Аҳоли кайфияти, электромобиллар ва Киевга ҳаво мудофааси — кун иқтибослари
11 октябр, сешанба куни ахборот маконида асосий диққат марказида бўлган фикрлар ва баёнотлар — “Кун иқтибослари” рукнида.
“Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси”
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти:
— Барча ҳоким ва вазирлар эшитиб олсин. Президент сиёсати ва талаби шундай: ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси.
Катта-кичик бўладими, аҳолимиз кўтарган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт ва зарур.
“Одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди”
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти:
— Келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади.
Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди.
Президент электромобил ишлаб чиқаришни тезроқ бошлаш кераклигини айтди
Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистонда электромобил ишлаб чиқаришни бошлаш кераклиги ҳақида:
— Ҳар бир қароримизда бир йиллик эмас, ўн йилликларни кўзлашимиз керак. Экологияни инобатга олиб, келажакни инобатга олиб, бу тармоқни ҳозирдан ривожлантиришимиз зарур. Буни қанча тез қилсак, автомобил бозорида рақобат пайдо бўлади. Бошқа электромобил компаниялари ҳам келади.
Украинадаги ўзбекистонликларга мурожаат
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси:
— Элчихона яна бир бор ватандошларимизни зиддият изига тушгунига қадар Украинага саёҳат қилишдан чекланишга чақиради.
Бундан ташқари, фронтдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда бутун Украина бўйлаб ракета ва артиллерия зарбаларининг давом этиши эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, ватандошларимиздан шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу мамлакатни тарк этишларини сўраймиз.
АҚШ Киевга ҲҲМ тизимларини беради
АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ваъда қилди:
— АҚШ бугун Россия томонидан Украинага, жумладан Киевга қарши берилган ракета зарбаларини кескин қоралайди. Бу ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди ва яраланди, ҳеч қанақасига ҳарбий мақсадлари бўлмаган объектлар вайрон қилинди.
Бу ҳужумлар Украина халқини қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлаш қароримизни янада мустаҳкамлайди.
Россиянинг ғалабаси – НАТОнинг мағлубияти
Йенс Столтенберг, НАТО бош котиби:
— Украинадаги низода Россиянинг ғалаба қозониши НАТОнинг мағлубиятини англатади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.
Зеленский ва Путин 1 ойдан кейин учрашади
Ретно Марсуди, Индонезия ташқи ишлар вазири:
— Володимир Зеленский ва Владимир Путин Бали оролида ўтадиган G20 саммитида иштирок этади.