Жаҳон | 16:34 / 12.10.2022
9225
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш - НАТОнинг устувор вазифаси

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш НАТО давлатларининг ҳарбий ёрдами учун устувор вазифага айланади, деб маълум қилди ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда альянс мамлакатлари мудофаа вазирлари йиғилишида. 

Фото: Reuters

«Украинани қўллаб-қувватлашни қандай қилиб янада кенгайтиришни кўриб чиқамиз ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш асосий устувор вазифа бўлади», - деди у

Столтенберг Германия томонидан Украинага IRIS-T зенит комплекси етказиб берилишини олқишлади ва ҳамкорларни Россиянинг Украина шаҳарларига ракета ҳужумлари туфайли Киевни кўпроқ турли воситалар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди. 

Унинг сўзларига кўра, гап қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталардан, баллистик ракеталардан, қанотли ракеталардан ва учувчисиз учар қурилмалардан ҳимоя ҳақида бормоқда. 

Қайд этилишича, Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини зудлик билан етказиб бериш «шаҳарлар ва мамлакатнинг кўп қисмини тинч аҳоли ўлими ҳамда муҳим инфратузилманинг вайрон бўлишига олиб келаётган даҳшатли ва пала-партиш Россия зарбаларидан ҳимоя қилишда» ёрдам бериш учун зарур. 

НАТО бош котиби Россиянинг ракета ҳужумларини Путиннинг муқобил вариантлари тугаб бораётганининг белгиси деб атади.

Бундан олдин Литва Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига киришини қўллаб-қувватлаши маълум қилинганди.

Бу ҳақда Литва мудофаа вазири ўринбосари Маргирис Абукевичюс 12 октябр, чоршанба куни Брюсселда очилган иттифоққа аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилишидан олдин Die Welt газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Абукевичюснинг фикрича, Украина иштирокида НАТО Россия агрессиясига қарши тура олади. «Сўнгги етти ой ичида Украина ўзини Россиядан самарали ҳимоя қила олишини ва Москванинг экспансионизми ва ревизионизмини жиловлай олишини кўрсатди, - деди сиёсатчи. - Литва Украинанинг иттифоққа аъзо бўлишини ҳар доим олқишлаб келган. Украина евроатлантика ҳамжамиятига тегишли», деди у.

Мавзуга оид