Жаҳон | 16:38 / 27.09.2022
27525
7 дақиқада ўқилади

Кунига ўн минглаб россияликлар мамлакатни тарк этмоқда. Асосий маълумотлар

Чегарадан чиқишга рухсат берилмайдиганлар рўйхати шакллантирилган. Қозоғистонда уй-жой ижараси кескин кўтарилди. ФХХ Грузия билан чегарага зирҳли транспортёр жўнатди - чегарада сафарбарлик пункти очилиши мумкин.

Фото: BBC

Россияда сафарбарлик эълон қилингач, Қозоғистон урушга боришни истамайдиган ва РФни тарк этишни кўзлаган россияликлар учун асосий йўналишлардан бирига айланди. Чегаранинг узунлиги, бутун чегара бўйлаб ўнлаб назорат-ўтказиш пунктлари мавжудлиги, шунингдек Қозоғистонга Россиянинг ички паспорти билан ҳам кириш имконияти мавжудлиги бунга имкон бермоқда. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, 22 сентябрдан буён мамлакат ҳудудига кираётган Россия фуқаролари сони одатдагидан (кунига 9-12 минг киши) икки-уч баробар ортган ва қисқа муддат ичида Россиянинг 98 минг фуқароси Қозоғистон ҳудудига ўтган. Йирик шаҳарлар йўналишидаги назорат-ўтказиш пунктларида — Петропавловск, Уральск, Қўстанай ва Атирау — кўп километрлик навбатлар юзага келган.

Россияликлар ёппасига кириб келиши натижасида чегарага яқин жойлашган шаҳарларда турар жой ижараси қимматлашди — тунаш учун жойлар деярли қолмаган. Хусусан, Уральскда бир неча кун ичида ижара нархи уч-тўрт баробар қимматлаб кетди, бир хона учун нархлар бир кунга 25 минг тенгедан (52 доллар/586 минг сўм атрофида) бошланади, меҳмонхона ва ҳостелларда барча жойлар бир неча ҳафтага банд қилиб қўйилган. Омскдан 250 километр масофада жойлашган Петропавловскда бир кунлик квартира учун нархлар саккиз баробар қимматлашган — 5 минг тенгедан 40 минг тенгега (қарийб 84 доллар) етган.

Россиялик муҳожирларга кўнгиллилар ёрдам кўрсатмоқда. Йирик шаҳарлардаги вокзалларда келувчиларга текинга сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сим-карталар тарқатилмоқда, шунингдек долзарб масалаларда маслаҳатлар берилмоқда. Уральскда маҳаллий Cinema Park кинотеатри ўз залида россияликлар тунаши учун шароит яратиб берган. «Квартиралар учун нархлар ўта қимматлаб кетди, шу туфайли биз тунаш учун майдон беришга қарор қилдик», — деган театр директори. Қўстанайда маҳаллий чатларда айрим шаҳарликлар россияликларга текинга ёки уй ишларида ёрдам эвазига яшаш жой таклиф этишмоқда. Телеграмда россияликларга кўчиш масалаларида маслаҳатлар бериладиган чатлар пайдо бўлмоқда.

Айрим чегара пунктларида такси ҳайдовчилари энг яқин шаҳарларга элтиб қўйиш учун нархларни бир неча бор ошириб юборишди. Шунингдек улар текинга ташишга тайёр бўлган кўнгиллиларга таҳдид қилган ҳолатлар учраган. Квартира эгалари аввалдан яшаб келганлар учун ҳам нархни кўтариб, акс ҳолда уйдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилишмоқда. Қозоғистон меҳнат вазирлиги бундай ижарачиларни огоҳлантирди: вазирлик бундай шахсларга квартираларни қандай нархда ижарага беришни белгилай олмаса-да, улар қанча солиқ тўлаётгани билан қизиқиши мумкин.

Қозоғистон ҳукумати вазият назорат остида эканини маълум қилмоқда. ИИВ кириб келаётган россияликлар сони кўп бўлса-да, уларнинг бир қисми тез фурсатда мамлакатдан чиқиб кетаётганини маълум қилган: сўнгги кунларда Қозоғистонни Россиянинг 40 минг фуқароси тарк этган. «Шундан 6 минг киши аэропортлар орқали жўнаб кетган, қолганлар эса асосан жанубдаги қўшниларимиз — Қирғизистон ва Ўзбекистонга ўтмоқда», — деган 26 сентябр куни Қозоғистон ИИВ расмийси.

