Ўзбекистон | 17:07 / 11.10.2022
11663
2 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқда 24 ёшли аёлнинг ўлимида лоқайдликка йўл қўйган ИИБ ходимлари жазоланди

25 август куни Қуйи Чирчиқда 24 ёшли аёлнинг эри томонидан пичоқлаб ўлдирилишида лоқайдликка йўл қўйган участка нозири ишдан олиниб, туман ИИБ раҳбариятига ҳайфсан берилди. Бу ҳақида Kun.uz’га вилоят ИИББ матбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида эр 24 август куни рашк сабаб хотинини хусусий боғчадаги болалар кўз ўнгида бўғиб, ургани акс этган видеолавҳа интернетда тарқалганди. 25 август куни у отасиникида яшаётган аёлини ўлдиргани маълум бўлди.

Марҳуманинг отаси Kun.uz'га берган интервьюсида 24 август куни қизи калтаклангач ИИБга мурожаат қилгани, лекин профилактика инспектори даладаги ишларини баҳона қилиб, ҳуқуқбузарга чора кўрмаганини айтган ва қизининг ўлимида у ҳам айбдор деб ҳисоблашини таъкидлаганди.

Шундан кейин 28 август куни вилоят ИИББ воқеага дахлдор барча ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини ваъда қилганди. Бу орада гумонланувчи яшаган Маданият маҳалласи раиси ишдан кетди. Kun.uz мухбири вилоят ИИББ матбуот хизмати билан боғланиб, вазият ҳақида маълумот сўради.

“Қуйи Чирчиқ тумани Маданият маҳалласида юз берган мазкур ҳолат юзасидан маҳалланинг профилактика инспектори ўз лавозимидан озод этилди. Туман ИИБ раҳбариятига эса интизомий жазо, яъни ҳайфсан берилди”,- дея маълум қилди вилоят ИИББ махбуот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов.

Мавзуга оид