Кремль «шошилинчда» Украина ҳудудларини қўшиб олишга қарор қилди
Бу вақтда Россия умуммиллий сафарбарлик эълон қилишга тайёрланмоқда - Жиноят кодексига «сафарбарлик» ва «ҳарбий ҳолат» тушунчалари киритилмоқда, асир тушганлар 10 йилга қамалади.
Донецк ва Луҳанксдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларнинг «халқ кенгашлари», шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорижжя областларининг босиб олинган қисмларида Россия томонидан тайинланган маъмуриятлар бир вақтнинг ўзида Россия таркибига кириш бўйича «референдум»лар ўтказишга қарор қилди - овоз бериш жараёни 23-27 сентябр кунларига белгиланди. Бундай «референдум»лар ўтказилиши анчадан буён кутилаётганди, аммо бу ҳақда фақат ҳозирга келиб, Украина қуролли кучлари босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун қарши ҳужумга ўтган вақтда эълон қилинмоқда. Экспертлар буни Россиянинг Украина ва Ғарбга қўйган ультиматуми деб ҳисобламоқда.
«Халқ кенгаши 23 сентябрдан 27 сентябргача бўлган кунларни [«ЛХР»да] референдумда овоз бериш кунлари сифатида белгилаш тўғрисида қарор қилади», деган кенгаш раиси Денис Мирошниченко сешанба кунги йиғилишда. Худди шу вақтда «ДХР» «халқ кенгаши» ҳам шошилинч йиғилишда шу кунларни овоз бериш ўтказиладиган кунлар сифатида белгилади. Кейинроқ Херсон ва Запорижжя областларининг россияпараст маъмуриятлари шу кунларда Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиши ҳақида эълон қилди.
Шундан кейин «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Россия президенти Владимир Путиндан «референдум якунлари бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «ДХР»нинг Россияга қўшиб олиниши масаласини имкон қадар тезроқ ҳал этиш»ни сўради. Путин ҳозирча бунга реакция қилмади. Украинага босқин бошланишидан уч кун олдин «ЛХР» ва «ДХР» раҳбарлари Путиндан республикаларни тан олишни сўраб мурожаат қилганди. Путин уларнинг илтимосини қондирган ва уруш бошланганди.
«Референдум»лар ҳақидаги хабарлар ортидан Мосбиржа индекси геосиёсий таҳдидлар ошгани туфайли август ойи охиридан буён илк бор 2200 пунктдан қуйига қулади (10 фоиздан кўпроққа).
«Синхронлик зарурати»
Донбассдаги «республика»лар ёздаёқ «референдум»лар ўтказиш ниятини маълум қилганди, ОАВда эса 11 сентябр санаси келтирилди - шу куни Россияда ягона овоз бериш куни эди. Кейинроқ россиялик ҳарбийлар босиб олинган ҳудудларни кенгайтира олмаслиги маълум бўлди ва 6 сентябр куни украин армияси босиб олинган ҳудудлардан бири - Харкив областида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтди.
Зудлик билан «референдум»лар ўтказиш зарурлиги ҳақидаги навбатдаги баёнотлар тўлқини бир кун олдин бошланди. Улар «ЛХР» ва «ДХР» жамоат палаталари мурожаати сифатида расмийлаштирилди. Дастлаб Луҳанскда, бир соат ўтиб Донецкда ҳудудни Россия субъекти сифатида тан олиш учун зудлик билан референдум ўтказиш кераклиги талаб қилинди.
Кечга бориб айирмачилар «ДХР» раҳбари Пушилин ўз хонасида «ЛХР» раҳбари Леонид Пасечник билан телефон орқали гаплашгани акс этган видеони тарқатишди.
«Менда референдумга тайёргарлик масаласини бошлашга имкон берувчи ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш учун кучларни бирлаштириш таклифи бор. Биз баъзи нарсаларни биргаликда тайёрлашимиз, баъзи ҳаракатларни синхронлаштиришимиз керак», дейди Пушилин гўшакка.
