Ўзбекистон | 07:44 / 12.09.2022
9783
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож

Давлат раҳбари ўз мақоласида Афғонистонга ёрдам қўлини чўзиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“ШҲТга аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиздир. Ташкилотга раислик бизга улар билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар берди”, дейилади мақолада.

Қайд этилишича, бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир. 

“Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир.

Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим”, деб ёзади Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темирйўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшиш мумкин.

“Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз”, дейилади мақолада.

Мавзуга оид