, ҳатто Европа лигаси плей-оффига чиқа олишмаган. Шу туфайли Зальцбургдаги ўйин муҳим эди, австрияликлар 2021 йил февралидан буён ўз уйида мағлуб бўлмай келмоқда.

Швейцариялик Окафор Калулуни газонга ўтқазиб қўйиб, ҳисобни очди ва ушбу ажойиб серия давом эттирилишидан огоҳ этди. Милан дербиси қаҳрамони бўлган Рафаэл Леау бу ўйинда ҳам ўзини кўрсатди ва Салемакерс ҳисобни тенглаштирувчи голни уришини таъминлади. Аммо меҳмонлар бундан ортиқ жавоб қайтара олишмади, Ориги ўйин охирида қулай вазиятни йўққа чиқарди, Леаунинг зарбаси устунга тегди. Гуруҳ фаворитлари бўлган икки жамоа биринчи турдан кейин жами бир очкога эга.

14 сентябр. «Милан» — «Динамо» З, «Челси» — «Зальцбург».

Норвег машинаси

G гуруҳи
Севилья — Манчестер Сити 0:4

Голлар: Ҳоланд (20, 67), Фоден (58), Диаш (90+2).
Севилья – Буну, Навас, Ньянзу, Кармона, Акунья, Теллес (Дольберг, 57), Ракитич (Мир, 46), Дилэйни (Жордан, 46), Гудель, Гомес (Сусо, 73), Иско (Янузай, 78). 
Манчестер Сити – Эдерсон, Канселу, Диаш, Аканжи, Гомес, Маҳрез, Филлипс, де Брюйне, Силва, Родри, Грилиш (Гундўған, 62), Фоден (Палмер, 70), Ҳоланд (Альварес, 70).

Жамоаларнинг бири мавсумни жуда муваффақиятсиз бошлаган, унинг мудофааси кўпроқ ўтиш йўлини эслатади. Иккинчи жамоа сафида эса Европанинг энг кучли чемпионатида олти турда 10 гол урган форвард. Бундай ҳолатда «Рамон Санчес Писхуан»даги ўйин натижасини олдиндан айтиш мумкин эди. Кутилганидек Де Брюйненинг узатмасидан кейин Ҳоланд ҳисобни очди.

У Чемпионлар лигасида рекордларни янгилашга киришмоқда. Турнир тарихидаги энг яхши тўпурар Криштиану Роналду турнирдаги дастлабки 20 ўйинида гол ура олмаган. Месси эса бундай вақтда саккиз гол урган. Ҳоландда эса бу кўрсаткич 25 та аниқ зарбага тенг. Ундан кейинги натижалар Карим Бензема (12) ва Роберт Левандовскида (11). Норвегиялик футболчининг ўзига ишончи юқори, ўзи ўйнаган жамоалар сафида асосий еврокубокдаги дебютларида дубл муаллифи бўлган — «Зальцбург», «Боруссию» ва «Ман Сити».

Ҳар бир ўйин Хосеп Гвардиола ниҳоят ЕЧЛда ғолиб бўлиш учун шу вақтгача етишмай келган ингредиентни топганини кўрсатмоқда. Қолаверса, Ҳоланднинг ёнида Де Брюйне ва Фоден каби маҳоратли футболчилар бор. Фоден «шаҳарликлар»нинг дастлабки уч голида қатнашди, ўзи ҳам финти билан Гуделни майдонга йиқитиб, ажойиб гол урди.

Боруссия Д — Копенҳаген 3:0
Голлар: Ройс (35), Геррейру (42), Беллингем (83).
Боруссия Д – Майер, Менье, Зюле, Шлоттербек, Геррейру (Роте, 86), Ройс (Вольф, 86), Азар (Рейна, 23), Брандт, Ўзжан (Жан, 66), Беллингем, Модест (Мукоко, 66). 
Копенҳаген – Райан, Дикс (Йелерт, 81), Хочолава (Бойлесен, 81), Вавро, Кристиансен, Фальк, Зее (Соренсен, 72), Лерагер, Классон, Корнелиус, Дарами (Ҳаральдссон, 60).

