Ўзбекистон | 18:07 / 03.10.2022
20744
5 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги қурилиш майдонида 700 га яқин дарахт йўқ қилинди

Тошкентнинг Сеул кўчасида барпо этилаётган мажмуалар қурилишида юзлаб дарахтлар йўқ қилинган. Kun.uz суриштирувида маълум бўлишича, ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган, халқ тилида “Ўзбекфильм” кўчаси деб аталадиган маҳаллада, Бўрижар канали бўйида яшайдиган аҳолидан таҳририятимизга мурожаат бўлди. Ҳудуддаги қурилишлардан азият чекаётган аҳолининг дардига қулоқ тутдик.

Уларнинг айтишича, “Seoul Mun” деб аталган лойиҳа доирасида неча йилдирки олиб борилаётган ишлар туфайли азият чекмоқдалар.

“Мутасаддилар бирор қурилиш учун имзо чекиб беришдан олдин келиб аҳоли билан учрашиб, ҳақиқий ҳолатни ўргансалар бўлмайдими? Биздан ҳам кимдир фикр сўрайдими?” дейди маҳалла фуқароси Шаҳзода Ғаниева. Унинг айтишича, нариги соҳилда олиб борилган бузиш-қуриш ишларидаги зарбалар туфайли аҳоли уйларининг деворлари ёрилган, чўккан. Қолаверса, қурилиш оқибатида кўтарилган чангдан аллергик касаллар орттириб олишган.

“Бу ҳам етмагандек, тозалаш, текислаш ишлари олиб бориш баҳонасида қирғоқдаги дарахтларни йўқ қилиб ташлашди. Мана энди уйларимизга яқин жойдаги ерларни ўраб олишяпти”, дейди яна бир фуқаро.

Воқеа жойига етиб келган фаоллар бу ерда дарахтлар кесилиши ҳолатлари бўйича аҳолининг фикрларига қулоқ тутди ва бу борада фикрларини билдирди. Депутат Расул Кушербаевга кўра, ҳудудда 700 тупга яқин дарахт йўқ қилиб юборилган ва бу иш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бўрижар канали атрофидаги ҳудуднинг 2017 йил август ойидаги ҳолати / Фото: Maxar / Google Earth

2022 йил сентябр ҳолати / Фото: Maxar / Google Earth

Мораторий вақтида биргина ҳолатнинг ўзида юзлаб дарахтлар йўқотилганини Kun.uz билан суҳбатда Тошкент шаҳар экология бошқармаси Назорат-инспекция бўлими бошлиғи ўринбосари Исматилла Муслимов ҳам тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, “Seoul Mun” лойиҳаси учун ажратилган ҳудуд “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ ХКга берилган. Муслимовнинг айтишича, қурилиш ишлари бошланишидан аввал ўтқазилган экологик экспертиза натижасида қурувчи компанияга бажарилиши шарт бўлган 20дан ортиқ талабларни ўз ичига олган экологик хулоса берилган. Экологлар дарахтларни кўчириб ўтқазишга рухсат берган, лекин кўчириб ўтқазилган дарахтлар қуриб қолса ёки кўчирилмасдан кесилса, жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Дарахтзор ўрнида қурилган “Kislorod” турар-жой мажмуаси ва унинг олдидаги, “Seoul Mun” лойиҳасига тегишли ҳудуд

“Инспекторларимиз жойига чиқиб ўрганган. Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу ҳудуддаги дарахтлар “Ўрмон инвест” ташкилоти томонидан кўчириб ўтқазилгани аниқланган. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар жиноят аломатлари борлиги сабабли прокуратура органларига юборилган.

Кўчириб ўтқазганмиз дейишяпти, лекин аниқ қаерга кўчириб ўтқазганини кўрсатиб бера олмади. Бир-иккита дарахтларни кўрсатишди, лекин уларнинг диаметри биринчи хатловдаги дарахтларникига тўғри келмади.

Биринчи хатловда ҳудудда 690дан ортиқ дарахт бўлган, улар ҳозир йўқ. Далолатнома расмийлаштириб, Чилонзор тумани прокуратурасига тақдим этилган”, – деди экоинспекция вакили.

“Ozun Tashkent Construction” компанияси юристи Азим Маратов биз билан суҳбатда ҳолат бўйича муносабат билдирар экан, аҳоли вакиллари билан учрашишгани, айни пайтда олиб борилаётган қурилишнинг 2-босқичида аҳоли уйларига зиён етказилмаётгани, маҳаллага бевосита яқин бўлган 3-босқич ишлари эса ҳали бошланмагани, ҳудудни ўраб олиш ишлари хавфсизлик нуқтайи назаридан қилинаётгани, бунга қонунан тақиқ йўқлиги, 3-босқич қурилиш бўладиган жойларда дарахтларга зиён етказилмагани, у ерда дарахтларни кесиш ё кўчириб ўтқазиш ишлари қонунчиликка мувофиқ, керакли рухсат олингач амалга оширилишини айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, “Seoul Mun” мажмуаси учун 3 гектар ер ажратилган бўлиб, у савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, автотураргоҳ ва умумий овқатланиш шохобчаларини ўз ичига олади.

Юқорида айтилганидек, айни пайтда жиноят иши қўзғатилган. Kun.uz жиноят ишидаги гумондорлар кимлиги, кесилган дарахтларнинг нечтаси кўп йиллик ва қимматбаҳо турдаги дарахтлар бўлгани ва бошқа ҳолатлар ҳақида маълумот олишга уринмоқда ва воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бобур Акмалов,
Муҳиддин Нидо,
Kun.uz

Мавзуга оид