Ўзбекистон | 11:46 / 08.09.2022
37874
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ саммитига кимлар келиши маълум бўлди

Келгуси ҳафтада Самарқанд Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига мезбонлик қилади. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу тадбир ШҲТ етакчиларининг 2019 йилдан буён биринчи юзма-юз учрашуви бўлади ва Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислигига якун ясайди.

Маълум қилинишича, Самарқанд саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раиси Си Цзинпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Беларус президенти Александр Лукашенко, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этади. 

Расмий хабарда Ўзбекистон раислиги даврида асосий эътибор ташкилот доирасидаги ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини илгари суриш, транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, рақамли трансформация ва "яшил" иқтисодиёт, ШҲТ халқаро нуфузини мустаҳкамлаш каби энг муҳим устувор йўналишларига қаратилгани айтилади.  

Мавзуга оид