Ишдан олинган Асака тумани ҳокимига уч кун ўтиб мукофот пули ажратилди
Мукофотланган ҳоким 56 та қарор билан 2 минг 390 гектар ерни ноқонуний ажратган. Айни шу туманда бир ярим йил (2021-2022 йиллар) ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган.
Асака туман ҳокими биринчи ўринбосари, ҳоким вазифаси бажарувчиси Ойбек Зайнобидинов туман ҳокимлиги ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади.
Фармойишга илова қилинган ходимлар рўйхатида 27 сентябр куни лавозимидан озод этилган Асака тумани ҳокими Мансуржон Алихонов ҳам бор. Собиқ ҳоким ва яна 49 нафар ходимлар «иш ҳақи фонди ҳисобидан 2022 йил III чорак якунлари бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ҳамда штатлар жадвалида белгиланган моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан 45 фоиз миқдорида мукофотланган.
Маълумот учун, Мансуржон Алихонов ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани ва фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган танқидий йиғилишда лавозимидан озод этилганди.
«Асака тумани ҳокими жаноб Алихонов. Ер ажратиш масаласида 56 та қарор билан 2 минг 390 гектар ер ноқонуний ажратилган. 2021—2022 йилларда, бир ярим йилнинг ичида, ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган. Ниғматилла Тўлқинович (бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев), шундай, ҳа? Шунинг учун бугун президентимизнинг қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз. Чиқиб кетинг залдан, бу залда ўтиришга ҳаққингиз йўқ», — деган администрация раҳбари.
Мансурбек Алихонов 2020 йил сентябридан буён Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.
Мавзуга оид
15:44 / 01.11.2024
Андижонда ҳожатхонага тушиб кетган қизалоқ қутқариб қолинди
19:58 / 23.08.2024
“Химикат”сиз пишган тарвузлар — қирни ўрмонга айлантираётган Отабек ҳикояси
20:56 / 12.08.2024
Андижонда ўқитувчилар мактабдаги қурилиш ишларига жалб қилинди
20:45 / 31.07.2024