Бошқа мамлакатлар билан чегараларда нималар бўлмоқда?

ФХХ Грузия билан чегарадаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктига зирҳли транспортёр (БТР) юборди. Шу билан бирга, идорадагилар гап блокпост ташкил этиш ҳақида кетмаётгани, бу шунчаки «захирадагилар назорат-ўтказиш пунктидан ҳеч қандай расмиятчиликларни бажармасдан ўтишга ҳаракат қилишининг олдини олиш» учун қилинганини билдирган. ФХХдагилар назорат-ўтказиш пункт одатдаги режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилган. Лекин кўп ўтмай Шимолий Осетия ИИВ Россия Грузия билан чегарада сафарбарлик пункти очмоқчи экани ҳақида хабар берди.

«Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктидаги навбат 26 сентябр куни 20 километрга етди, чегарадан ўтиш учун уч-тўрт кун вақт талаб этилмоқда. Душанба куни кундузи навбатларни қисқартириш мақсадида Грузия томони чегарадан пиёда ҳолда ўтишга рухсат берди — қоидага кўра бу пунктдан фақат автомобилда ўтиш мумкин эди.

Финландия билан чегарадан ўтаётган россияликлар ҳажми бир ҳафта ичида 88 фоизга ошган. Россия-Финландия чегарасининг асосан жанубий қимидаги чегара пунктларида навбатлар кузатилмоқда, Финландия чегара хизматига кўра, одамлар бу ерда кун-у тун навбатда турибди. 24-25 сентябр кунлари Россиядан Финландияга 17 минг киши ўтган.

Финландия бир неча кун муқаддам туристик визаларга эга бўлган россияликлар учун чегара ёпилиши ҳақида эълон қилганди, аммо бу қарор қачондан амал қилиши маълум эмас.

Чегаралар ёпилиши мумкинми?

Россия ҳукуматидагилар мамлакатдан чиқишга умумий тақиқ йўқлигини айтиб келмоқда. «Айни вақтда бу борада ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган», — деди 26 сентябр куни РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Шу билан бирга 25 сентябр кунидан чиқиш тақиқлангани билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар кузатилди — бу бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган чегарачилар сафарбарлик тўғрисидаги қонунга ҳавола қилишган.

«Медуза» манбалари Украинанинг босиб олинган ҳудудларида «Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар»дан кейин сафарбарлик ёшидаги эркакларга ҳарбий комиссар рухсатисиз Россияни тарк этиш тақиқланиши ҳақида хабар берган. Манбалардан бирининг сўзларига кўра, бундай тақиқ — 28 сентябр кунидан амал қилиниши мумкин. 

Аэропортлардаги чегарачилар эса сафарбарлик доирасида бўлган ва чақирув қоғози олган эркаклар рўйхатини олган. The Bell хабарига кўра, чегарада хорижга чиқмоқчи бўлаётганлар шундай рўйхат бўйича текширилмоқда ва рўйхатдагиларга чиқиш тақиқланмоқда.

Бундай рўйхат мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни Тюмендаги «Рошчино» аэропортида тасдиқлашди. «Ҳарбий комиссариат чегара бўлимига чиқиши тақиқланган фуқаролар рўйхатини беради. Бундай тоифадагилар чегарани кесиб ўтиши учун ҳарбий комиссарлик томонидан берилган рухсатнома керак», дея хабар берган аэропорт матбуот хизмати 72.ru нашрига.

Москвадаги «Внуково» аэропорти ҳам сафарбарликка тортиладиган россияликлар мамлакатдан чиқарилмаслигини айтди.

«Агора» инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Павел Чиков бундай амалиёт ноқонуний деб ҳисоблайди: унинг сўзларига кўра, четга чиқиш ҳуқуқи фақат ҳарбий хизматга чақирилганда чекланиши мумкин — яъни тиббий кўрикдан ўтилганидан кейин тегишли қарор қабул қилинганида. Чиков четга чиқиши рад этилганлар судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатган.

Мавзуга оид