Жума тонгида «референдумлар паради» давом этди - Херсоннинг истило остидаги маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов ҳам Россияга қўшилиш бўйича овоз бериш жараёнини анонс қилди. Кейинроқ областнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо телеграм-каналида «ДХР» ва «ЛХР» каби 23-27 сентябр кунлари Россия таркибига қўшилиш масаласида «референдум» ўтказиш ҳақидаги «фармон»ни имзолагани ҳақида ёзди.
Кўп ўтмай Россия нашрлари шу кунларда Запорижжя областининг босиб олинган қисмида ҳам «референдум» ўтказилиши ҳақида хабар тарқатди. Россияпараст маъмурият раҳбари Евгений Балицкий бу ҳақда видеомурожаат йўллади.
«Қрим сценарийси»
Москва томонидан илк расмий реакцияни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўз телеграм-канали орқали билдирди, у бир ҳафтадан буён ёзмай қўйганди. Медведев Украинадаги босиб олинган ҳудудлар расмийларининг таклифларини қўллаб-қувватлаб, Украинанинг аннексия қилинажак ҳудудларини назарда тутган ҳолда «Россия ҳудудига дахл қилинган тақдирда» «барча мудофаа кучларини қўллаш» билан таҳдид қилди.
Ундан олдинроқ «Қрим сценарий»си ҳақида (яъни янги ҳудудларни 2014 йилда Қрим аннексия қилиниши билан қўшиб олингани) - пропагандачи ва RT телеканали муҳаррири Маргарита Симоньян ҳам ёзганди.
Немедленный референдум — это Крымский сценарий, и это ва-банк.
— Маргарита Симоньян (@M_Simonyan) September 19, 2022
Сегодня референдум, завтра — признание частью РФ, послезавтра — удары по территории России становятся полноценной войной Украины и НАТО с Россией, развязывающей России руки во всех отношениях.
«Украина ва Ғарбга очиқ ультиматум»
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) мутахассислари россияпараст ҳукуматларнинг мурожаатларини уларнинг ўз ташаббуси эмас, балки Кремлнинг янги манёври деб ҳисоблаш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритган. Экспертлар Россия кучлари Донецкни ҳам, ҳатто Луҳанск областини ҳам тўлиқ назорат остига олмаганига эътибор қаратган.
Айни вақтда қисман аннексия Кремлни ғалати ва ҳатто ҳақоратли вазиятга солиб қўяди - ахир у Украина қўшинларидан «Россия ҳудуди»ни эгалламаслигини талаб қилиши керак (Россия ўз талабини бажартира олмайдиган вазиятда). Владимир Путин нақд бўлмаган фойда учун ўзини шундай иложсиз ҳолатга тушириб қўйишга тайёрми ёки йўқ, бу номаълум бўлиб қолмоқда, ахир унга НАТО ва Украинага эскалация билан таҳдид қилиш осонроқ, деб ҳисоблайди ISW экспертлари.
«Зудлик билан референдум ўтказиш ҳақидаги гаплар - бу Россиянинг Украина ва Ғарбга мутлақо очиқ ультиматуми ҳисобланади. «Ғалаба» кафолатланиши учун, Путин Россия ўз ҳудудини ҳимоялашда (ўз тушунчасига кўра) ядро қуролидан фойдаланишга асосга эга бўлиш мақсадида зудлик билан референдумлар ўтказишга тайёр», дейди политолог Татьяна Становая ўз телеграм-каналида.
Становаянинг фикрича, «Путин бу урушни жанг майдонида ютишни хоҳламайди. Путин Киевни жангсиз таслим бўлишга мажбур қилмоқчи». У шунингдек, ОАВда бир ҳафта олдин ҳам Кремль «референдум»лар ўтказилса ҳам, йил охирида ўтказилишини назарда тутгани ҳақида хабарлар тарқалганига эътибор қаратди. «Бошқа сўз билан айтганда, бу режа эмас, режа барбод бўлиши оқибатидир», дея ҳозирги «референдум»лар билан боғлиқ вазиятни таърифлайди у.
Бундан олдинроқ Украинанинг Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай, агар Россия Луҳанск областининг босиб олинган ҳудудларида «референдум» ташкиллаштирса ва ўтказса, бу Россияда умуммиллий сафарбарликка йўл очишини айтганди.
