Ҳимоя ордери ростдан “ҳимоячи”ми? – хотин-қизларни зўравондан асраш тизими ҳақида
Яқин-яқингача маиший зўравонлик фақат оила ичида ҳал қилинадиган гап эди. Ҳукумат очиқчасига (барча вазиятларда эмас!) оилавий зўравонликни тан олаётгани бу йўналишда ижобий тенденцияни бошлаб берди. Хотин-қизларга берилаётган ҳимоя ордери жабрланувчини зўравондан асрашнинг бир йўли сифатида тақдим этилмоқда. Ордернинг жорий этилгани ижобий қадам. Амалиётда у қандай ишлаяпти? Жабрланувчиларга ҳақиқатан ёрдам бероляптими? Шу ва бошқа саволларга мақолада жавоб излашга уринамиз.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳимоя ордерига қуйидагича таъриф берилган:
Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат.
Тушуниладики, ордер хотин-қизларга нафақат турмуш ўртоғи, балки қариндошлари, ҳамкасби зулмидан ҳимояланиш учун ҳам берилади. Ҳимоя ордери жабрланувчига мурожаат қилган кунидан бошлаб 24 соат ичида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан берилади ва 30 кунгача амал қилади. Ҳолат ўзгармаса, муддат яна 30 кунгача чўзилиши мумкин.
“Ҳимоя ордери берилганидан сўнг уни назорат қилиш механизми ишламайди”
Гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети доценти в.б. Камола Алиева:
“Ҳимоя ордери берилгандан кейин зўравон ва жабрланувчи алоқалари чекланади ва бу қай тартибда назорат қилинади? Бунинг аниқ механизми йўқ. Ҳимоя ордери берилса ҳам зўравоннинг қайта тазйиқ ўтказиш ҳолатлари жуда кўп. “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 2061-моддасига кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бу дегани зўравонлик ҳолати қайта такрорланиши ҳам жарима билан жазоланади. Жиноий жавобгарлик йўқ. Бу эса зўравонни қўрқитолмайди. Ҳимоя ордери берилганидан кейинги вазият қандай мониторинг қилиниши бизга қоронғи. Ҳеч қаерда аниқ тафсилотлар эълон қилинмаган”.
Муддат кам эмасми?
30 кунлик муддат жабрланувчини зўравондан ҳимоя қилишга етадими? 30 кун ичида зўравон хулқини ўзгартириши қандай меъёрларга асосан ҳисоблаб чиқилган? Бу бўйича қандай илмий тадқиқотлар мавжуд?
Украина тажрибасига қарайдиган бўлсак, “Оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида икки хил ҳимоя ордери ҳақида гапирилади. Биринчиси, шошилинч тарзда берилувчи ордер бўлиб, 10 кун муддатгача маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шикоятчининг аризасига кўра берилади.
Муддат ўтгунича ариза берувчи ёки унинг вакили cудга узоқ муддатли (1 ойдан 6 ойгача) ҳимоя ордери берилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин. Муддат тугагач, ариза берувчи судга қайта мурожаат қилиб, яна 6 ойгача ордер муддатини узайтиришни сўраш ҳуқуқига эга.
“Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов), Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев), Олий суд (К.Ф. Камилов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) ва Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси (З.Б.Маҳкамова) 2022 йил 1 июнга қадар қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак эди.
Қонунчилик лойиҳаси муҳокамасида ҳимоя ордери суд томонидан бир йил муддатгача берилиши банди акс этиши белгиланган. Ушбу қонун лойиҳаси тақдири билан қизиқиб, Адлия вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилдик. Матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг маълумот беришича, ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида.
Ҳукумат ордернинг муддатини узайтиришга мойиллик билдирмоқда. Бунга ҳаракат қилиниши қувонарли ҳолат. Аммо ҳар доимгидек, бу ерда масала қонуннинг қачон кучга кириши, энг муҳими, ижросида қолмоқда. Аслида, ҳимоя ордерининг ўзи яхши тажриба бўлган, аммо унинг ижроси қониқарли даражада эмас.
Ордер суд томонидан берилиши ҳам бир қанча саволни келтириб чиқаради. Бир йиллик ордер суд қарори билан берилиши қанчалик ўзини оқлаши мумкин? Кўп ҳолларда ўртадаги низолар судгача “бости-бости қилинади”. Судга мурожаат қилиш, суд ажримини кутиш вақт, асаб ва молиявий харажатларни талаб этади. Шу сабабли бир йиллик ҳимоя ордерини суд қарорисиз бериш тартибини ўйлаб кўриш керак. Ёки яна бир оптимал ечим сифатида судда иш кўриб чиқилгани учун бож тўловлари давлат томонидан қопланиши ва бундай ишлар иложи борича тезликда кўриб чиқилиши зарур.
