Иқтисодиёт | 20:48 / 30.09.2022
47480
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон августда энг кўп олтин сотиб олган давлатлар учлигига кирди

Марказий банк жаҳон бозорида нархи арзонлашган олтинни фаол равишда сотиб олмоқда. Ўтган ойда Ўзбекистон ўзининг олтин захираларини 9 тоннага ошириб, йирик олтин харидорлари рўйхатида Туркиядан кейин 2-ўринни эгаллади.

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Ўзбекистон аввалги икки ойда бўлгани сингари август ойида ҳам олтин захираларини 9 тоннага оширди, дея хабар бермоқда World Gold Counsil.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон йилнинг биринчи чорагида деярли 25 тонна олтин сотган бўлса-да, йил бошидан бери бу қимматбаҳо металлни сотганидан кўра 19 тонна кўпроқ сотиб олган.

“Шу билан мамлакатнинг олтин захиралари 381 тоннадан ошди – умумий захиранинг 59 фоизи”, – дейилади ташкилот ҳисоботида.

Август ойидаги фаоллик билан Ўзбекистон йирик олтин харидорлари рўйхатида 2-ўринни эгаллади.

Энг йирик олтин харидори Туркия ой давомида яна 9 тонна олтин сотиб олиб, бу йил давомидаги жами олтин харидларини 84 тоннагача оширди ва расмий олтин захираларини 478 тоннага етказди.

Ўзбекистондан кейинги йирик олтин харидори Қозоғистон эса июл ойида 11 тонналик пасайишдан сўнг, август ойида олтин захираларини 2 тоннага оширди. Остонанинг умумий олтин захираси ҳозир 375 тоннани ташкил этади.

WGC марказий банклар томонидан соф олтин сотиб олиш август ойида 20 тоннага тушганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, олтин нархининг арзонлашиши ортидан Ўзбекистон Марказий банки март ойидан бери бу қимматбаҳо металлни экспорт қилмаяпти.

2022 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,08 млрд долларни ташкил қилган. Бу – йил бошидаги кўрсаткичдан 1 млрд долларга кам. Захира активларида олтин миқдори 9 тоннадан зиёдроққа ошишига қарамай, олтин нархлари тушгани сабаб унинг қиймати пасайган. 

Мавзуга оид