Жаҳон | 08:48 / 19.09.2022
7279
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Тожикистон билан тўқнашувда 59 киши қурбон бўлганини маълум қилди

Тожикистон билан чегарада 14 сентябрда бошланган жангларда 59 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 19 сентябр ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Видеодан кадр

Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 59 кишига етди, яна 140 киши яраланди, деб хабар қилди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 19 сентябрни қуролли можарода ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилди. Унинг фармонига кўра, шу куни Қирғизистон байроқлари бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек, хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари биноларида тушириб қўйилади. Маданият муассасалари ҳамда телерадиокомпанияларга 19 сентябрда барча кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш тавсия этилди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябр куни Боткен туманидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олишди, бироқ келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради. 18 сентябрга ўтар кечаси «сокин ўтди», деб хабар берди Қирғизистон расмийлари.

Қирғизистон ҳукумати Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани олиб келиш ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда «барча мавжуд арсеналдан» фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен туманида фавқулодда ҳолат режими жорий қилингани ҳақида маълумот берди.

Айни пайтда, Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини «оғир қуроллардан» ўққа тутишда айблади.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкаларда белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаро келиб чиқяпти. Умуман олганда, 2022 йил июл ойи ҳолатига кўра, мамлакатлар чегараларнинг 972 километридан 600 километрга яқинини бўлиб келишиб олган.

Мавзуга оид