«Луҳанскнинг вақтинча босиб олинган ҳудудларини қайтариб олишга қаратилган ҳаракатлари Россия томонидан «тўғридан тўғри Россияга ҳужум қилиш» сифатида баҳоланади ва бу умуммиллий сафарбарлик эълон қилиб, уруш очишга имкон беради. Чунки ҳозир уларда сафарбарлик бўйича улкан муаммолар бор. Улар керакли миқдордаги одамларни йиға олишмаяпти», деб ҳисоблайди губернатор.
Россия ҳукумати Украинадаги шахсий таркибни тўлдиришдаги муаммоларни тан олмай келмоқда. Кремль доимий равишда «махсус ҳарбий амалиёт» режа бўйича кетаётганини таъкидламоқда. Путин ўтган ҳафтанинг жума кунида Самарқанддаги ШҲТ саммити вақтида украинларнинг кутилмаган қарши ҳужумга ўтгани ва Харкив областини деярли бутунлай озод қилгани бўйича муносабат билдириб, ўз кучига ишонишда давом этаётганини намойиш қилганди.
«Киев ҳукумати фаол қарши ҳужум операциясини ўтказаётганини айтди. Бу қандай ривожланишини ва нима билан тугашини кўрамиз», деди Путин. «Махсус ҳарбий операция режасини таҳрирлашнинг кераги йўқ. Асосий мақсад бутун Донбасс ҳудудини озод қилиш. Донбасснинг ўзида ҳужум операцияларимиз тўхтагани йўқ. Улар секинлик билан, лекин собит кечмоқда, Россия армияси мунтазам равишда янги ва янги ҳудудларни эгаллаяпти. Биз бутун армиямиз билан жанг қилмаяпмиз, биз Россия армиясининг бир қисми, шартномачи қисми билан жанг олиб боряпмиз. Биз шошмаяпмиз. Асосий вазифа ўзгаришсиз қолади ва у амалга оширилади», дея давом этганди у.
Украина президенти Володимир Зеленский бир неча бор Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган барча ҳудудлари қайтариб олинишини ваъда қилганди.
Россия умуммиллий сафарбарликка тайёрланмоқда
20 сентябр куни Россия Давлат думаси Жиноят кодексига «сафарбарлик», «уруш даври» ва «ҳарбий ҳолат» тушунчаларини киритувчи тузатишларни қабул қилди. Тузатишларни учинчи ўқишда депутатлар бир овоздан — 389 киши бўлиб маъқуллашди. Қонун лойиҳасига Жиноят кодексининг бир қатор янги моддалари киритилди. Гап, хусусан, «Ихтиёрий таслим бўлиш» (352.1-модда, 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси) ва «Талончилик» (356.1-модда, 15 йилгача қамоқ) ҳақида бормоқда.
Оғирлаштирувчи ҳолатлар рўйхатида «сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат вақтида, уруш даврида» жиноят содир этилиши ҳолатлари келтирилган. Тузатишлар муаллифларидан бири, сенатор Ольга Ковитиди РФ ЖКга тузатишлар Россияда сафарбарлик эълон қилинишини англатмаслигини айтган: «Бугун сафарбарлик тўғрисидаги қонун қабул қилингани тўғрисида баёнотлар жуда кўп. Йўқ. Мазкур қонунга келадиган бўлсак – мамлакатда сафарбарлик эълон қилинмади».
Ҳужжат сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат даврида (Жиноят кодексининг 337-моддаси) бўлинмани рухсатсиз ташлаб кетганлик учун жазони кучайтиради - 10 йил. Бундан ташқари, Жиноят кодексида ҳарбий ҳолат даврида, уруш ёки қуролли низо вақтида давлат мудофаа буюртмасини бажармаслик ва давлат шартномаси шартларини бузиш бўйича (ЖК 332-модда, 2.1-қисм), шунингдек ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортиш бўйича жавобгарлик белгиланади. Бундай ҳаракатлар учун икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.
Мавзуга оид
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024