ШҲТнинг Самарқанд саммити. Нималар кутилмоқда?
ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммити анча кенгайтирилган форматда ўтиши кутиляпти. Ушбу ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимида тутган ўрни ҳам йилдан йилга кучайиб бормоқда. Самарқанд саммитининг Ўзбекистон учун аҳамиятли жиҳатлари нималардан иборат?
ШҲТ ҳақида
Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) – 2001 йил 15 июнда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот. ШҲТнинг вужудга келиш тарихи “Шанҳай бешлиги“ деб аталган уюшма фаолияти билан боғлиқ. Дастлаб Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон давлатлари раҳбарлари (“Шанҳай бешлиги“) учрашуви бўлиб ўтган. Унда чегарадош мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш (1996 йил) ва қўшма чегарада қуролли кучлар ва қурол-яроғларни қисқартириш (1997 йил) тўғрисида 2 та битим имзоланган эди.
ШҲТнинг халқаро майдондаги таъсири ўсиб бориши билан минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳам мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишга бўлган қизиқиши ортди. 2017 йилда ШҲТ сафи икки янги иштирокчи – Ҳиндистон ва Покистон билан кенгайди. Ҳозирда 8 мамлакат ШҲТнинг доимий аъзоси ҳисобланади, 4 мамлакат эса кузатувчи мақомига эга (Беларус, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон) ва 6 мамлакат мулоқот бўйича ҳамкорлар саналади (Туркия, Озарбойжон, Непал, Шри-Ланка, Камбоджа, Арманистон).
Самарқанд саммитида Эрон ШҲТ янги доимий аъзоси сифатида таништирилиши кутилмоқда.
Самарқанд саммитида кимлар иштирок этади?
Самарқанд саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раиси Си Жинпинг, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Беларус президенти Александр Лукашенко, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, БМТ ҳамда унинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, ЮНЕСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИК, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар ҳам Самарқанд саммитида иштирок этади.
«ШҲТ — Ғарбга қарши тузилган ташкилот эмас»
Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов Kun.uzʼга берган интервьюсида аъзо давлатлар етакчилари глобал ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиши мумкинлиги, аммо бу масала бўйича қарор лойиҳаси, ҳужжатлар, энг асосийси, Самарқанд декларациясида ҳам ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзлайдиган баёнот, чақириқлар бўлмаслигини айтиб ўтганди .
Умуман олганда эса, ШҲТнинг икки энг катта аъзоси – Россия ва Хитойнинг Ғарб билан муносабатлари охирги геосиёсий воқеалар фонида ёмонлашиб кетди. Кузатувчи мақомидаги Беларус ва Эрон ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимида янги дунё тартиботини шакллантиришдаги ўрни ва роли сезиларли равишда чекланган. Бунинг асосий сабаби – унга аъзо давлатлар ичида ташкилотнинг халқаро сиёсат ва глобал иқтисодиётнинг долзарб муаммоларига нисбатан умумий ёндашувлари қандай бўлиши кераклиги хусусида якдиллик мавжуд эмас.
Бундан ташқари, аъзо мамлакатларнинг бир қанчаси ШҲТ ҳарбий тузилмага айланишини қўллаб-қувватламайди. Хусусан, амалдаги Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши кўзда тутилган.
"Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти– сиёсий ёки ҳарбий блок эмас, балки очиқ, кенг минтақавий ва глобал ҳамкорлик тарафдори, унда барча иштирокчилар тенг ва бир-бирларининг манфаатларига ҳурмат билан қарайди. Қолаверса, шаклланаётган янги дунёда ШҲТ бугуннинг ва келажакнинг чақириқ ва таҳдидларига қарши самарали мулоқот механизми бўлиши керак", дея таъкидланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг мақоласида.
Энг катта минтақавий ташкилот
ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ортиқ, яъни Евросиё ҳудудининг 60 фоизини ташкил қилади, умумий аҳолиси эса тахминан 3,4 миллиард кишига тенг. 2021 йилда аъзо давлатларнинг (Эронни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) умумий ЯИМ миқдори 23,5 триллион долларни (жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 24 фоизини) ташкил этган.
ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг Ўзбекистон учун асосий устувор йўналишлари
Ўзбекистон ташқи сиёсатида ШҲТ алоҳида ўрин тутиб, ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг энг яқин қўшнилари ва стратегик ҳамкорлари ҳисобланади.
Яқин ва ўрта келажакда Ўзбекистоннинг ШҲТга нисбатан стратегиясида энг устувор мақсадлардан бири – ундаги мавжуд халқаро транспорт ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни шакллантиришдан иборат бўлиши керак. Самарқанд саммити ушбу стратегик вазифани ҳаётга татбиқ этиш учун мулоқотда яхши имконият бўлиши мумкин.
Ўзбекистон учун яна бир устувор йўналишлардан бири – ШҲТнинг Афғонистонга нисбатан стратегиясини ишлаб чиқиш. Бу Афғонистонни нафақат минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга фаол жалб қилади, балки ушбу мамлакатда сиёсий воқеалар ижобий ривожланишига ҳам катта таъсир кўрсатади. Бугунги кунда ташкилотга аъзо томонлар Афғонистон бўйича умумий ва якдил позицияга эга эмас. Хусусан, бу борада Хитой ва Ҳиндистон позицияси бир-бирига зид. Хитой “Толибон” ҳокимияти билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётган бўлса, Ҳиндистон ва Тожикистон инклюзив афғон ҳукумати тузилишидан манфаатдор.
Ўзбекистон учун яна бир муҳим жиҳат Россия ва ХХР томонидан ШҲТни геосиёсий курашлар воситасига, биринчи навбатда уни Ғарбга қарши фаолият кўрсатувчи сиёсий ёки сиёсий-ҳарбий блокка айлантириш билан боғлиқ эҳтимолий саъй-ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш ҳисобланади.
Республиканинг охирги йиллардаги ташаббусларида нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ШҲТ дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар таъсири остида келажакда бир қанча сценарийлар асосида ривожланиши мумкин.
Биринчиси – “катта”, “ўрта” ва “кичик” давлатлар манфаатлари бир балансда ушлаб қолинади ва ҳозирги “статус-кво” ўзгармайди. Бунда шартли Россия ёки Хитой ҳозирги каби тузилмада яққол етакчи бўла олмайди.
Иккинчиси – вақт ўтиши билан Ҳиндистоннинг Покистон ва Хитой билан конфликтли муносабатлари юмшаши натижасида ушбу мамлакатларнинг ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги янада ривожланиши мумкин.
Учинчиси – ШҲТ Афғонистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳисобига кенгайиши натижасида Евросиёда янги тартиботни шакллантиришда асосий ролни ўйнай бошлайди.
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024