Жаҳон | 16:59 / 01.10.2022
15684
2 дақиқада ўқилади

Украина Лиман яқинидаги бешта аҳоли пунктини озод қилди

Украина ҳарбийлари Донецк областининг Лиман шаҳри яқинидаги бешта аҳоли пунктини озод қилди. Бу ҳақда Шарқий қўшинлар гуруҳи вакили Сергей Череватий маълум қилди.

Фото: Reuters

Қўшинлар гуруҳи вакили тегишли маълумотни телеэфир вақтида айтган, деб хабар бермоқда «Суспильне» нашри. 

Сергей Череватийнинг сўзларига кўра, Ямпол, Новоселовка, Шандриголово, Дробишево, Ставки аҳоли пунктлари озод қилинган.

Аввалроқ Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестович Украина Қуролли кучлари Лиманни бир неча кун ичида Россия оккупациясидан озод қилиши мумкинлигини айтганди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча шаҳар тўғрисидаги вазият ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Баъзи манбаларга кўра, шаҳар аллақачон тўлиқ ўраб олинган, бошқа маълумотларга қараганда, россияликларда ҳали ҳам шаҳардан чиқиб кетиш имконияти мавжуд.

Бундан олдин президент Володимир Зеленский девонининг маслаҳатчиси Олексий Арестович Лиманда 5,5 мингга яқин россияликлар қуршаб олиниши мумкинлигини билдирганди.

Турли манбаларга кўра, қуршовда 2,5 мингдан 5,5 минггача россиялик ҳарбий хизматчилар бор, деб хабар қилди Олексий Арестович. 

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) Украина қўшинлари Донецк областининг Лиман ҳудудида Россия кучларини қамал қилишни якунлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

Таҳлилчиларга кўра, украиналиклар Лимандан 10 км шимолда жойлашган Ставок ҳудудида Россия мудофаасини ёриб ўтиб, Лиман ғарбидаги чизиқни ушлаб турган россияликлар учун охирги таъминот канали ва чиқиш бўлган Торское-Дробишево йўлини тўсиб қўйишган. 

ISW таъкидлашича, Дробишево ва Лиман ҳудудларида мудофаани ушлаб турган 20-армиянинг БАРС-13 бўлинмалари ва 752-мотоўқчилар полки «ўта оғир» вазиятга тушиб қолган. ISW экспертларига кўра, Украина қўшинлари Лиманни озод қилишга қодир.

Мавзуга оид