Ўзбекистон | 18:01 / 04.10.2022
15103
2 дақиқада ўқилади

Ягона мактаб формаси бўйича талаб кечиктирилганини тасдиқловчи ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ҳукумати ягона мактаб формасини жорий этишни кечиктиришга қарор қилган эди. Бу қарор 3 октябр куни имзоланган ҳужжат билан расмийлаштириб қўйилди.

Ўзбекистонда тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини жорий этиш кейинги йилларга қолдирилиши расман белгилаб қўйилди. Бу ҳақда 3 октябр куни Вазирлар Маҳкамасининг 558-сонли қарори қабул қилинган.

Унга кўра, ягона мактаб формасини жорий этиш 2022/23 ўқув йилидан бошлаб эмас, кейинги 3 йил давомида босқичма-босқич жорий этилади. Бу босқичлар қандайлиги ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, ягона мактаб формасига оид ҳукумат қарори шу пайтгача бир неча марта ўзгартирилди.

Бу борада 2018 йилда 666-сонли қарори қабул қилинган, унда ягона форма 2018/19 ўқув йилидан ихтиёрий, 2019/20 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлиши белгиланган эди. Лекин бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлгач, хусусан Саида Мирзиёеванинг аралашуви билан, муддат 2024/25 ўқув йилигача кечиктирилганди.

Лекин ҳукумат 2024 йилгача кутишни истамади. 2022 йил май ойига келиб, 666-сонли қарор ўзгартирилди ва ягона форма 2022/23 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлиши эълон қилинди. Бу яна эътирозли қарши олингач, июл ойида – конституцион ислоҳотлар фонида ягона форма бу йил мажбурий бўлмаслиги айтилди.

Эндиликда ягона форма талаби 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилиши кутилмоқда. Ягона форма қайси йилдан бошлаб қайси синф ўқувчиларига мажбурий бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Kun.uz аввалроқ айрим мактаблар маъмурияти ота-оналарни фарзандлари учун тасдиқланган дизайндаги мактаб формаларини сотиб олишга ундаётгани ҳақида хабар берганди. ХТВ матбуот котиби бизнинг сўровимизга жавобан маълум қилишича, мактаблар томонидан ягона форма тарғиб қилиниши мумкин, лекин бу ўқувчини мактабга киргизмасликка сабаб бўла олмайди.

Мавзуга оид