«Ғарб 90-йиллардаги хатосини такрорламаслиги керак» — Навалний Путиндан кейинги Россия ҳақида
Навалнийнинг фикрича, Россияда ўз-ўзидан тикланувчи империал авторитаризмни фақатгина парламент республикаси тўхтатади.
Россиялик мухолифат етакчиси, «Коррупцияга қарши курашиш фонди» асосчиси Алексий Навалний 2022 йилнинг 22 март куни Москва суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг қамалиши президент Путинга қарши ҳаракат олиб боргани билан боғланади. Ҳозирда қамоқда бўлган Навалний Путиндан кейинги Россия қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрларини билдирган. Ушбу мақола The Washington Post нашрида босилган ва унга Навалний жамоаси томонидан тақдим этилган.
Путиннинг Украинага қарши очган жиноий уруши Кремль хаёлотида ва ҳақиқатда қандай якун топади?
Агар Ғарб раҳбарлари нутқларнинг асосий қисмини ажратиб оладиган бўлсак, уларнинг уруш борасидаги асосий мақсади қуйидагича — Россия (Путин) бу урушда ғалаба қозонмаслиги керак. Украина ўзини ҳимоя қила оладиган мустақил демократик давлат бўлиб қолиши лозим.
Бу тўғри, аммо бу тактика. Стратегия эса Россия ҳукумати табиий равишда, ҳеч қандай босимларсиз уруш бошлашни хоҳламаслиги ва ундан фойда топмаслигига йўналтирилиши керак. Шубҳасиз, бунинг имкони бор. Ҳозирда агрессив кайфият рус жамиятнинг озчилик қисмида мавжуд.
Ва, менинг фикримча, Ғарбнинг ҳозирги тактикасининг асосий муаммоси умумий мақсадлар ноаниқлигида эмас, балки улар бир саволни эътиборсиз қолдираётганида: ушбу тактикада эълон қилинган мақсадлар амалга ошганидан кейин Россия қандай кўринишга эга бўлади? Ва агар ушбу тактика муваффақиятга эришса ҳам дунё Россия тимсолида аламзадалик ва империалистик ғоялар билан тўлган, санкциялар остида қолган йирик иқтисодиёт ва ядровий қуролга эга, доимий сафарбарлик шароитидаги, жазосиз қолиши кафолатланган ҳар қандай ҳажмдаги авантюра (босқинчилик) ва халқаро провокацияларни амалга оширувчи янада агрессив режимли давлатга эга бўлиши деярли аниқ эмасми?
Ҳатто аламли ҳарбий мағлубиятга учраган тақдирда ҳам Путин барибир Украинадан эмас, балки Россияни йўқ қилишни мақсад қилган «коллектив Ғарб ва НАТО»дан мағлуб бўлганини эълон қилишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмас.
Ва кейин эса у ўзининг барча севимли миллий рамзлари ёрдамида постмодерн муҳити шакллантиради — иконалардан тортиб, қизил байроқларгача, Достоевскийдан балетларга қадар, Ғарбни бу иши учун жазолаш ва ҳалок бўлган буюк аждодлар қасосини олиш учун қудратли армия ва мисли кўрилмаган кучга эга қуроллар яратиш кераклиги ҳақида тарғибот олиб борилади.
Шундан сўнг янги цикл пайдо бўлади: бир неча йиллик гибрид урушлар ва ҳақиқий урушга олиб келувчи провокациялар.
Бунга йўл қўймаслик учун эса «урушдан кейинги Россия» сценарийси бу урушда тинчликка интилаётганлар стратегиясининг нафақат бир қисми, балки асосий йўналиши бўлиши керак. Муаммолар манбасини қандай тўхтатиш режаси бўлмас экан, узоқ муддатли тинчлик мақсадларига эришиб бўлмайди. Россия агрессия ва беқарорлик манбайи бўлишдан тўхташи лозим. Эҳтимол, айнан шу вазифанинг бажарилиши ушбу урушдаги стратегик ғалаба деб ҳисобланиши керак.
Аммо олдин Россия билан юз бераётган бир қанча нарсаларни тушуниш лозим.
1. Украина ва унинг эришиши мумкин бўлган муваффақиятларига ҳасад қилиш — бу Россиядаги постсовет ҳокимиятининг туғма хусусияти бўлиб, Россиянинг биринчи президенти Ельцинга ҳам хос эди. Аммо Путин ҳукмронлиги бошланишида, айниқса 2004 йилги «зарғалдоқ инқилоб»дан сўнг Украинанинг европача сайловларидан нафрат, уни failed-state (ўзининг мавжудлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлай олмайдиган мамлакат) давлатга айлантириш истаги нафақат Путин, балки унинг давридаги барча рус сиёсатчиларнинг умумий мақсадига айланди.