Куннинг биринчи ўйинида «Боруссия» дастлаб «Копенҳаген»нинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Данияликлар мудофаасини ёриб ўтишга фақатгина камдан кам ҳужумлардан бирида эришилди, ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни эгаллаб олган Зюле бошлаган ҳужум Ройснинг ижросида якунланди. Кўп ўтмай иккинчи тезкор комбинация ҳам самара келтирди. Рейна Рафаэл Геррейруни гол урмаслик қийин бўлган позицияга чиқарди ва биринчи бўлим якунига кўра ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Ўйин охирида эса Беллингем ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

14 сентябр. «Манчестер Сити» — «Боруссия» Д, «Копенҳаген» — «Севилья».

Париж Чемпионлар лигасидаги навбатдаги юришини бошлади

H гуруҳи

ПСЖ — Ювентус 2:1
Голлар: Мбаппе (5, 22) — Маккенни (53). 
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими (Мукиеле, 78), Рамос, Маркиньос, Кимпембе, Мендеш, Верратти (Саншеш, 87), Витинья (Данилу, 78), Месси (Солер, 83), Неймар, Мбаппе. 
Ювентус – Перин, Бонуччи, Данило, Бремер, Куадрадо (Де Шильо, 74), Костич, Паредес, Рабьо (Кен, 87), Миретти (Маккенни, 46), Милик (Локателли, 68), Влаҳович. 

«ПСЖ» ва Чемпионлар лигаси — адоғи йўқ қайғули тарих. Ҳозирча клуб ва соврин — турли оламлардаги персонажлар. Аммо, гуруҳ босқичидаги турлича муваффақиятсизликларга қарамай, Париж жамоаси ҳамиша фаворитлар қаторида бўлиб келган. Сўнгги йилларда қатор ёрқин ғалабаларга эришилди — 2019/20 йиллар мавсумида «Парк де Пренс»да «Реал» (3:0), ўтган йили эса «Манчестер Сити» (2:0) мағлуб этилди. 

Бу мавсум бошида ҳам «ПСЖ»да барчаси жойида. Кристоф Гальтье 3-4-3 схемасини ҳозирча муваффақиятли қўлламоқда. Майдон ўртасида Марко Верратти ва Португалия чемпионатидан олиб келинган Витинья яхши ҳаракат қилмоқда. Ҳимояда ҳатто Серхио Рамосга жой топилган. Ҳужум чизиғидаги триога саволлар йўқ. Неймар — чемпионатнинг олти ўйинида «7+6» кўрсаткичини қайд этди, Лео Мессида натижа — «3+6». Фақат Килиан Мбаппега тартиб ва ахлоқ борасида савол туғилиши мумкин, аммо у ҳам етти гол уриб улгурган.

Бьянконери ҳеч қачон томошабоп ўйин кўрсатмаган — 90-йилларда Марчелло Липпи бошқарувида ҳам, 2000-йилларнинг биринчи ярмида Фабио Капелло қўли остида ҳам. 2010-йилларнинг иккинчи ярмида «Юве» хўжайини Андреа Аньелли томошабоп ўйин кўрсатувчи жамоа қуришга қарор қилди. Суперюлдуз Криштиану Роналду таклиф этилди, замонавий ўйин услубида ўйновчи мураббийлар чақирилди. Барчаси ёмон тугади.

Бир неча йил давом этган беқарорликдан кейин «Ювентус» яна ўз аслига қайтмоқда ва томошабоп ўйин кўрсатиш иккинчи планга ўтмоқда. Жамоада мавсум стартида кузатилаётган ҳолатни шу билан ҳам изоҳлаш мумкин. Аммо Париждаги ўйин бундай трактовка ишламаслигини кўрсатди. Ҳозирда «ПСЖ» ва «кекса синьора» — турли дивизионлардаги жамоалар. Французлар жамоаси ўзига ортиқчалик қилиб қолган Леандро Паредесни Туринга юборгани ҳам бежиз эмас.

