Жаҳон | 21:40 / 21.09.2022
21257
2 дақиқада ўқилади

Украина армияси йўқотишлари тўғрисида Шойгу айтган маълумот РФ мудофаа вазирлиги хабарларига мос келмаяпти

24 февралдан 20 сентябргача ҳар кунги ҳисоботларида РФ мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков камида 83 минг украиналик ҳарбий ўлдирилгани ҳақида айтиб берган. «Агентство» нашри шундай ҳисобларни келтирмоқда.

Украина армияси йўқотишлари тўғрисидаги бу маълумотлар 21 сентябр куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу айтганидан жиддий фарқ қилмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, уруш даврида Украина 100 мингдан ошиқ ҳарбийсини йўқотган - 61 207 минг қурбон ва 49 368 ярадор.

Бундан ташқари, Шойгунинг уруш ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчилар сони ҳақидаги маълумоти ҳам Россияда дафн этилгани расман тасдиқланган уруш қурбонлари сонидан камроқ - бундай ўлим ҳолатлари очиқ манбалар орқали тасдиқланган.

Вазирнинг айтишича, Россия босқини бошланганидан буён РФ армиясининг 5937 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Ўз навбатида «Медиазона» ва BBC рус хизмати очиқ манбалар, жумладан ҳудудий расмийларнинг хабарлари асосида сентябр ойи бошида 6 мингдан ошиқ ҳарбийнинг ўлими ҳақида хабар берганди. «Медиазона»нинг қайд этишича, 21 сентябр ҳолатига кўра 6,6 мингдан ошиқ россиялик ҳарбийнинг ўлими расман тасдиқланган.

  • Урушнинг 210 куни давомида Россия ўз йўқотишлари тўғрисида фақат икки бор хабар берганди.
  • Август ойи бошида Пентагон Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшиб ҳисобланганда 70-80 минг кишини ташкил этиши ҳақида хабар берганди. 
  • Украина қуролли кучлари эса 21 сентябр ҳолатига россияликларнинг йўқотишларини 55 110 қурбонга баҳолаган.

Россия битта қишлоқни уч марта «назоратига олган», Украинада мавжуд бўлган техникалардан кўпроғини «йўқ қилган»

Мавзуга оид