Навоийда қизларининг рақси туфайли ота-оналарга қўлланган жарима бекор қилинди
Кармана туманида ўқувчи қизларнинг бемаъно рақси видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан уларнинг ота-оналари интервью бериш юзасидан босим остида қолган. Вояга етмаган болалар эса ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган.
Кармана касб-ҳунар мактабида икки нафар ўқувчи қиз томонидан ижро этилган бемаъни рақс ижтимоий тармоқларда тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси расмий муносабат билдириб, қизларнинг ота-оналари жаримага тортилганини маълум қилди.
Бошқармага кўра, 21 сентябр куни Кармана тумани касб-ҳунар мактабининг икки нафар ўқувчиси тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида ўзбек миллатига муносиб бўлмаган, ўзбекона урф-одатларимизга тўғри келмайдиган рақсга тушиб, ушбу ҳаракатларни тасвирга олишган ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишган.
“Ушбу ҳолатлар мутасадди раҳбарлар ҳамда вояга етмаган ўқувчи қизларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг таълим-тарбиясига оид қатъий чора-тадбирлар белгилаб олинди. Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-модда 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда жаримага тортилди”, — дейилади бошқарма расмий муносабатида.
Навоий вилояти адлия бошқармаси ота-оналарга қўлланган мазкур жаримани ноқонуний деб топди ва уни бекор қилди. Адлия бошқармасининг таъкидлашича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги хатти-ҳаракатлар, хусусан, алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши “ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги”, деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилинган. Яъни мазкур ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.
Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин. Лекин инсонларнинг ахлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга, айниқса жавобгарликка тортишга олиб келмаслиги лозим.
Бундан ташқари, ота-оналарнинг баён этишига кўра, лавҳа расмий манбалар ва марказий телеканаллар орқали ёритилиш жараёнида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар интервью бериш юзасидан босим остида қолган. Натижада, вояга етмаган болалар ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган. Ушбу номақбул ҳаракатлар вояга етмаганларнинг соғлиги ва саломатлигига, руҳий барқарорлигига ўта жиддий таъсир қилган ва уларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига олиб келган.
Шунингдек, мазкур масалада баъзи бир ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳамда телевидение орқали берилган интервьюларда мактаб маъмурияти раҳбари ва айрим ўқитувчиларига нисбатан “ҳайфсан” ва “жарима” интизомий жазо чораси қўлланганлиги ва улар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлиги баён этилган. Ушбу ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди”, — дейилади адлия бошқармаси изоҳида.
Мавзуга оид
16:34 / 12.10.2024
Кармана тумани ҳокими интизомий жазога тортилди
19:51 / 13.03.2024
Карманадаги уйда юзага келган ҳолатга базалт қопламаси сувга бўкиши сабаб бўлган
14:18 / 13.03.2024
Карманадаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган “дом”нинг сувоғи кўчиб тушди
15:27 / 13.02.2024