Ўйиннинг дастлабки 45 дақиқалигида мезбонлар фонида «Юве» қишлоқ жамоасидек кўринди. Макс Аллегри 5-3-2 схемаси танлаганини «ПСЖ»га мос схема танлашга урингани билан тушунтириш мумкин, аммо амалда бу иш бермади. Париж бир жиддий ҳаракат қилиши билан меҳмонлар ҳимояси сочилиб кетди. «Ювентус» фақат «ПСЖ» рухсат берганида тўпни назорат қилолди ва бу назорат бефойда эди.

Ўйинда тезкор гол урилди, кейин яна бир тезкор гол «ПСЖ»нинг вазифасини осонлаштирди ва ўйин темпи бироз пасайди. Майдонда бир вақтнинг ўзида Неймар, Месси ва Мбаппе бўлганида прессинг билан ўйнаш ҳам қийин.

«ПСЖ»нинг муаммоси шундаки, Франция чемпионатида жамоа хавф ҳис қилмай, ўз ўйинини ўйнайди. Танаффусдан кейин Аллегри схемани ўзгартирган ва тўпга эгалик қилинган бўлса-да, «Ювентус» ўйинини сезиларли даражада яхшилади дейиш қийин — жамоа шунчаки курашувчан ва диққатни жамлаган ҳолда эди.

Фарқ — «ПСЖ» туфайли. Уэстон Маккеннининг жавоб голидан олдинроқ Мбаппе ва Неймар икки киши бўлиб дарвоза томон чопиб боришди, француз ҳет-трик қилмоқчи бўлди ва бўш дарвоза қаршисида бўш турган шеригини тўп билан таъминлаш ўрнига ўзи зарба беришга қарор қилди — хато кетди.

Ҳисоб 2:1 кўринишига келганида Неймар товони билан пас бериши ва Мессининг кесиб ўтувчи паси билан яна ажойиб комбинация амалга оширилди — Мбаппе бурчакни аниқ нишонга ололмади.

«ПСЖ» ёзги қайта қуришдан кейин ҳам ҳамон қудратли жамоа, савол фақат мувозанатни сақлашда. Баҳоргача, мавсумнинг асосий ўйинларига қадар Гальтьеда камчиликларни йўқотиш учун вақт бор. «Ювентус» эса ЕЧЛда А Сериядаги каби ўйин кўрсатмоқда. Лекин жамоа плей-оффга чиқиш масаласини «ПСЖ» билан ўйинларда эмас, «Бенфика» ва «Маккаби»га қарши ўйинларда ҳал қилади.

Бенфика — Маккаби Ҳайфа 2:0
Голлар: Р.Силва (50), Гримальдо (54).
Бенфика – Влаходимос, Ба, Отаменди, А.Силва (Гонсалвеш, 79), Гримальдо, Мариу (Чикинью, 79), Р.Силва, Флорентину, Фернандес, Нерес (Эурснес, 65), Рамуш (Муса, 46).
Маккаби Ҳайфа – Коэн, Сундгрен, Батубинсика, Сек (Подгоряну 67, Менахем 79), Голдберг, Шери, Лави, Аль-Фаз, Ҳазиза, Давид (Ацили, 46), Пьерро (Рукавица, 79).

Турнирнинг гуруҳ босқичига сенсация билан етиб келган «Маккаби» Лиссабонда «Да Луж» стадиони таблосида танаффусга қадар 0:0 ҳисобини сақлаб қолди. Исроилликлар иккинчи бўлим бошида ҳисобни очиши ҳам мумкин эди, аммо ўз имконидан фойдалана олмади ва кўп ўтмай Рафа Силва Гримальдонинг узатмасини голга айлантирди. Испаниялик ҳимоячининг ўзи ақл бовар қилмас зарба билан тўпни «тўққизлик»ка йўллаганида эса, учрашув тақдири ҳал бўлди.

14 сентябр. «Ювентус» — «Бенфика», «Маккаби» Ҳ — «ПСЖ»

Мавзуга оид