Жаҳон | 17:45 / 19.09.2022
12957
2 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II дафн маросимида Ўзбекистон номидан Содиқ Сафоев қатнашди

Фото: Twitter

Қиролича Елизавета Иккинчининг дафн маросимида Ўзбекистон номидан Cенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Ўзбекистоннинг қиролликдаги элчиси Саид Рустамов иштирок этди.

Қиролича бугун Виндзордаги Авлиё Георгий бутхонасида, турмуш ўртоғи ёнига дафн этилади.

10 кунлик миллий мотамни якунлайдиган Вестминистр аббатлигида бўлиб ўтаётган маросимда қарийб 2 мингга яқин киши ҳозир бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев Буюк Британия янги қироли Чарлз III’га онаси қиролича Елизавета II вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирганди.

«Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди», дейилади давлат раҳбари таъзияномасида.

Елизавета II’нинг давлат даражасидаги дафн маросими Буюк Британияда собиқ бош вазир Уинстон Черчиллнинг 1965 йилда вафотидан кейин биринчи марта ўтказиладиган бундай тадбир бўлади. Улар қатъий хавфсизлик чоралари остида ўтказилмоқда. Қироличанинг дафн маросими куни Буюк Британияда дам олиш куни деб эълон қилинди. 

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни Шотландиянинг Балморалида вафот этди. Бир неча ой олдин унинг Бирлашган Қироллик тахтига ўтирганининг 70 йиллиги нишонланди. Елизавета II бундай узоқ вақт давомида ҳукмронлик қилган биринчи Британия монархи бўлди. У 1952 йил 6 февралда отаси қирол Георг VI вафотидан сўнг тахтга ўтирган. 

Собиқ шаҳзода Чарлз Буюк Британиянинг янги қиролига айланди. У 73 ёшида Чарлз III номи билан тахтга ўтирди. У Британия тарихида энг узоқ вақт давомида Уэлс шаҳзодаси ва тахт вориси бўлиб қолди.

Мавзуга оид