Ўзбекистон | 10:02 / 22.09.2022
3144
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Япония чойини етиштириш йўлга қўйилди

Ҳозирда синовдаги чой ўсимлиги мамлакатда яхши ўсмоқда.

Видеодан кадр

Республика денгиз сатҳидан 600-1500 метр баландликда жойлашган тоғ ва тоғолди ҳудудлари, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларида чой кўчатлари экилиб, Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш бўйича олимлар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда синовдаги чой ўсимлиги мамлакатда яхши ўсмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, республикада чой етиштириш бўйича ушбу қадам дастлаб Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифида кунчиқар мамлакат бош вазири билан протокол имзолаб, ўсимликни етиштириш бўйича келишувга эришилганда бошланган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги «Чой етиштиришни ташкил этиш ва аҳолини мамлакатда ишлаб чиқарилган сифатли чой ҳамда чой маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди. 

Келишув ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университети «Деҳқончилик ва мелиорация» кафедраси профессор ўқитувчилари Япония Майзуру шаҳри ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети билан ҳамкорликда у ерда етиштирилаётган 5 та: «Саямакаори», «Фукимидори», «Хокимей», «Фушин», «Саямадори» чой навларини интродукция, яъни мамлакатга «кўчириб келтиришга» киришди. 

Билдирилишича, айнан ушбу чой навлари республика ерларида синовдан ўтказилмоқда. Ҳамкорликдан мақсад - тоғ ва тоғолди ҳудудларида ўсимликни кўпайтириб, кейинчалик чой экиладиган майдонларни яратиш. Бу орқали халқни маҳаллий етиштирилган ва ишлаб чиқилган арзон, сифатли чой ва чой маҳсулотлари билан таъминлаш кўзда тутилган. 

Мавзуга оид