Жаҳон | 07:33 / 11.10.2022
10359
2 дақиқада ўқилади

Россия ракета зарбалари оқибатлари туфайли украиналиклардан электр энергиясини тежаш сўралди

Украина энергетика объектлари Россия томонидан ракета ҳужумларига учрагани туфайли 11 октябрдан бошлаб электр энергияси экспортини тўхтатмоқда. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Фото: Picture Alliance

«Иссиқлик ишлаб чиқариш ва электр подстанцияларига зарба берган бугунги ракета ҳужумлари Украинани ўз энергия тизимини барқарорлаштириш учун 2022 йил 11 октябрдан бошлаб электр энергияси экспортини тўхтатишга мажбур қилмоқда», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Россиянинг ракета зарбалари натижасида деярли бутун Украина бўйлаб электр таъминоти узилиб қолган, 8 та ҳудудда сув таъминотида муаммолар мавжуд. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Денис Шмихал ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

«Ўнлаб ракеталар 11 област ва Киев шаҳридаги энергетика инфратузилмаси объектларига тегди. Деярли бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти узилиб қолган. 8 та ҳудудда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжуд», — деб ёзади у. 

Шмихалнинг айтишича, ҳукумат барча масъул идоралар билан биргаликда шикастланган объектларни тиклаш бўйича оператив режани амалга оширишга киришган.

Россия 10 октябр, душанба куни эрталаб Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларига кучли ракета зарбалари берди. Киев мэри Виталий Кличкога кўра, пойтахт марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган. Ракеталардан бири Михаил Грушевский ёдгорлиги ёнига қулаган, натижада унинг ёнидан ўтаётган автомобиллар ёниб кетган.

Охирги марта Киев июнь ойи охирида ракета зарбаларига учраган эди. Ўшанда рус ҳарбийлари шаҳарга 14 та ракета отди. Улардан бири Шевченко туманидаги кўп қаватли уйга бориб урилган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, олти киши жароҳат олганди. 

Мавзуга оид