«Мураббий ҳеч қачон журналистни енга олмайди. Муаммоларни сизлардан яхшироқ кўра оламан» — Катанец билан матбуот анжумани
Ўзбекистон миллий жамоаси 20-27 сентябрь кунлари Жанубий Кореяда йиғин ўтказади ва у ерда Камерун (23 сентябрь) ҳамда Коста-Рикага (27 сентябрь) қарши ўртоқлик баҳсларида майдонга тушади.
Жамоа йиғинга кетиши олдидан бош мураббий Сречко Катанец иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
«Жаҳон чемпионати иштирокчиларига қарши ўйнаймиз. Қийин икки ўйин кутяпман. Ҳали бу даражадаги баҳсларни ўтказмагандик. Хавотир олмаяпман, лекин қизиқ бўлади. Рақибларни ўргандим. Концентрацияни сақлаб ўйнашимиз керак.
Натижа? Бу — ўртоқлик ўйини. Чемпионатдаги футболчилар ва легионерларни кўриб олишим керак. Рақиблар ҳам мундиал олдидан барча футболчиларини текшириб олишади. Қўрқмаяпмиз. Мақсад — Осиё Кубоги-2023га яхши формада етиб бориш.
Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кузатяпман. Футболчилар жуда кам гол уришмоқда. Бу муаммо мени ташвишлантирмоқда. Етакчи жамоалар атиги 30тага яқин гол уришган.
Ҳалигача футболчиларни кузатаман. Мен чақирган ўйинчилар замонавий футбол ўйнаш учун етарли хусусиятларга эга. Жаҳон чемпионатида қатнашадиган жамоаларга қарши ўйинларга ҳар кимни ҳам чақира олмаймиз.
Остон Ўрунов ва Шаҳбоз Умаровни келажакда фойда келтиришига ишонаман. Уларнинг потенциали бор.
Жамшид Искандеров ва Жамшид Болтабоев чақирилмагани? Сиз Камерун миллий жамоаси ўйинларини кузатдингизми? Бундай жамоаларга қарши баҳсга Искандеров мос келмайди. Суперлига бошқа даража, Камерун эса бошқа. Уларнинг энг бўйи паст футболчилари — 180см. Ноябрдаги йиғинда бошқаларга ҳам имконият берамиз.
Сиз журналист сифатида нега кам ўйнаётган Элдор Шомуродовни чақираётганимни сўрашингиз мумкин. Лекин Шома ўйнамаса ҳам, чақиравераман. Менинг жавобим — Камерун ва Коста-Рикадек жамоаларга қарши баҳсга мен билан бир йил давомида ишламаган футболчиларни жалб қилиш нотўғри.
Жалолидддин Машариповнинг йўқлиги? Унинг ўрнига фақат Ойбек Бозоров бор.
Суперлигада ўтган мавсум билан бу йилгисининг фарқи катта. Менимча, аввалги мавсумда савия яхшироқ эди. «Пахтакор» ва «Насаф» пасайган, улар ҳали ҳам чемпионлик учун курашмоқда. Менимча, нимадир нотўғри ишламоқда.
Миллий жамоа клубга ўхшаб қоляпти? Бу — менинг ишим. Натижага жавобгарман. Муаммоларни сизлардан кўра яхшироқ кўра оламан. Агар Осиё Кубогини ютмоқчи бўлсак, яхши ҳимояланишимиз керак. Юлдуз футболчилар кам югуриши мумкин эмас.
Лекин биламан: мураббий ҳеч қачон журналистни енга олмайди. Нима қилсам ҳам, қарама-қаршилик бўлади. Хатолар қилсам, бу — нормал ҳолат. Ҳар қандай мураббий хатодан кафолатланмаган.
1 йил ичида нима ўзгариш қила олдим? Бунга баҳо бериш — сизларнинг ишингиз. Ўзимга баҳо бера олмайман. Натижа томондан қарасак, кўнглим тўляпти. Таиланддек яхши жамоани йирик ҳисобда мағлуб эта олдик. Осиёда бундай жамоаларга кўп гол уриш осон эмас. Яхшиландик, деб айта оламан.
Россияга қарши ўртоқлик ўйини? Бу ҳақда билмайман. Ноябрдаги ўйинларимиз ҳали аниқ эмас. Бу яхши эмас, албатта.
U-23 жамоаси услуби бошқача эканлиги? Миллий жамоа билан ёшлар жамоасининг бир хил услубда ўйнаши қийин. Фақат Испанияда бу тизим яхши ишлайди.
Айрим ёш футболчиларимиз ёмон томонга ўзгариб кетишмоқда. Сал натижага эришгач, димоғдор бўлиб кетишмоқда. Ким ҳақида гапираётганимни билаётгандирсиз. Футбол ўйнаши керак бўлган йигитлар ўйинни ҳакамлар билан тортишиб ўтказмоқда. Улар мен кутгандек ўйнашмаяпти. Ўсишдан тўхтаб қолишмоқда.
Ёш футболчиларни майдонга тушириб, «уларни синаб кўрдим» деб баҳона қилишим мумкин. Лекин бундай қилмайман.
Отабек Шукуров? У бир қадам олдинга қадам ташлаб, Туркия чемпионатига ўтганидан хурсандман. Унинг танловидан хавотирлангандим, лекин барқарор ўйнаб кетди. Европанинг кучли лигаларида ўйнаётган футболчиларимиз икки нафарга етди», — дея Катанецнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:05 / 15.11.2024
«166 дақиқа». Катанецнинг энг катта хатоси ҳақида
13:48 / 07.10.2024
Катанец саломатлиги ёмонлашгани боис Эрон ва БАА билан ўйинларда жамоани бошқармайди
18:25 / 01.10.2024
Ўзбекистон миллий жамоасининг БАА ва Эронга қарши ўйинлар учун чақирилган футболчилари маълум бўлди
22:01 / 17.09.2024