«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил» – Муфтий ижтимоий тармоқларда диний мавзуда қўполлашмасликка чақирди
Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон дағал, қўпол, ҳақорат қилувчи зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан, Пайғамбаримиз алайҳиссаллом номларидан гапириб ҳақорат ва фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилаётганларни ҳам эшитиб қоляпмиз, - дейди муфтий аҳли илмларга мурожаатида.
Муфтий, бу мурожаати ижтимоий тармоқлардаги айнан бир домлага қаратилмагани, балки жамият учун умумий эканини таъкидлади. Шунингдек, бу шахсий фикрлар эмас, балки Мусулмонлар идораси уламоларининг фатвоси экани маълум қилинди.
«Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишув ва низолар ҳам авж олди. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрини беҳуда ўтказишига сабаб бўлади. Энг ёмони ушбу тортишувлар диний мавзулар атрофида бўлаётганидир. Ижтимоий тармоқларни кўрсангиз: диний мавзуларда тортишувлар, диний мавзуда мунозаралар кўпайиб кетди. Ва албатта бу одамлар орасида турли тафриқаларга, тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда», – дейди муфтий.
Шунингдек, баъзи аҳли илмларни воқеликка қарамай, турли гапларни айтишлари устоз кўрмасдан, диний илмларни яхши ўзлаштирмай дин номидан гапираётганларнинг «фатволари» жуда катта фитналарни келтириб чиқараётгани таъкидланди.
«Буларнинг бу гап-сўзларидан кейин жуда кўпчиликнинг онгида динга, хусусан, аҳли илмларга нисбатан салбий фикр пайдо қилишига сабаб бўлмоқда. Гўёки мана шуни гапираётиб хато қилган домлалар булар худди гўё дин мана шулар деб, тушуниб қолиняпти. Барча аҳли илмлар мана шундай деб ўйлаб қолиняпти. Натижада улар қаторида Аллоҳнинг динига холис хизмат қилаётган тақволи, парҳезкор, олим устозлар ҳам ўшалар қаторида кўриниб қолмоқда. Бу жуда катта мусибат.
...Қуръони каримнинг «Наҳл» сураси 125-оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади:
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».
Ушбу ояти карима Аллоҳ ҳақ азза ва жалланинг бизга даъват қилиш услубини ўргатган таълими. Ушбу оятда Аллоҳ Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни инсонларни даъват қилишда мазкур уч сифатга амал қилишга буюрмоқда. Учта сифат: Аллоҳнинг йўлига чақиришда ҳикмат, мавъизаи ҳасана ва улар билан чиройли (мужодала) муомала қилишга чақирилмоқда. Оятдаги «ба» ҳарфи араб тили қоидаларида «мулобаса» дейилади, яъни «ҳамроҳ бўлиш» (маъносида). Агар биз оятни шу қоидага мувофиқ таржима қиладиган бўлсак, мана шунга кўра, Аллоҳ йўлига чақирувчи кишига икки сифат: ҳикмат ва гўзал мавъиза ҳамроҳ бўлмоғи лозим деган маъно чиқади. Шунда мазкур сифатли инсоннинг сўзи ўткир, таъсири доираси кучли бўлади. Қачонки ҳикмат ва мавъизаи ҳасана бўлганда. Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваъз қилиш услубини ўргатмоқда. Ваъз-насиҳат қилаётган киши, аввало вазиятни тўғри баҳолаши ва унга мулойимлик ва ҳикмат билан ёндашмоғи керак. Шунда мақсадга мувофиқ иш қилинган бўлади.
...Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади, азизлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон дағал, қўпол, ҳақорат қилувчи зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан гапириб ҳақорат ва фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилаётганларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Аллоҳ Ўзи кечирсин. Динимиз шундай гўзал, шундай маданият устига қурилганки, асло оғзимиздан бирорта фаҳш сўз чиқмаслиги керак. Яна Қуръони каримга мурожаат қиламиз. Оли Имрон сурасининг 159-оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида Аллоҳ шундай дейди:
«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азм-у қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир».
Ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга марҳамат қилиб эслатмоқда, агар Аллоҳнинг раҳмати билан мулойим бўлмаганингизда, қалбингиз қаттиқ, қўпол ва дағал бўлганингизда бу одамлар атрофингизда жамланмас эди деган маънода айтмоқда. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига жамланишидаги энг катта сабаб у зотнинг ўта мулойим бўлганлари, дағал ва қўпол бўлмаганлари ва кечиримли бўлганлари учундир.
...Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, бу дин енгилдир. Бирор киши динни қийинлаштирса, уни мағлуб қилади. Шундай экан, тўғри бўлинг, яқинлашинг, башорат беринг, енгиллаштиринг ва эрталаб, заволдан кейин ҳамда туннинг бир қисмида (ибодат) билан ёрдам сўранглар», дедилар» (Имом Насоий ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда динимиз енгил экани ва уни қийинлаштирмасликка буюрмоқдалар. Динимиз жуда енгил, азизлар. У одамларнинг бахт-у саодати учун юборилган. Аммо баъзи бир кишилар динни мураккаблаштиради. Дин деганда инсонларни жуда қийин бўлган топшириқлар ичига қўйиб қўйишлари, инсоннинг тоқатидан ортиқча бўлган таклифларни бериши ёки қандайдир кўринишларни, қандайдир кийинишларни, маълум бир андозаларнигина қўйиб, бундан бошқаси дин эмас, деб қийинлаштириш мана бу Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига зиддир. Агар шундай бўлса, дин уни мағлуб қилиб қўяди. Бу гап каминанинг гапи эмас, бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари. У зот шундай дедилар. Албатта, енгиллаштириш деганда диндаги баъзи бир нарсаларни олиб ташлаш эмас, балки динимизда бир нечта кўрсатма бўлса, шунинг ичидан енгилроғини одамларга айтиш, одамларнинг хаёлига келмаган нарсаларни, воқеликда йўқ нарсаларни кўтариб, уларни машаққатга қўймаслигимиз кераклиги тушунилади», – дейилади мурожаатда.
Шунингдек, муфтий ўз мурожаатида замонамиз уламоси шайх Юсуф Қарзовийнинг «Замонамиздаги фатволарни ўзгартириш сабаблари» китобидан қуйидагиларни келтиради:
«Кўп шайхлар ёки уламолар китобда яшайдилар. Воқеликда яшамайдилар. Улар ўтганларнинг китобларини ўқиганларидек «Ҳаёт китоб»ини ўқимаганлари учун воқелик фиқҳидан ғойибдирлар ёки воқелик фиқҳи улардан ғойибдир. Шунинг учун уларнинг фатволари худди қабрдан чиққандек келади!».
Мавзуга оид
13:56 / 02.07.2024
“Болаларимизни илмга, маърифатга ўргатишимиз керак” – муфтий Нуриддин Холиқназар
22:23 / 23.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашига қабул қилинди
16:05 / 21.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди
12:44 / 14.03.2024