Nemolchi.uz нашри ўзбек тилидаги контенти муҳаррири Нигора Адизова ҳимоя ордери муддати ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Хорижий мамлакатлар амалиётида камида 2 турдаги ҳимоя ордери мавжуд – қисқа муддат (полиция томонидан) ва узоқ муддатли (суд томонидан). Лекин Ўзбекистонда унинг фақат бир тури бор – 30 кун муддатга бериладиган вақтинчалик ҳимоя ордери.
Ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида фақат маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Ҳимоя ордери талабларини бажармаслик, ҳатто такроран содир этилган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортилмайди. Хорижий мамлакатларда суд ҳимоя ордерини беришда судланувчини ордер ижро этилмаган тақдирда қамоққа олиш тўғрисида бир вақтнинг ўзида ордер беради.
Масалан, Туркияда ҳимоя ордерини бузган шахс уч ойдан олти ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Оилавий можарода тезкор аралашув вақтида вақтинчалик ҳимоя ордери қўл келиши мумкин ва бу иш судда ҳал этилгунга қадар жабрланувчининг хавфсиз бўлишини назарда тутади.
Умуман олганда, оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қисқа муддатли ордерлар оиладаги зўравонликни гўёки тузатишга қаратилгандай, аммо шу билан бирга, оиладаги зўравонлик давом этишига имкон беради. Бундай қонунчилик хатони тузатгандек кўриниш беради, лекин аслида мавжуд вазиятни давом эттиради.
Гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети доценти в.б. Камола Алиева:
“Амалдаги қонунчиликка кўра, бир ойлик ҳимоя ордери муддати жуда кам. Аслида, олти ойдан бир йилгача бўлиши керак. Оилавий зўравонликдан жабрланганлар оғир руҳий оғриқларни бошидан ўтказади. Фарзандлар ҳам бундан жабр кўришади. Уларни реабилитация қилиш учун бир ой етарли эмас. Табиийки, йиллар давомида шаклланган руҳий жароҳатларни бир ой давомида даволаб бўлмайди.
Зўравонликни амалга оширган шахс хулқини ўзгартириш устида ишлашгаям бу муддат анча камлик қилади. Ҳукумат томонидан ҳимоя ордери муддатини бир йилгача узайтириш ва суд томонидан берилишини кўзловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лекин асосийси, бу ўзгартиришларнинг ишлаш механизмини тўғри йўлга қўйиш. Амалиётда қўллай билиш энг муҳимидир”.
“Муддат тугашини кутиб, эртаси куни хотинини урганлар ҳам бор”
Nemolchi.uz нашри ўзбек тилидаги контенти муҳаррири Нигора Адизова:
“Ҳимоя ордери олган хотин-қизлар деярли ҳеч қандай ҳимояга эга бўлмайди. Зўравонлар уларнинг олдига келиш, алоқага чиқишда давом этади. Яъни босим ўтказишда давом этади. Қўл кўтармай туриши мумкин, тўғри. Лекин бизга мурожаат қилганлар орасида, айни ҳимоя ордери муддати тугашини кутиб, унинг эртасига яна калтаклашда давом этилган ҳолатлар кўп.
Умуман, уй зўравонлиги кейслари билан ишлаш бўйича алоҳида бўлимлар йўқ, махсус тайёрланган ходимлар ҳам. Участка нозирларининг эса оилавий ишлар билан "пачакилашиш"га хоҳишлари ва вақтлари йўқ. Аёл ўлдирилсагина ёки жонига қасд қилсагина ишга жиддий киришилади. Ҳимоя ордери жабрланувчига давлат органлари томонидан бериладиган ва уни зўрловчининг таъқиб ва тазйиқларидан ҳимоя қилувчи воситадир.
Ордерни бузганлик учун зўравонга жарима тўлаш ёки ҳибсга олиш жазоси қўлланади, уни бир неча бор содир этсангиз ҳам айни жазо. Ҳимоя ордерлари статистикаси шуни кўрсатадики, кўпчилик оилалар ярашади ва ҳимоя ордерларининг 3 фоиздан камроғи жиноий ишларга йўналтирилади. Ҳимоя ордери аёлларни ҳимоя қилишда энг кучли саналган Қўшма Штатларда қарор фақат судгача бўлган чора бўлса, Ўзбекистонда ҳимоя ордери кўпинча судгача етиб бормайди, яъни жарима зўравон учун ягона жазо бўлади.
Эр хотинини калтаклайди, ички ишлар органлари унга ёрдамга келади, ҳимоя ордерини беришади, унинг талаблари эса тажовузкор томонидан осонлик билан бузилаверади. Ҳимоя ордери ҳеч қачон зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси бўлмаган. Жабрланувчиларни зўрлаган одам билан қолишга, “ярашишга” ва “оилани сақлаб қолишга” мажбур қилишмоқда.
Зўравоннинг ахлоқини тузатиш билан ким шуғулланади?
