Ўзбекистон | 12:57 / 28.09.2022
5209
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда озиқ-овқат чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқариш имкони таҳлил қилинди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Ўзбекистонда озиқ-овқат чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқариш имкониятларини таҳлил қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 3 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлади. Озиқ-овқат чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқариш бир вақтнинг ўзида параллель равишда иккита муаммони ҳал қилишда ёрдам беради. Биринчидан, озиқ-овқат чиқиндиларини утилизация қилиш орқали экологияга кўрсатилаётган салбий таъсир камайтирилади. Иккинчидан, иқтисодий ва демографик ўсиш натижасида тобора ортиб бораётган энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж қондирилади.

Таҳлил натижасига кўра, агар озиқ-овқат чиқиндилари тўлиқ биоэтанол ёки биодизелга айлантирилса, потенциал биоёнилғи ишлаб чиқариш ҳажми мос равишда 1,11 миллиард литр ва 1,02 миллиард литрни ташкил қилади. Бензин ва дизелда ҳаракатланувчи автомобилларда биоёнилғидан фойдаланиш CО2 чиқиндиларини 1,6 миллион тоннага камайтиришда ёрдам беради.

Озиқ-овқат чиқиндиларининг ҳар бир килограмми йилига ўртача 2,5 кг карбон диоксиди ажратиб чиқаради. 3 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндиси ўрнатилган тартибда утилизация қилинмаса, 7,5 миллион тонна иссиқхона газлари чиқарилади.

Биоёқилғидан фойдаланишни жорий этиш 2019-2030 йилларда Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси муайян параметрларини, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни, Париж битимини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни, БМТ конференцияси 26-сессиясида ЯИМ бирлигига иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилга нисбатан 35 фоизга камайтириш бўйича қабул қилинган қўшимча мажбуриятни амалга оширишга имкон беради.

Мавзуга оид