«Олтин тўп» орзуси, Леброндан ўрнак олиши, Макрон билан суҳбат – Мбаппе катта интервью берди
Килиан Мбаппе – сўнгги кунларнинг бош қаҳрамонларидан бири. «Ювентус»га қарши ўйиндаги дубль эвазига у Чемпионлар Лигасида 35 та гол маррасига энг тез (23 ёшу 260 кун) етиб олган футболчи бўлди. Бу ҳатто Лео Мессидан ҳам (23 ёш, 307 кун) тезроқ.
Франциялик тўпурар яқинда The New York Times газетасига интервью бериб, «Реал»га ўтмагани, «Олтин тўп» режалари ва ҳатто президент Эммануел Макрон билан суҳбати ҳақида гапирди. Унинг муҳим жойларидан парчалар келтирамиз.
15 ёшида ўзини Times журнали муқовасига жойлаштирди. Тўрт йил ўтгач ҳақиқий муқовада тасвирланди
2014 йилда Мбаппе ҳали «Монако» академиясида таҳсил олаётганида мураббийлардан бири ёш футболчиларга ўз тасвирини қандайдир журнал муқовасига жойлаштиришни сўради. Килиан майда-чуйдаларга вақт сарфлаб ўтирмади ва тасвирини машҳур Times журнали муқовасига жойлаштирди. Суратга «Маэстро» деб имзо чекди ва бир неча сарлавҳаларни ўйлаб топди. Жумладан, унинг хаёлида Жозе Моуриньо тез орада ҳужумчи порлашини, Дидье Дешам эса Франция миллий жамоасига чақирмоқчи эканини айтди.
Тўрт йил ўтгач, Мбаппе Times журналининг ҳақиқий муқовасида пайдо бўлди.
«Ақлбовар қилмайди, дейди Килиан. - 15 ёшимда барча болалар каби кўп нарсаларни орзу қилардим. Кейинчалик, ҳаммаси ҳақиқатга айланди. Бу жуда зўр».
Эмерига шарт қўйди – ёмон ўйинлардан кейин захирага олмаслик
Мбаппе 2017 йилда ижара асосида «ПСЖ»га ўтганида бош мураббий Унаи Эмери олдига шарт қўйган: муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг уни дарҳол захирага ўтказмаслик. Агар кетма-кет бир неча ўйинларда гол уролмасагина захирага олинишига рози бўлган.
«У ўша пайтдаёқ карьерасини режалаштириб қўйган эди. Олдин «ПСЖ» билан беш йиллик шартнома имзолашини, кейин эса навбатдаги қадами ҳақида ўйлашини айтди», дейди Эмери бу ҳақда.
Хайрия ишлари билан шуғулланади ва Леброндан ўрнак олади
Килианнинг хайрия жамғармаси бор, у камбағал болаларга ёрдам беради. Мбаппе бошқа футболчиларни ҳам бунга чақиради. Пандемия пайтида Маркус Рэшфорд Британиядаги болалар ва камбағаллар учун бир неча хайрия тадбирларини ўтказган эди. Килиан унинг бу ҳаракатларини олқишлайди.
Мбаппе америкалик баскетболчи Леброн Жеймсдан бизнес ва хайрия ишларида ўрнак олади. Тўрт йил олдин улар Nike компанияси тадбирида танишиб олишган. «Леброн мени илҳомлантиради ва доно маслаҳатлар беради», дейди Килиан.
Пул учун Парижда қолмаганини айтади
Мбаппенинг айтишича, «Реал» таклифини пул туфайли рад этмаган: «Чунки қайси клубга борсам ҳам пулни оламан».
Бироқ Мбаппе келажакда Мадридда ўйнашини инкор этмайди: «Нима бўлишини ҳеч қачон билмайсиз. Мен бу клубда ўйнамаганман, лекин «Реал» худди уйим каби кўринади».
Мбаппе «ПСЖ» билан шартномани Макрон туфайли ҳам узайтирди
Мбаппе Франция президенти унинг «ПСЖ»да қолиш қарорига таъсир қилганини айтди: «Мен ҳеч қачон Франция президенти билан келажагим ҳақида гаплашаман деб ўйламагандим. Бу жуда ақлдан оздирадиган нарса.
У менга: «Францияда қолишингни хоҳлайман. Ҳозир кетишингни мавриди эмас, сен мамлакат учун жуда муҳимсан. «Реал»га ўтиш учун ҳали вақт бор, ҳозир эса шу ерда қол», деди. Албатта, президент бундай сўзларни айтганида, эътиборсиз қолдириб бўлмайди».
Матбуотдаги айбловларни инкор қилади
Килиан «ПСЖ» билан янги шартномани имзолаганида кўплаб имтиёзларни сўраб олганини инкор қилади. Масалан, бош мураббий ким бўлишини муҳокама қилиш жараёнида иштирок этиш ва ҳатто қайси футболчилар трансфер қилиниши масаласида овозга эга бўлиш каби.
«Бу менинг ишим эмас, дейди у. - Бунга аралашишни истамайман, чунки бу борада тажрибали эмасман. Мен майдонда кучлиман. Майдондан ташқаридаги жараёнлар эса менинг ишим эмас. Буни мендан ҳам яхшироқ эплайдиган одамлар кўп».
Месси ва Роналдудан кейин «Олтин тўп»ларни қўлга киритишни хоҳлайди
«ПСЖ» билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш Килианнинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда. Лекин, албатта «Олтин тўп» учун ҳам даъвогар. Унинг айтишича, Криштиану Роналду ва Лионел Месси вориси бўлишга тайёр.
«Ўйлайманки, яқинда уни қўлга киритсам керак. Ҳар доим буни орзу қилишимни айтганман. Орзуга чегара йўқ. Роналду ва Месси тўхтайди, уларнинг ўрнига янги авлод келади. Бу табиий ҳол».
Мбаппе ҳаётидан мамнун, аммо нигоҳида қайғу аломатлари сезилади
Мбаппе ўзини оддий ишлар билан шуғулланувчи оддий йигит деб ҳисоблайди. У ҳаётидан мамнун, бироқ, ўсмирлик пайтидаёқ омма эътиборига тушган, ёшлигиданоқ машҳур бўлиб олган футболчининг нигоҳида қайғу сезилади. Ҳозир унинг кўп сонли ёрдамчилари, тансоқчилари бор. Килиан уларсиз ҳеч қаерга боролмайди.
«Бу мен орзу қилган ҳаёт, бундан бахтиёрман. Шукр қиламан. Баъзан, бошқа одамлар оддий нарсалар қилаётганини, масалан, кўчада музқаймоқ еб бораётганини кўриб, қайғуга ботаман. Баъзан ўзим ҳам кўчага чиқиб, бемалол сайр қилишни истайман. Бироқ, бунинг иложсиз эканини тушунаман. Афсусланадиган ягона нарсам бор – эрта улғайганим», дейди у.