Иқтисодиёт | 21:20 / 04.10.2022
45554
2 дақиқада ўқилади

Республика валюта биржасида илк бор валютавий фючерс операциялари жорий этилди

Бундан ташқари, давлат қимматли қоғозлари бозори иштирокчилари учун янада қулайлик яратиш мақсадида “UZCE mobile GB” мобил иловаси ишга туширилди.

Республика валюта биржасида илк бор валютавий фьючерс шартномалари билан олди-сотди операцияларини амалга ошириш имконияти яратилиб, ЎзРВБ давлат қимматли қоғозлари бозори мобил иловаси ва ликвидлик провайдерлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ички валюта бозоридаги ушбу янгилик Марказий банк ва ЎзРВБ билан ҳамкорликда ташкил этилган тақдимотда таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, тадбирда валютавий фючерс шартномалари, уни жорий этишдаги аҳамиятли жиҳатлар, “UZCE mobile GB” мобил иловасининг бозор иштирокчилари учун қулайликлари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Қайд этилишича, валютавий фючерс шартномаларининг жорий этилиши валюта бозорида янги турдаги инструментларнинг пайдо бўлишига ҳамда бу орқали корхоналарнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи шоклар таъсирини юмшатишга имконият яратади.

Бундан ташқари, ЎзРВБ давлат қимматли қоғозлари бозори иштирокчилари учун янада қулайлик яратиш мақсадида “UZCE mobile GB” мобил иловаси ишга туширилди.

Ушбу мобил иловадаги мавжуд имкониятлар давлат қимматли қоғозлари бозоридаги аукционлар параметрларига оид маълумотларни кўриш, киритилган буюртмаларни бекор қилиш, давлат қимматли қоғозларини сотиш ёки сотиб олиш бўйича битимлар тузиш, РЕПО битимларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини кўриш, биржа маълумотлари – котировкалар, биржа янгиликлари ва таҳлилий материалларни ёки ушбу бозорга оид бошқа биржа маълумотларини олиш каби афзалликларни яратишга хизмат қилади.

Маълумот учун: валютавий фючерс контракти – маълум бир миқдордаги валютани (базавий актив) битим тузилган кундаги келишилган нарх бўйича келгусида аниқ бир кунда сотиш ёки сотиб олиш шартномасидир.

Мавзуга оид