Украина устидан назорат — амалдорлардан тортиб то оддий одамларгача, императорлик қарашларига эга барча русларнинг эътиқодидаги энг муҳим символдир. Уларнинг хаёлотида Украинани бўйсундирган Россияда «СССР ва империя қайта тикланади». Украинасиз эса — Россия шунчаки дунё ҳукмронлигига эга бўлиш имконияти бўлмаган давлат. Уларнинг фикрича, Украина томонидан қўлга киритилган барча нарса Россиядан олинган.
2. Урушга фалокат эмас, балки барча муаммоларни ҳал қиладиган ажойиб ечим сифатида қараш шунчаки Путин элитасининг фалсафаси эмас, балки ҳаёт ва эволюция томонидан тасдиқланган амалиётдир.
Иккинчи Чечен уруши орқали бошланган урушлар (Грузия билан тўқнашувлар, Қримнинг аннексия қилиниши, Донбасс ва Суриядаги урушлар) унча таниқли бўлмаган Путинни мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчисига айлантирди. Путиннинг 22 йиллик эраси даврида рус элитаси ҳеч қачон панд бермайдиган қоидаларни ўрганиб олди: уруш унчалик қиммат эмас, у ҳар қандай ички сиёсий муаммоларни ҳал қилади, рейтингни кўтаради, иқтисодга катта зарар етказмайди ва асосийси — ғолиблар сўроқ қилинмайди.
Барибир, доимий ўзгариб турувчи Ғарб етакчиларидан бири музокаралар олиб бориш учун ёнимизга келади. Уларни қандай мақсадлар етаклаб келиши — мамлакатидаги сайловчилар хоҳиш-иродаси ёки Тинчлик бўйича Нобел мукофоти олиш истаги — аҳамиятсиз. Агар сиз керакли қатъият ва қаршилик кўрсатсангиз Ғарб муросага келишга мажбур бўлади.
Шуни унутмангки, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа Ғарб давлатлари сиёсатида у ёки бу урушни қўллаб-қувватлагани сабаб сайловларда мағлубиятга учраган ва мавқейини йўқотганлар кўп. Россияда эса бундай одамлар йўқ: бу ерда уруш ҳар доим фойда ва муваффақият олиб келади.
3. Шунинг учун Путин ўрнига келувчи унинг элитасининг бошқа бир вакили даврида ҳам урушга нисбатан қараш деярли ўзгармайди. Улар тажрибадан билишадики, бу усул ишлайди ва барчасидан яхшироқ самара беради. Эҳтимол бу ерда энг яхши мисол Ғарб катта умид боғлаган собиқ президент Дмитрий Медведев бўлиши мумкин. Бир пайтлар Google’нинг штаб-квартирасига саёҳат қилган Медведев ҳозирда шу қадар агрессив баёнотлар беряптики, худди Путиннинг карикатурасига ўхшайди.
4. Яхши хабар шундаки, ҳукуматпараст социологлар бу ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатишидан қатъи назар, Украинага нисбатан нафрат ва у билан алоқалардаги қонхўрлик ҳукумат элитасидан ташқарида унчалик кенг тарқалмаган.
Уруш жамиятнинг империалистик фикрловчи қисмининг ҳаддан ташқари хайрихоҳлиги туфайли Путиннинг рейтингини оширади. Янгиликлар кун тартиби тўлиқ урушга бағишланади, ички муаммолар иккинчи даражага тушиб кетади. «Ура, биз яна ўйиндамиз, биз буюкмиз, биз билан ҳисоблашишяпти!»
Бироқ, агрессив империалистлар мутлақ устунликка эга эмас: улар сайловчиларнинг катта қисмини ташкил қилмайди ва доимий пропагандасиз ўз қарашини ушлаб туролмайди. Акс ҳолда, Путин Украина билан урушни «махсус операция» деб аташи ва «уруш» сўзини ишлатганларни қамоққа олиш шарт эмас эди (яқинда Москва шаҳри депутати бунинг учун етти йиллик қамоқ жазосини олди). У ҳарбий хизматга чақирилганларни урушга жўнатишдан қўрқмас ва ҳозиргидек қаттиқ тартибли қамоқхоналардан ўз бўлинмаларига янги жангчилар қидирмас эди (мен турган колониядан бир неча киши «фронтга чақирилган»).
