“Россия пропагандани ҳаддан ташқари кучайтирган бир пайтда, биз бор ахборот эркинлигимизни демонтаж қилдик” — Раббимов
“Россия охирги 20 йилда ахборот сиёсати учун мисли кўрилмаган даражада катта ресурс ажратди. Бугун ҳам Россияда энг катта ахборот пропагандачилари йирик миллиардерлар ҳисобланади. Бу пропаганда машинаси ҳаддан ташқари кучаяётган бир пайтда биз бор ахборот эркинлигимизни демонтаж қилдик”, – дейди сиёсий таҳлилчи.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz сайти ташкиллаштирган давра суҳбати давомида ўзбек жамиятида ҳурфикрлилик ривожланмаётгани ва ҳукуматнинг миллий ахборот сиёсатида йўл қўяётган хатолари ҳақида фикрларини билдирди.
“Мен Ўзбекистондаги биринчи маъмурият даврига доим танқидий баҳо бераман. Чунки ахборот сиёсати давлатнинг сиёсий табиатига бориб тақалади.
Биринчи маъмурият даврининг асосий мотиви жамиятни имкон қадар қаттиқроқ назорат қилиш мотиви эди. Яъни биринчи маъмурият даврида давлатнинг геосиёсий мустақиллигига катта эътибор берилди. Масалан, Россия Қримни аннексия қилганда постсовет ҳудудидан Россияга қарши икки бор нота юборган ягона давлат бу Ўзбекистон бўлди. Лекин ахборотни қаттиқ назорат қилиш оқибатида жамиятда хато қилиш имконияти ҳам бўлмади.
Биламизки, демократия эркинлик жараёнида шаклланади. Яъни биринчи бўлиб давлат, миллат шакллансин, ундан кейин эркинлик бўлади, дейилган жойда эркинлик ҳеч қачон бўлмайди. Эркинлик бу — аввало жараён.
Биринчи маъмурият даврида ахборот шу қадар қаттиқ назорат қилиндики, жамиятда эркин фикрлаш ва эркин ахборот оқимини шакллантириш имконияти бўлмади.
Демократиянинг фундаментида кенг сиёсий элита туради.
Биласиз, Ўзбекистон, Туркманистон каби давлатларнинг конституциялари ҳам демократик конституциялар ҳисобланади, аммо улар ёзилгани каби ишламайди. Фикримча, унинг ишлаши учун кенг сиёсий элита керак. Бизда сиёсий элита кейинги 6 йилдагина кенгая бошлади. Аммо бу борадаги тезлик етарли эмас, жуда секин.
Биз мамлакатда эркин фикр шаклланиши учун демократик институтлар керак дедик. Демократик институтлар эса ҳокимиятлар бир-бирини ўзаро тийиб турганда ва тез-тез алмашганда шаклланади.
Бугун бу ерда бизнинг ўтган вақт давомида нега ахборот эркинлигини қўлга киритолмаганимиз ҳақида савол бериляпти. Бу ерда фундаментал бир нуқта мавжуд. Биз совет иттифоқида Россиянинг назоратидан чиқдик. Лекин мустақилликка чиққанимиздан кейин ўзбек жамиятида Россия, рус, совет ўзлиги бошқа ўзлик сифатида кўрилмади. Бу ерда психологик нуқта бор. Яъни биз Россия, СССРга худди ота ва онага ёки катта акага қараган каби қарадик. Бу жараёнда узилиш бўлмади ва ҳалигача ҳам жамиятнинг маълум бир қисми Россияга бегона, мустақил, бошқа бир давлат сифатида қарамайди. Буни сўз билан ифодалаш жуда қийин. Бунинг устига Россия жуда катта давлат. У кейинги 20 йилда ахборот сиёсати учун мисли кўрилмаган даражада катта ресурс ташлади. Бугун ҳам Россияда энг катта ахборот пропагандачилари йирик миллиардерлар ҳисобланади. Улар жуда бой одамлар.
Россия пропаганда машинасини ҳаддан ташқари кучайтираётган бир пайтда биз бор ахборот эркинлигимизни демонтаж қилдик”, – деди таҳлилчи.
Раббимов шунингдек, ўтган йиллар давомида ўзбекистонликларга тўғри дунёқараш, ҳурфикрлилик беролмаётган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва ҳукуматнинг бу борада олиб борган сиёсатини ҳам танқид қилди.
“Ўзбекистонда ахборот ишлаб чиқиш бор, лекин позиция, дунёқараш ишлаб чиқиш йўқ. Таҳлилий кўрсатувлар йўқ. Жамиятда мутафаккирлар кўп, аммо улардан фойдаланиш йўқ.
Ўзбекистоннинг энг катта муаммоси геосиёсий эҳтиёткорлик. Бугун хоҳлаган мавзуингизни хоҳлаганча танқид қила оласиз. Биров келиб сизга индамайди, ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали президент ва бош вазирни ҳам танқил қилиш мумкин. Лекин Россия билан Хитойга келганда элчихоналар нота бериши мумкин, деган эҳтиёткорлик, хавотир жуда кучли.
Қиёсий таҳлил қилайлик, масалан, қўшни Қозоғистон мисолида. У Россия билан дунёдаги энг узун – 7 минг 500 километр узунликда чегарага эга. Лекин қозоқ телеканалларида эркин фикрлаш, танқидий таҳлил жуда кучли. Бизга қараганда ниҳоятда олдинда. Қирғизистонни айтмаса ҳам бўлади.
Яъни Қирғизистонда Путин ёки Москвага нисбатан бирор-бир танқид пайдо бўлганда Россияда ҳеч кимнинг хаёлига бу Бишкекнинг яширинча буюртмаси, деган фикр келмайди.
Бизда бугун бир йўл борки, унга кўра, айнан геосиёсий масалада ахборот эркинлигини жамиятга бериш керак. Бунда ҳокимият 6 ой ёки 1 йил тишини-тишига қўйиб, сабр қилиши керак. Шунда ташқи дунёда ҳам Ўзбекистонда ахборот эркинлиги шаклланади, бу Kun.uz, бу “Azon.uz” ва бу Qalampir.uz’нинг ўз позицияси, буни президент администрацияси топшириқ бермаган, деган фикр шаклланади. Шу хулосага келиши учун давлат ҳокимияти сабр қилиши керак”, – деди Камолиддин Раббимов.
Мавзуга оид
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024