Nemolchi.uz нашри ўзбек тилидаги контенти муҳаррири Нигора Адизова:
“Афсуски, хабардор эмасмиз. Ҳимоя ордерини бериш тартиби ва бошқа тафсилотлар очиқ доступда мавжуд эмас. Масалан, қонунда “Вазирлар Маҳкамасидан тузатиш дастури” ишлаб чиқилиши кўзда тутилган, лекин унда қандай мавзулар киритилган, уни ўтиш тартиби, айнан кимлар ушбу дастурдан ўтишга мажбур экани аниқ кўрсатилмаган.
Амалиётда эса ҳимоя ордери қандай берилади? Эркак ва аёл хотин-қизлар бўйича инспектор ҳузурига чақирилади. Яхшигина насиҳат қилинади. Одатда аёлга чидаш кераклиги уқтирилади. Ва ҳимоя ордери иккала томонга берилиб, унинг талаблари тайинли тушунтирилмайди ҳам”.
Гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети доценти в.б. Камола Алиева:
“Бошқа давлатлар тажрибасига қарасак, зўравонликни содир этган шахс жабрланувчидан узоқлаштирилади. Ахлоқни тузатиш марказларига олиб кетилади. Қонуннинг 22-моддасига кўра, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан профилактика суҳбати ўтказиш зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.
Оддийгина профилактик суҳбат агрессор хулқини ўзгартириб қўймайди. Ўз айбини онгли равишда тушуниши учун кўпроқ муддат талаб қилинади. Хотин-қизлар қўмитаси халқаро ташкилот билан агрессорларнинг ахлоқини тузатиш бўйича бир лойиҳани ишга туширди. Бу яхши ташаббус. Аммо агрессор билан ишлаш учун алоҳида дастур қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилмаган”.
Украинада 2017 йилда қабул қилинган “Оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда зўравонликни содир этган шахснинг хулқи устида алоҳида дастур ишлаши тартиби белгилаб қўйилган. Қонуннинг 21-8-моддасида “Зўравонликни амалга оширган шахслар устида ишлаш дастурини амалга ошириш учун масъул бўлган субъектлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидир. Дастурни олиб бориш тегишли тайёргарликдан ўтган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Дастурдан ўтиш суд қарори билан 3 ойдан 1 йилгача муддат қилиб белгиланиши мумкин. Дастур зўравонликни содир этган шахс розилиги билан амалга оширилади.
Таклифлар
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти мутахассислари: Эльдар Шайдулин ва Шахсанем Салиева ҳимоя ордери бериш тартибини ўзгартириш бўйича бир қанча ўринли таклифлар берган.
- зўравонликдан жабр кўрган жабрдийда анъанавий тарзда ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилишидан ташқари 24 соатлик ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш тизими ҳам йўлга қўйилиши керак. Бу ҳимоя бериш тизими самарадорлиги ва тезлигини оширади;
- зўравонлик содир этилган ва хавфи мавжуд бўлган ҳар бир маҳаллада Миллий гвардия ходими бир ҳафта туриши ва кеча-ю кундуз қўриқланиши учун шарт-шароит яратилган махсус хона ташкил этиши керак. Бу жабрланувчи хавфсизлиги учун жуда муҳим;
- жабрланувчининг қариндошлари, қўшнилари ҳам зўравонлик ҳолати тўғрисида хабар бериши орқали ҳимоя ордери бериш механизми яратилиши;
- шахснинг зўравонликка мойиллигини аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида профилактика инспекторларига потенциал зўравонни махсус текширувга юбориш ваколатини бериш масаласини ишлаб чиқиш зарур.
Гендер масалалари бўйича тадқиқотчи Камола Алиеванинг таклифига кўра, ҳимоя ордери электрон тарзда (смс юбориш, расмий сайтлар, иловалар орқали) ҳам берилишини йўлга қўйиш зарур. Уйидан чиқолмайдиган жабрланувчи онлайн тарзда ариза тўлдириш имконияти яратилиши керак.
Грузияда бир яхши тажриба бор: зўравонга электрон билагузук тақилади. У орқали зўравоннинг ҳаракати ҳуқуқ органлари томонидан назорат қилинади. Бу билан жабрланувчига зарар етказилиши олди олинади. Ушбу тажриба бизда ҳам қўлланса, ҳимоя ордери берилганидан кейинги ҳолатни мониторинг қилиш имкони пайдо бўлади.
Ҳимоя ордери берилгандан сўнг хотин-қизларга маълум миқдорда белгиланган молиявий маблағ давлат томонидан ажратилиши керак. Чунки жабрланувчи зўравон билан алоқаларини маълум миқдорда чеклайди. Агар зўравон оилада ягона боқувчи бўлса, жабрланувчининг молиявий аҳволи ушбу вазиятдан кейин янада оғирлашиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун молиявий ёрдам вақтинчалик самарали ечим бўлиши мумкин. Жабрланувчига пул тўланиши асло зўравон ҳисобидан бўлиши керакмас, чунки бу маблағ оилавий бюджетнинг бир қисмидир. Бу билан жабрланувчига нисбатан зўравонлик ҳолати ошиши эҳтимоли юқори.
Журналист Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:57 / 12.10.2024