Ҳа, пропаганда ва мия ювиш ишлари давом этмоқда, лекин Москва, Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлар аҳолисининг кўпчилиги ҳамда ёш сайловчилар уруш ва империалистик ғояларга қарши десак хато бўлмайди. Украиналикларнинг кўраётган азоблари ва бегуноҳ одамларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши даҳшатлари бу сайловчиларга жиддий таъсир ўтказмоқда.
Шундай қилиб, қуйидагиларни таъкидлаш мумкин:
Украина билан уруш — Путин ўзининг ички сиёсий муаммоларини ҳал қилиши учун бошланган ва давом этмоқда, аммо бошқа тарафдан бу чексиз рус авторитаризми ва империализмини тарғиб қилувчи бутун элита ва ҳокимият тизимининг қарашларини ҳам ифода қилади. Дипломатик риторикадан тортиб урушгача бўлган ҳар қандай шаклдаги ташқи агрессия улар мавжуд бўлишининг органик шаклидир ва Украина улар учун энг севимли нишондир.
Ўз-ўзидан тикланувчи ушбу империал авторитаризм — Россиянинг ҳақиқий лаънати ва унинг барча муаммолари сабабчисидир. Мунтазам равишда рўй берувчи тарихий имкониятларга қарамай, биз ундан қутула олмаяпмиз.
Россияда охирги шундай имкон СССР тарқалиши арафасида бўлган эди. Бироқ мамлакат ичидаги демократик жамият ва ўша пайтдаги Ғарб етакчилари жуда мудҳиш хатога йўл қўйди: улар Борис Ельцин жамоаси томонидан таклиф қилинган, кенг ваколатларга эга бўлган президентлик республикаси моделига рози бўлди. Ўша вақтда бу мантиқий тўғри қарор эди, жуда катта ҳокимият яхши бола (Ельцин) қўлида тўпланганди.
Лекин тез орада кутилган воқеа содир бўлди — йигит «бузила бошлади». Бошланишига у ўзи уруш ташкил қилди (Чечен уруши), кейин эса нормал сайловлар ва ҳаққоний процедураларсиз олий ҳокимиятни Путин бошлиқ ахлоқи бузилган империалистларга топширди. Улар бир неча уруш ва сон-саноқсиз халқаро провокациялар уюштирди. Ҳозир эса даҳшатли оғир жиноятлар содир этган ҳолда қўшни халқни азоб-уқубатларга гирифтор қилмоқда. Украинларнинг бир неча авлодлари ва ўз фарзандларимиз ҳам бу қилмишларимиз учун бизни кечирмайди.
СССР тарқалганидан 31 йил ўтиб бизда яққол сиёсий картина бор: парламент республикаси йўлини танлаган постсовет давлатлари (Литва, Латвия, Эстония) муваффақиятли ривожланмоқда ва аллақачон Европанинг бир қисмига айланган. Президент-парламент республикаси моделини танлаган мамлакатлар эса (Украина, Молдавия, Грузия) ҳокимиятда яккаҳокимлик ўрнатмоқчи бўлганлар билан мунтазам кураш олиб бормоқда ва балансни ушлаб турибди. «Кучли президент» республикаси йўлидан борганлар истисноларсиз қаттиқ авторитаризм ўрнатган.
Шундай қилиб, урушдаги стратегик ғалаба — Россияни ушбу муҳим тарихий ўтиш даврига қайтариш ва рус халқига тўғри танлов қилиш имконини беришдир. Россиянинг келажаги «кучли ҳокимият» ва «қаттиқ қўл» эмас, музокаралар, келишувлар ва бутун жамият манфаатларини ҳисобга олиш бўлиши керак. Россия парламент республикаси бўлиши лозим, фақат парламентгина ўз-ўзини тиклайдиган империал авторитаризмнинг чексиз давомийлигини тўхтатади.
Эътироз бўлиши мумкин: парламент республикаси ечим эмас. Путин ёки унинг вориси сайловларда ғалаба қозониб, парламентни бутунлай назорат қилишига ким тўсқинлик қилади?
Албатта, парламент республикаси юз фоизлик кафолат бермайди. Эҳтимол, биз ҳозир парламент республикаси бўлган Ҳиндистоннинг авторитар тузумга айланаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳокимият тўлиқ эгаллаб олингандан кейин парламентар Туркия республикаси ҳам президент республикасига айланганини кўрдик. Путиннинг Европадаги фан-клубининг ядпоси парадоксал тарзда Венгрия парламентида жойлашган.
«Парламент республикаси» тушунчаси эса аслида жуда кенг.
Бироқ, мен ушбу «дори»нинг асосий жиҳатлари сифатида қуйидагиларни кўришни таклиф қиламан: ҳокимиятнинг бир инсон қўлида тўпланишини кескин қисқартириш, парламентдаги кўпчилик томонидан ҳукуматни шакллантириш, мустақил суд ҳокимияти, маҳаллий ҳукуматларнинг ваколатларини сезиларли даражада ошириш.
Путин партияси парламентни тўлиқ назорат қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга келсак, жавоб оддий: ҳақиқий мухолифатга сайловда қатнашишга рухсат берилса, бунинг иложи бўлмайди. Ҳа, катта фракция ёки коалиция тузган ҳолда кўпчиликни ташкил қилиш мумкин. Бироқ мутлақ назорат аниқ бўлмайди.
Россияда ҳозир жуда кўплаб инсонлар ҳудудий босқинчиликни эмас, нормал ҳаёт тарзини хоҳлайди. Ва бундай одамлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Шунчаки ҳозир улар овоз беришни хоҳлайдиган одам йўқ.
Шубҳасиз, мамлакатдаги Путин режимини ўзгартириш ва тинч ривожланиш йўлини танлаш Ғарбнинг иши эмас, бу Россия фуқароларининг вазифаси. Шунга қарамай, Россияни давлат сифатида ва унинг элитасини шахсан санкциялар билан жазолаган Ғарб, Россияни парламент демократияси сифатида кўришни исташи ҳақидаги стратегик қарашларини иложи борича аниқ ифодалаши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1990-йиллардаги Ғарб лидерларининг хатосини такрорламаслик керак. Ўшанда улар постсовет давлатларига «Сиз ўз ерингизда нима хоҳласангиз шуни қилинг, фақат ядро қуролингизга эҳтиёт бўлинг ва бизга нефт ҳамда газ етказиб беришни давом эттиринг» деган эди.
Афтидан, биз ҳозир ҳам ўша даврдагига ўхшаш циник овозларни эшитмоқдамиз: «Қўшинларини олиб чиқиб кетсин, кейин нима хоҳласа шуни қилсин. Уруш тўхтатилади, Ғарбнинг вазифаси бажарилади». Бундай миссия 2014 йилда ҳам «бажарилган» эди (Қрим эгаллаб олинган йил), ва бунинг натижаси ўлароқ 2022 йилда биз Европада кенг кўламли урушни кўриб турибмиз.
Бу аслида оддий, ҳаққоний ва адолатли йўл: шубҳасиз, рус халқи ўз ривожланиш йўлини ўзи эркин танлаши керак. Аммо Ғарб давлатлари ҳам Россия билан муносабатлар форматини танлашда эркин, улар санкцияларни бекор қилиш ёки қилмаслик ҳамда бу қарорлари мезонларини ўзгартириш борасида мустақил.
Рус халқи ва рус элитасини мажбурлаш шарт эмас, шунчаки уларга нима учун бундай танлов яхшироқ эканлиги ҳақида аниқ сигнал ва тушунтириш бериш керак. Яна бир муҳим жиҳати, парламент демократияси Путин атрофидаги ҳозирги кўплаб сиёсий фракциялар учун ҳам жуда рационал ва кутилган танловдир. Бу уларга ўз таъсирини сақлаб қолиш ва ҳокимият учун курашиш имкониятини беради, шу билан бирга улар янада тажовузкор фракция томонидан йўқ қилинмаслигини ҳам кафолатлайди.
Уруш — бу ҳар куни ўзгариб турувчи омиллар таъсири остида қабул қилинадиган шошилинч қарорларнинг доимий оқимидир. Шу сабаб, Украинани қўллаб-қувватлаш борасида ҳозирда эришаётган муваффақиятлари учун Европа етакчиларига ҳурмат сақлаган ҳолда, мен уларни урушнинг асосий сабабларини кўздан қочирмасликка чақираман. Европадаги тинчлик ва барқарорликка асосий таҳдид — бу Россияда тўхтовсиз ўзини ўзи тиклайдиган агрессив империал авторитаризмдир.
Урушдан кейинги Россия, Путиндан кейинги Россия каби, яна уришаётган ва Путин тизимидаги давлат бўлиб қолишга маҳкум. Мамлакат тараққиётининг ҳозирги парадигмасида бу муқаррар юз беради. Ва фақат парламент республикасигина бунинг олдини олиши ва Россия яхши қўшни, муаммолар яратувчи эмас, балки уларни ечишга ёрдам берувчи давлатга айланишида биринчи қадам қўйиши мумкин.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
07:50
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
21:42 / 23.12.2024